Одамзот истайдиган энг катта неъматлардан бири тинчликдир. Ҳеч ким оиласида жанжал, юртида уруш бўлишини истамайди. Тинч-тотув яшаганга нима етсин? Ер юзининг қаеридадир нотинчлик бўлса, кўнглимизнинг бир четига хавотир тушади. Дунёда тинчлик бўлсин, деб дуолар қиламиз.
Баъзи хабарларни ўқиб ҳайрон қоламан. Ўз ихтиёри билан уруш бўлаётган жойларга кетаётган, қочиб ўтаётган одамлар нимани исташар экан? Улар уруш излаб кетяптими? Моддий манфаатдорлик учунми? Баъзилар айтаётгандек шаҳидликками? Аслида мақсадсизлик шу мақсадлардан бирига етаклаётгани рост.
Мамлакатда узоқ йиллар давомида иш ўринлари очилмай кўпчилик йигитлар бошқа давлатларга ишчи кучи сифатида кетганлиги рост. Мусофир одамнинг аввало қалби мусофир бўлади. Унга малҳам керак, ёруғ сўз керак. Илдизи ғарбда бўлган айрим гуруҳлар мана шу керакли нуқтани топади. Кучли психологик маърузалар, хабарлар кела бошлайди. Диний саводсизлик ўша маърузалар ва даъватларни диний илм деб тушунади. Осон эргашилади. Аввало ҳужжатидан, кейин ихтиёридан айрилиб уруш бўлаётган жойларга тушиб қолганини билмайди.
«Меҳр» операцияси доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган одамлар бир неча бор мамлакатимизга қайтарилди. Аксариятида аёллар, болалар оила бошлиқларига эргашиб, айланма йўллар билан ўтиб қолишган. Афсуски, кўп ҳолларда эрлар урушда ўлган. Болаларнинг болалиги йўқ. Аёллар аламзада. Аксарият ҳолларда Европадаги мигрантларнинг оилалари алдов қурбонлари бўлган. Суриядан келган аёлнинг ҳикоясида эри урушда ўлгач, икки ой ўтмай бошқа аскарга никоҳлаб беришгани ҳақида айтганди. Агар улар динимиздан хабардор бўлса, иддаси чиқмаган аёлни бошқа бировга ўзининг ихтиёрисиз никоҳлаб берармиди? Ҳамма гап уруш ўчоғига одамлар олиб ўтилишида. Қолгани кимларнингдир ихтиёри билан.
Яна бир мисол. Эри бир муддат Европада ишлаб, ёнига аёлини чақирган. Аёл борса, эрининг яна бир оиласи бор. Ҳужжатсиз аёл... уни олиб чет давлатга ўтамиз деб чегара ошади...
Яқинда Ички ишлар вазирлигининг сайтида қуйидаги мақола эълон қилинди.
“Террорчилик хавфи сақланиб қолаётган ва ҳарбий тўқнашувлар юз бераётган Афғонистон, Сурия ва Ироқ ҳудудларидаги жанговар ҳаракатларда фуқароларимиз ҳам иштирок этиб келаётгани сабабли, республикамиз ҳуқуқ тартибот идоралари ва махсус хизматлари томонидан Ўзбекистонга нисбатан эҳтимолий террорчилик хуружларини аниқлаш ва олдини олишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда.
Жумладан, 2022 йилда «Ислом давлати» (ИД) ва «Тавҳид ва жиҳод катибаси» (ТЖК) халқаро террорчилик ташкилотлари (ушбу ташкилотлар фаолияти Ўзбекистон, Россия Федерацияси, АҚШ ва кўплаб Европа давлатлари ҳудудида тақиқланган) жангариларига алоқадор 4 та яширин гуруҳ, якка тартибда радикаллашиб, экстремистик ташкилот ва оқимлар ғояларини тарғиб қилиб келган 10 “виртуал” гуруҳ ҳамда 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланиб, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Мазкур шахслар яшаб турган манзилларида экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг ғояларини тарғиб қилиш, янги рекрутларни (номзодлар) ёллаб жангарилар лагерларига юбориш, терроризмни молиялаштириш ҳамда қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга ундаш билан шуғулланиб келган”.
Бугун кимнинг нима билан шуғулланаётганини билиш қийин. Қўлимиздаги мўъжаз аппарат истаган манзил ҳақида “гапириб” туради. Энг ғалати томони бир марта ахтарган ёки қизиқиб кўрган маълумотимиз бот-бот олдимиздан чиқаверади. Билмасдан эргашиш ортида маънавий бўшлиқ туради. Кўр-кўрона олдидан чиққан хабарга эргашиб кетавериш нодонликдир. Ҳазрат Алишер Навоий:
Оғзига келганни демак — нодоннинг иши,
Олдига келганни емак — ҳайвоннинг иши,
– деб ёзган эди. Бу интернатдаги маълумотларга ҳам тегишли. Ҳар қандай маълумотни ҳазм қилавериш, Ватан дегани кимлардир белгилаб берган чегаралардан иборат жой деган тушунчаларга эргашиш Навоий айтган нодонликдан нишондир.
“Тошкент вилоятида яшовчи, 2001 й.т. «А.Ш.» қўлга олиниб, у Сурия ҳудудидаги фаолият олиб бораётган «ТЖК» халқаро террорчилик ташкилоти ғоявий раҳнамоси А.Хамрабуваевнинг (тахаллуси «Аҳлуддин Навкотий», Қирғизистон фуқароси) кўрсатмаси асосида, Тошкент шаҳрида яшовчи 9 нафар шахсдан иборат яширин жамоат ташкил этган бўлиб, уларнинг айримлари Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган”.
Ҳой биродар, сизга нима кам, Ўзбекистондаги қайси шароит ёқмай Сурияни маъқул кўрдингиз? Сизни уруш оловига итариш учун маблағини, жидду жаҳдини аямаётган кучлар эртага фарзандингизни, яқинларингизни йўлдан уради.
Бир мультфильмда маймуннинг миясини чаён заҳарлаб қўйиб, дўсти Пандани ўлдиришга даъват этади. Маймуннинг битта мақсади қолади: Пони ўлдириш керак. Мана шундай йўлга кириб қолган одамларни ўша кўзи қонга тўлган маймунга ўхшатаман. Мия фалаж. Мақсад уруш. Қадриятлар, туйғулар ўлдирилган. Айтиш мумкин бўлса, қалб суғуриб олинган. Тўғри, ибодат бор, тўғри, эргашиш бор. Лекин бузилган ғоялар орқали мияга жойланган фикр бошқа, Аллоҳга ибодат бошқа.
Имом Бухорий, ибн Ҳиббон ва имом Термизий роҳимаҳумуллоҳлар Анас розиаллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилишган: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафардан қайтганларида Мадина шаҳри деворларини кўришлари билан Мадинага тезроқ кириш учун туяларини тезлатардилар ва уни яхши кўрардилар”.
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанларини шунчалар қаттиқ севганларки, унга кириш учун сафардан қайтишда шошилганлар.
Ватан оддий тупроқ эмас, у олисда бўлсанг соғинадиган, ичида бўлсанг, яйраб яшайдиган маскандир. Уни бор муаммолари, ютуқ-камчиликлари билан яхши кўрилади. “Суриш керак!”, деган ўй ўзини ислоҳ қилиб, мана шу заминдаги бирор муаммони ислоҳ бўлишига ҳисса қўшишга алмашилса қани эди? “Суриш керак!” деган хитобни шунинг учун ёқтирмайман. Тўғри, бугун дунё дарвозалари очиқ. Илм олиш учун истаган одам Чин-мочинга, истаган одам уммон ортига бориши мумкин. Илм олиш, оила тебратиш учун Ватандан чиқишнинг айби йўқ. Лекин бошқаларнинг ҳам кўнглига ғулғула солиб “суриш”ни даъват қилиш, кўнгли қораликдир. Сурганингиз Сурия бўлдими?
“Таъкидлаш жоизки, юқорида келтирилган экстремистик, террорчилик ва уюшган жиноий гуруҳларнинг фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор-тергов тадбирларининг барчаси амалдаги қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, прокуратура идораларининг назорати остида ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий демократик давлат бўлиб, қонунчилик асосини конституция ташкил этувчи тизимга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиб, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади ва халқ ҳокимиятнинг ягона таянчи ҳисобланади. Ҳуқуқий давлатнинг асосий принципларидан бири ҳисобланувчи қонун устуворлигини таъминлашда давлат ва фуқаролар тенг равишда жавобгар ҳисобланади. Барча ривожланган ҳуқуқий давлатлар сингари, қонунларни бузганлик учун сиёсий, диний, ғоявий қарашлари, миллати ва ирқидан қатъи назар, ҳар қандай шахс амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади”.
Бу бир идоранинг очиқлаган хабари. Эътибор берилса, гуруҳлар номи ҳар хил. Географияси ҳар бир вилоятда бор. Дин нима? Илм нима? Кимлардандир тингланган даъватлар эмас. Аслида диний илм ўрганиш бир инсон умри етмайдиган масала. Икки-учта маъруза эмас. Илм солиҳ устоздан ўрганилади. Яширин фаолиятдаги, қайсидир гуруҳ аъзосидан эмас. Бу масалада ҳам баҳона топилади. Диний билим олиш учун олий ўқув юртига кира олмасачи? Битиргандан кейин иш топа олмасачи? Йўқ, ибодат учун диний илм олиш оиладан бошланади. Оила катталари фарз қилинган ибодатлар, рухсат этилган адабиётлар ва сайтлар билан фарзандларни таништириб борса, олам гулистон.
Биз фарзанд тарбия қилар эканмиз, ҳалол ризқ топишни, ибодат ва амални оилада чиройли ўргата борсак, улғайганида кимнингдир чалғитувчи даъватларига эргашмайди. Биргина шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоблари билан қанча илм ўрганиш мумкин. Бугун глобал муаммолар қаторида мана шу масалалар ҳам кун тартибида.
Фарзандларимиз нима ўрганаётгани, кимдан ўрганаётганидан огоҳ бўлайлик.
Манзура Шамс