Арманлар усмонлилар султонлигида яшаётган тинч-тотув аҳоли эди. Бойи ҳам бор, камбағали ҳам бор, қашшоғи ҳам бор халқ эди. Бу жараён нега ўзгарди?
Маълумки, Фотиҳ Султон Меҳмед Константинополни 1453 йили фатҳ қилгандан кейин, Истанбул номи билан ислом шаҳрига айлантирилади ва арман черковларига, Рум черковларига, яҳудий синагогаларига тегинмаслик ҳақида қарор қабул қилинади. Бундан илгари, Византия империяси даврида мусулмонлар қирғин қилинар эди. Мусулмонлар ҳеч қандай давлат ишига, ёки бошқарув ишларига яқинлаштирилмас эди. Мусулмонларнинг фақат савдо билан шуғулланишга ҳақи бор эди. Усмонлилар султонлиги даврида бошқа миллатларга, бошқа дин вакилларига жуда катта бағрикенглик кўрсатилган.
Ҳозирги Озарбайжон ҳудудларида милоддан аввалги йилларда ва милодий йилларда биринчи христиан динини қабул қилган албан деган этнос яшаган. Бу ҳозирги замондаги биз биладиган Албания давлати эмас.
Истанбулда Биринчи Жаҳон урушидан олдин террор ҳаракатлари бошланиб кетади. Ёдингизда бўлса, машрутият давридаги, яъни султон Абдулҳамид II даврида 1-машрутият, 2-машрутият деган даврлар бўлган. Аввалига ёш турклар Туркия жадидлари билан бирлашиб, демократияга чиқиш, озод, эркин яшаш истакларини билдира бошлайди. Кейин бу умуман тескари тус ола бошлайди. Антанта давлатлари Усмонлилар империясига босқин уюштирганида бирданига султонликда яшовчи христианлар Антанта томонга ўтиб оладилар, яъни ичкаридан фитна қилишади. Террор бошланиб, кечагина тинч яшаб турган қўшнисининг боласини ўлдирса, қизини зўрлай бошласа, қарисини азоблаб ўлдира бошлади. Мусодағли деган жой бор, гўёки у ерда 40 кун давомида арманлар туркларга қарши жанг қилган, деб ёлғон хабар тарқатилади. Арам Андонян деган шахс 1913-1914 йилларда гўёки усмонлилар халифалиги мақомида ишлаган бир арман Европага қочиб кетиб, гўёки Талъат-паша деган Усмонли султон вакилининг арманларга қарши қилган “хунрезликлари” деган ёлғон маълумотлар тарқата бошлаган. Кейин европаликлар назарида усмонлилар христианларни азоблаяпти ва ўлдиряпти, болаларини зўрлаяпти деган тасаввур уйғонган. Бунга илова қилиниб ўлдирилган болалар, зўрланган қизларнинг расмлари чиқа бошлаган. Бу расмлар аслида, арманларнинг ўзлари амалга оширган ваҳшийликлар эди. Шу тариқа дунёдаги энг буюк ёлғонлардан, сохтакорликлардан бири пайдо бўлди. Арманлар 1,5 млн.- 2 млн. арман миллатига мансуб одам ўлдирилган деб иддао қилишади. Ваҳоланки, усмонлилар империясида ҳаммаси бўлиб 800 минг арман яшаган. Кейин бир неча минг арман Ўрта ер денгизи орқали кемаларда Европага олиб ўтилади. Бу асоси бўлмаган ва шу вақтгача бирорта археологик ёки биронта бир библиографик тадқиқотлар натижасида исбот қилинмаган.
АҚШ президентининг ёрдамчиси, кейин Давлат котиби ҳам бу ҳақида чиқиш қилиб, бунинг ёлғонлигини айтган.
Ўзим гувоҳ бўлганим: Бокудан Шушага боришда “Зафар йўли” деб аталган янги йўл қуриляпти. Атрофда қишлоқлар биронта соғ уй йўқ. Ўттиз йиллик арманлар истилоси даврида бузилган, таланган вайроналар бор, холос. Биронта бир янги бино қурилмаган.
1992 йилнинг февраль-март ойларида озарбайжонларга қарши амалга оширилган геноцидда юзлаб болалар, аёллар ва кексалар кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азоблар билан қатл этилган. Мана шу дашноқлар партиясининг идеологияси: ўлим, қўрқитиш, даҳшат. Мен 30-40 йилдан бери мана шу иш билан шуғулланаман. 1993-94 йилларда Туркиядаги кутубхонадаги очиқда бўлган расмлар ва ҳужжатларни ўқиб битта нарсага қаноат ҳосил қилдимки, биз ўзимиз бир-биримизни “сен турксан, сен озарбайжонсан, сен қозоқсан, сен ўзбек, қирғиз” деб айирамиз. Лекин дашноқлар бизни айирмайди. Ўзбекистонда, СССР пайтида чиққан Қаҳрамон Ражабовнинг китобида бир дашноқдан, нимага сизлар бундай жиноят қилдингиз, ёш болаларни қирдингиз? деб сўралган. Бу 1918 йил бўлаётган воқеа. У эса бу кунни 20 ой қимматбаҳо олмосдек кутдик, деяпти. Энди ўйлаб қаранг, 1918 йилдан 20 ойни олиб ташласангиз 1916 йил июнь ойларига тўғри келади. 1916 йилнинг июнь ойларида биз ўзимиз Жиззах қўзғолони билан оввора бўлиб, мардикорлар қирғини бўлаётганди. Қишлоқма-қишлоқ юриб, Россия империясининг аскарлари мардикор юбормадинг, деб қишлоқларни қириб юрганди. Арманлар билан ишимиз йўқ эди. Лекин улар Туркияда бўлган 1915-16 йилларда усмонлилар халифалиги даврида бўлган ўзларининг тушунмовчилигининг қасдини орадан 20 ой ўтгандан кейин Туркистонга келиб олмоқда. Ҳаттоки Лалаян деган тарихчиси Озарбайжонда ва Туркистонда қилинган қирғинларнинг ҳаммасини келтирган. Лекин бизнинг тарихчиларимизнинг гапиришга қўрқиши, ўзини эҳтиёт қилиб ушлаши тушунарсиз вазият. Мактаб дастурида Туркистон автономияси йиқилишида дашноқларнинг қўли бор, деган маълумот берилмаган. Уч ойлик қирғин пайтида Фарғона водийсидаги 180 та қишлоқ йўқ қилинган. Фарғона водийсида қирғин қилинмаган шаҳар, қишлоқ қолмаган. Бузилмаган масжид қолмаган. маҳаллий халқда одам ўлдирилмаган оила қолмаган. Муҳими шу нарса тарихда бор. Энди-энди домлаларимиз бир-икки жойда ёзишни бошлади. Лекин журналистика буни кўчага, одамларнинг диққатига олиб чиқмагунича у китобда қолиб кетаверади. Чунки киностудиямизда аҳволни, ҳужжатли фильмларимизнинг аҳволини кўриб турибсиз. Киностудия, театримиз ҳаммаси қайнона-келин можаросидан нарига чиқолмаябди. Маиший масаладан нарига ўтмаяпти.
Ўтмишимиздаги “қора доғ”ларни оммага билдириш вақти келди. Чунки ўзбек халқининг ўз ўтмишини билиш ва ундан хулоса чиқаришга ҳақ-ҳуқуқи бор.
Шуҳрат Барлос