Германия канцлери Олаф Шольц Европарламентда сўзлаган нутқида, Путиннинг Москвадаги ғалаба парадида Ғарб Россияга қарши «бошлаган» уруш ҳақидаги гапларини «қилич ўйнатиш» эканини яна бир бор таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага бўлган тажовузи нафақат қўшни давлатга ҳужум, балки Европа Иттифоқи асос қилиб олган «қадрият ва тамойиллар»га ҳам ҳужумдир.
«Биргаликда Украинани қанча вақт керак бўлса, қўллаб-қувватлаймиз», деган Шольц, Европа Иттифоқининг фаол ташқи сиёсат ва кенгайишига муҳтожлигини қўшимча қилди.
«Биз Ғарбий Болқон давлатлари, Украина, Молдова ва келажакда Грузия фуқароларига: сиз бизга тегишлисиз. Биз сизни ЕИнинг бир қисми бўлишингизни истаймиз», — деган канцлер.
Шунингдек, у Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар режимини кучайтириш устида иш олиб бораётганини қўшимча қилди ва ҳозирда тайёрланаётган 11-санкциялар тўплами охиргиси бўлмаслигини маълум қилди.
Ғарб маълумотларига кўра, Кремлга ҳарбий ёрдам кўрсатадиган Хитой компаниялари санкцияларга биринчи марта киритилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россия нефть саноатига қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатиладиган танкерларнинг ўз портларига киришини тақиқлашни режалаштирмоқда.