Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Ким ўз уйида хотиржам, тани саломат ҳолда тунни ўтказса ва унинг бир кунлик емиши ҳам бўлса, дунё тўлалигича уники бўлибди”.
Маъноси: озиқ-овқати, ётадиган тинч жойи бор одам энг гўзал бахт ва катта яхшиликлар эгасидир. Кўплар мана шундай бахтга эгадир, лекин ўзлари билмайди ва ҳис этмайди.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўз элчисига айтди:
“Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим” (Моида сураси 3-оят).
Қайси неъмат Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) комил бўлган эди? Озиқ-овқатми, қасрларми ёки олтин-кумуш неъматими? Ахир, Расулуллоҳ буларнинг ҳеч қайсисига эга эмас эдилар-ку? У зот шиплари хурмо дарахтининг шохларидан қилинган, лойдан қурилган биргина хонада ҳаёт кечирар эдилар. Очликни билдирмас, деб икки тошни қоринларига боғлаб олар, хурмо дарахтининг барглари тўлдирилган ёстиққа суяниб ўтирар эдилар. У зот ўзларининг совутларини бир яҳудийга ўттиз соъ арпа учун гаровга берганлар.
Байт:
Сиз ёруғ оламдан кўз юмар замон,
Арпа деб гаровда қолди бир анжом.
Етимликнинг тотли маъноси
Сизда Уларга ғамхўр деб қолди Сиздан ном.
Байт:
Баланд қаср ўрнига бўлса бир лой уй
Ҳам илмлар ғори – Сизга кифоя.
Ва ёки тақводан тикилган чодир,
Фазл барпо қилган мустаҳкам қоя.
“Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз” (Зуҳо сураси 4–5-оятлар).
“(Эй Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга Кавсарни ато этдик” (Кавсар сураси 1-оят).
“Ўкинма”дан