Туркий давлатлар ташкилоти туризм вазирларининг 7-йиғилишида тегишли қарор қабул қилинди. Унга кўра, Озарбайжоннинг Шемаха шаҳри 2023 йил учун “Турк дунёсининг сайёҳлик пойтахти” сифатида танланди.
Тадбирда ташкилот бош котиби Багдод Амреев, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Туркия Маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпаслан, Қозоғистон Маданият ва спорт вазири ўринбосари Ержан Еркинбоев, Туркманистоннинг Озарбайжондаги элчиси Мекан Ишангулиев, шунингдек, Венгриянинг Бокудаги элчиси Виктор Седеркений иштирок этди.
Тадбирга Туркманистон Маданият вазири ўринбосари Нурсахет Ширимов онлайн шаклда қатнашди.
Маълумот сифатида: Шемаха — Озарбайжондаги шаҳар, Шемаха вилоятининг маъмурий маркази.
Кавказнинг жануби-шарқий этакларида, денгиз сатҳидан 800 метр баландликда, Боку-Тбилиси автомобил йўлида, Бокудан 122 км ғарбда ва Курдамир темир йўл станциясидан 72 км шимоли-шарқда жойлашган.
Унинг шимоли-ғарбий қисмида олиб борилган археологик қазишмаларда милоддан аввалги 5—4-асрларга оид аҳоли пункти аниқланган. Х аср бошларида шаҳар Ширвон давлатининг пойтахти эди.
1222 йили узоқ қамалдан сўнг Шемаха мўғуллар томонидан босиб олинди ва вайрон қилинди.
1742 йили, Нодиршоҳ вафотидан кейин Шемаха Ширвон хонлигининг пойтахти бўлди. 1805 йили Ширвон хони Мустафохон Россия фуқаролигини қабул қилди. 1820 йилда рус маъмурияти Ширвонда хон маъмуриятини алмаштирди. 1840 йилдан 1846 йилгача Каспий вилоятининг, 1859 йилгача – Шемаха вилояти маъмурий маркази эди. 1859 йил 2 декабрда содир бўлган даҳшатли зилзиладан кейин вилоят маркази Боку шаҳрига кўчирилди, шундан сўнг бу шаҳар Боку вилояти таркибидаги Шемахи туманининг маъмурий марказига айланди.