Саудия Арабистони ва БАА Европадаги иттифоқчиларидан Сурия ҳукумати билан дипломатик муносабатларни тиклашни ва санкцияларни юмшатишни талаб қилмоқда, деб хабар беради Блумберг.
Қайд этилганидек, “Саудия Арабистони ва Амирлик расмийлари бир неча ой давомида Европа Иттифоқидаги ҳамкасбларига турли даражаларда босим ўтказди”.
Журналистларнинг сўзларига кўра, икки давлат расмийлари, “Агар вайронага айланган Сурия иқтисодини жонлантиришга ёрдам бериш учун санкциялар енгиллаштирилмаса, бу давлатда 12 йилдан бери давом этаётган можарога чек қўйиш бўйича дипломатик қадамлар қўйишнинг иложи йўқ” эканини таъкидлашган.
Расмийларга кўра, "иқтисодий тикланиш миллионлаб суриялик қочқинларни уйларига қайтариши мумкин, бу эса Ливан ва Иордания каби мезбон давлатларга босимни юмшатади".
Агентликнинг хабар беришича, “Саудия валиаҳд шаҳзодаси Бин Салмон айни пайтда Францияда бўлиб турибди, у ерда президент Эммануэл Макрон билан учрашув режалаштирилган. Сурия уларнинг музокараларининг бир қисми бўладими-йўқми номаълум бўлса-да, муҳокамалар Яқин Шарқ ва халқаро масалаларни ўз ичига олади".
Аввалроқ Европа Иттифоқининг асосий давлатлари, жумладан Франция ва Германия Дамашқ билан муносабатларни тиклаш имкониятини рад этган эди. Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Хосеп Боррел: “Ҳақиқий сиёсий ислоҳотлар ўтказилмаётган Сурияга нисбатан сиёсатни ўзгартириш учун шартлар уйғун эмас”, деди.
У Европа Иттифоқи Башар Асад ҳукуматига қарши санкцияларини сақлаб қолишини ва суриялик қочқинларнинг қайтишини “ихтиёрий, хавфсиз ва халқаро гуруҳлар назорати остида” бўлмаса, қўллаб-қувватламаслигини очиқ айтди.