Ал-Бобда яшовчи одамлар бу жойни «қуёшни кўрмайдиган шаҳар» деб таърифлайди. Чунки ертўлада яшовчи қочқинлар ўзларини хавфсиз ҳис қилишни ва улар учун чин маънода «қуёш чиқадиган кун» — Озодлик ва Ҳурликни кутиб яшайди.
Сурия дунёдаги энг катта миграция инқирози минтақаси ҳисобланади. Сўнгги таҳлилларга кўра, 6,3 миллион суриялик қочқинга айланди, яна 6,8 миллион нафари уйларини ташлаб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Алеппо шимоли-шарқидаги Ал-Боб ҳудудида уйсизлар ер ости шаҳрини барпо этди. Бу ҳудуддаги биноларнинг ертўлалари хоналарни ташкил этувчи қисмларга бўлинган, уларнинг ҳар бирида битта оила жойлашган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, «ер ости шаҳри»да ўзларини хавфсизроқ ҳис қилмоқда ва бу ерда яшаш қочқинлар лагерларида чодирларда яшашдан анча қулайроқ. Хоналарда электр токи бор, лекин ошхона ва ҳаммом каби бошқа жойлар бир неча оилалар учун битта. Шундай қилиб, 160 га яқин одам ертўлада яшайди.
Умму Ҳамид тахминан 4 йил муқаддам шиддатли жанглар давом этаётган Дайр-аз-Зордаги Абу Камол шаҳрини тарк этишга мажбур бўлган. У турмуш ўртоғи вафотидан сўнг 4 нафар фарзанди билан ёлғиз қолади. Болаларидан бири ногирон. Аёл фарзандларини боқиш учун қишлоқларда тиланчилик қила бошлайди. Ал-Бобга жойлашгунча бу оила чодирда яшаган. Аёлнинг айтишича, фарзандлари учун бир бўлак нон ҳам ололмай қолган кунлари бўлган. Ўғилларининг каттаси Ҳасан озиқ-овқат дўконида ишлайди. Ҳозирда оила Ҳасаннинг топган маблағи эвазига кун кечиради.
Сурияда онанинг болаларини ухлашга оч ётқизишга мажбур бўлиши одатий ҳолга айланган. Фуқаролар уруши бошланганда мамлакатга одамлар дарахтларнинг пўстлоғи ва баргларини ҳам ейишган. Иш шу даражага етдики, очликдан ўлиш арафасида турган одамларга мушук гўштини истеъмол қилишга рухсат берилди.
Ал-Боб аҳолисининг яна бир вакили Холид Абдулла. Бу сурияликнинг ҳикояси бошқалардан фарқ қилмайди. Унинг уйи ҳаво ҳужумида вайрон бўлган, эркак оиласи билан қочиб кетган. Энди у ерости шаҳрининг ўзига хос бошлиғи — ижтимоий фаолият билан шуғулланади.
«Биз 2017 йилнинг сентябрида ерости шаҳрига келганмиз. Ўшанда бу ер бутунлай бўш эди. Биз бу хоналарни одамларни жойлаштириш учун қурдик. Бу ерда минглаб қочқинлар яшаган, айниқса, катта миграция тўлқинлари пайтида, кейин кўплари кетишган. Ҳозир 50 та оила қолди», — дейди Холид Абдулла.
Ерости шаҳрида кўплаб болалар бор. Улар куннинг асосий қисмини тенгдошлари билан турли ўйинлар ўйнаб ўтказади. Аммо маҳаллий аҳоли уларни ўқишини тартибга солишга ҳаракат қилмоқда. Болаларнинг савод чиқаришида урушнинг яна бир қурбони — Марям жонбозлик кўрсатмоқда. У тахминан 3 йилдан бери яшаб келаётган ертўладаги хонасида мактаб ташкил қилган. Унинг шогирдлари турли ўқув юртларига боришарди. Лекин уйларидан айрилиб, ўқишга улгурмайди. Шунинг учун баъзан ўқиш ва ёзишда қийналади. Марям улар ҳақида шундай дейди:
«Болаларнинг саводсизлигида уларнинг ўзи айбдор эмас. Мен уларнинг кўзларига қарасам, катта орзу ва салоҳиятни кўраман. Бу болалар бизнинг келажагимиз ва улар ҳар қандай шароитда ҳам таълим олишлари керак».
Марям болаларга Қуръон ҳам ўргатади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, қочқинлар лагерларида яшовчилардан ташқари Сурия шимолидаги 1 миллионга яқин қочқинлар бўш бинолар ва «участка»ларни эгаллаб ўз ҳаётларини тиклашга ҳаракат қилмоқда.