Сурия ва Яқин Шарқнинг бошқа давлатларидан Швецияга амаллаб борган ва ўша мамлакатда жойлашишга муваффақ бўлган қочқинлар муаммога йўлиқишяпти. Швеция ижтимоий хизматчилари мигрантларнинг фарзандларига керакли ғамхўрлик ва яхши яшашлари учун шарт-шароит қилиб бера олмайди, деган баҳона билан мажбуран олиб кетишмоқда. Сўнгги пайтларда мусулмон ижтимоий медиа платформаларида мигрантлар Швеция ижтимоий хизматлар бошқармасини фарзандларини улардан мажбуран тортиб олганликда айблаган кўплаб сюжетлар пайдо бўлди.
Қочқин болаларни ота-оналарига қайтариш талаби билан катта кампания бошланди. Жамоатчиликнинг норозилигига суриялик фаол Жорж Тума томонидан YouTube’га жойланган видео сабаб бўлди. Икки ота-она Диаб Талал ва Амал Шехонинг айтишича, Швеция ҳукумати уларнинг беш фарзандини, жумладан, янги туғилган чақалоқларини ҳам мажбуран олиб кетган.
Диаб Талал барча ғамхўр инсонлардан болаларни қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилади: “Ҳаммангиз ўйлаб кўринг – мусулмонлар, европаликлар, оталар ва оналар, оила учун бола нимани англатишини ўйлаб кўринг. Қаердасан, Кусай, Вафо, Дуҳа, Раҳоф? Болаларим қаердасиз? Улар сизларни олиб кетишди, мен эса ҳали ҳам овозингни эшитяпман. Менга бу ерлар хавфсизлигини айтишди, бироқ 8 ойдан кейин болаларимни олиб кетишди”.
Швеция қонунчилигига кўра, ижтимоий хизматлар болаларни ўзлари тарбиялай олмаслиги исботласа, ота-онасидан тортиб олиб кетиш ҳуқуқига эга. Болалар ижтимоий таъминот муассасасига жойлаштирилади ва улар ота-оналарига топширилгунга қадар у ерда яшайдилар.
Фаластинлик фаол Адҳам Абу Салама твиттер саҳифасида шундай деб ёзди: “Болаларнинг ота-онасидан ажралгани учун йиғлаётгани саҳналари содир бўлаётган воқеа давлат миқёсида одам ўғирлаш эканлигини тасдиқлайди. Бунда шунчаки ҳамдардлик сўзлари эмас, балки фарзандларимизни қутқариш учун барча даражадаги жиддий ҳаракатлар зарур”. Болаларни ота-оналарига қайтариш бўйича якуний қарор Швеция суди томонидан қабул қилинади.