Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Шайх Алижон қори: «Қуръон курслари ҳар бир вилоятда очилади»

3073

Айни кунларда юртимизнинг кўплаб ҳудудларида Қуръон курслари очилмоқда. Биз мана шу курслар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори билан суҳбат уюштирдик.

– Юртимизда кўплаб ислоҳотлар қатори Қуръон ва тажвид курсларининг очилиши республикамиз тарихида биринча марта кузатилмоқда, – дейди Шайх Алижон қори. – Пайғамбаримиз  айтганларидек, «Қуръон ўқилувчи уйнинг баракаси ортади ва у уй аҳли учун кенгаяди, малоикалар келиб шайтонлар қочади». Бу бир уйда, агар бутун бир жамиятда, давлатда Қуръон ўқилса, қандай барокат бўлишини тасаввур қилаверинг. Ҳозирда Навоий ва Сирдарё вилоятларида ушбу курсларни очиш арафасидамиз, улар очилса, барча вилоятларимизни қамраб олган ҳисобланамиз. Келажакда ҳар бир вилоятда камида биттадан курс очиш ниятидамиз. Ҳозирда Жиззах вилоятида бир эмас  иккита курсимиз, шаҳар марказида ва Зомин туманида фаолияти йўлга қўйилган.

–  Қуръон ва тажвид курслари очилиш жараёни қандай бўлади?

– Бу курслар Ислом цивилизация маркази қошида ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида очилади. Идора қошида очилган курслар  уч ойлик бўлиб, Олий Маъҳад ёки мадрасаларга бириктирилган ҳолда ўз фаолиятини юритади. Булар кўпроқ вилоятлар марказларида, вакиллик қошида ёки мадрасалар қошида ўз ўрнини топади. Улар қайси марказга илова қилинган бўлса, ҳисоботи ва назорати ўша ерга боғлиқ. Уларнинг устидан бизнинг ташкилот назорат қилади. Цивилизация маркази қошида очилган курсларимиз Алломалар ёдгорлиги лойиҳаси остида очилган. Ҳозирда Тошкент шаҳрининг ўзида иккита ҳудудда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу ерда нафақат уч ойлик курслар, балки тўққиз ойлик таҳфиз курси ҳам мавжуд. Бу курсда тингловчиларимиз Қуръони Каримни тўлиқ ёд олиб чиқишлари мумкин бўлади. Ислом цивилизация маркази раҳбари, устозимиз Фирдавс ака Ҳалимов очилажак курслар жойлари режасини, устозлар рўйхатини қилиб, бизни ҳам бохабар қилади ва биз уни ўрганиб рухсатларимизни берамиз. Яна таъкидлаймизки, курсларимиз икки ташкилот қошида: Диний идора қошидаги уч ойлик ва Ислом цивилизация маркази қошидаги  уч, тўрт, тўққиз ойлик курсларимиз фаолият юритади. 

Ҳозирги кунда юртимизда фаолият олиб бораётган курсларимиз сони 22 тага етди. Тошкент вилояти ҳудудида ҳам ушбу курсларимизни очишга топшириқ берилган. Курсларимизга ёзиладиган тингловчилар 18 ёшдан юқори бўлиши лозим. Менинг фарзандим эртароқ ўрганиши керак дейдиган ота-оналарга араб тили курсларига фарзандларини олиб боришларини тавсия этамиз. Чунки араб тилини ўрганган талабалар ўрганиши тезроқ ва тил фаҳми билан Қуръонни ёд олиши осонроқ бўлади. Бу курсларимизнинг тўлови масаласига келадиган бўлсак, уч ойлик курсларимиз учун умумий 950 минг сўмни ташкил қилади. Агарда бу тўловни қилишга имкони бўлмаганлар бўлса, бу борада ҳам чора-тадбирлар кўрилган, яъни Вақф фонди ва Қуръон фонди орқали уларга кўмак кўрсатиш мумкин. Халқимиз орасидаги илмга эътибори, иштиёқи кучли ёшларимизни ноумид қилмасдан имконият берсак, бу ҳам бир ажойиб иш бўлади ва юртимиз учун манфаатли бўлади, албатта.

–  Қуръон курсларида дарс берадиган ўқитувчилар қандай танлаб олинади?

– Бу даргоҳдаги устозлардан биринчи навбатда дипломи бўлиши талаб қилинади ва бунинг ўзи кифоя эмас. Ҳар бир ўқитувчи номзодлар ичидан саралаб олинади. Бу ҳам бир омонотдорлик ҳисобланади. Агар ўқитувчи таълим беришни кўнгилдагидек олиб бора олмаса, у билан келишувимиз бекор қилинади. Аввало бизга бериладиган номзодлар ҳаммаси жуда иқтидорли, илмли бўлишади. Вақт ўтиши билан кўп режаларимиз бор, яъни ўқитувчиларни ўзимизнинг дарсликлар доирасида қайта ўқитиш ва малакасини ошириш масалаларини олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ҳозирда курсларимизга 60 нафардан, икки курсда 120 нафар талабалар қабул қилиб келмоқдамиз. Келаси йилдан бошлаб халқимизнинг бу курсларга эҳтиёжи юқорилигини ҳисобга олиб яна қабуллар сонини ошириш ниятидамиз. Дарслар жараёнида Қуръонни соф ҳолатда ўқиш учун зарур барча илмлари ўқитилади. Устозлардан талабаларда Қуръонга бўлган муҳаббатни янада кучайтириш вазифаси ҳам берилган. Нафақат Қуръон ўқишни, балки кези келганда унинг маъносини уқтириб кетиши лозим бўлади. Дарс дастурларимизда таҳорат ва намоз аҳкомлари ўргатилади деган жойи йўқ бўлса ҳам, дарс асносида буларга алоҳида урғу берилган.

–  Қуръон курсларида имконияти чекланган инсонлар учун, асосан кўзи ожизларга қандай енгилликлар мавжуд? 

– Кейинги босқичларда имконияти чекланган инсонлар учун ҳам Қуръон курсларини йўлга қўйиш ниятимиз бор. Ҳозирда ҳам бунга рухсат беришимиз мумкин, лекин бу соҳада ишлайдиган мутахассислар етишмовчилиги мавжуд. 

Келгусида ҳар бир ҳудудда халқнинг Қуръон ўқишга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш ниятимиз бор. Алҳамдулиллаҳ, бу кўрсатгичлар ўсиб бормоқда, ҳаттоки қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мамлакатларидан ҳам таклифлар келиб тушяптики, бизлар ҳам бу курсларда таълим олсак бўладими деган мурожаатлар келмоқда. Лекин биз ҳозирда ўзимизнинг мамлакат халқи билан чекланишга мажбурмиз негаки, бунинг учун бизда рухсат ҳам, имконият ҳам ҳозирча мавжуд эмас. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, элимизда Қуръонга бўлган муҳаббат жуда кучли. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Зоминдаги Қуръон курсининг очилишида ўзим дастлабки дарсни ўтиб бердим. Унда 84 ёшли отахонимиз толиб бўлиб илм ўрганяпти. Хурсанд бўладиган ҳолат шу даражада, ёшу қарининг илм олишга эҳтиёжи бор экан. Аллоҳ таолонинг фазли билан, марҳамати билан бу каби илм даргоҳлари келажакда иншаАллаҳ кўпаяди.

Шайх Алижон қори домланинг бизга берган маълумотига кўра, Қуръон курсларига қатнамоқчи бўлган, аммо моддий томондан имконияти етарли бўлмаган юртдошларимиз ўз ҳудудидаги Қуръон курслари раҳбарларига мурожаат қилса, улар учун бепул ўқишга имконият яратиб берилади. 

«Биз Қуръон ўрганмоқчи бўлган ҳар бир юртдошимизга Қуръон ўргатамиз. Чунки Аллоҳ бизга берган илмни бошқаларга ўргатишга мажбурмиз. Қуръон курсларида ўқишни истаган, аммо моддий томондан қийналаётган толиби илмлар ҳеч иккиланмасдан Қуръон курслари раҳбарларига мурожаат қилишсин. Улар учун ўқишни бепул қилиб беради», – деди Шайх Алижон қори.

Нурбек Ғофуров суҳбатлашди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7424 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага