“Ўтмишда ўлдирилганлар” китобида душманларига қаттиқ азоб ва ниҳоятда оғир жазолар берган золим кимсалар ҳақида қисса ва ҳикоялар баён этилган. Ўша золимлар ўзларига қарши кишиларни қатл этган бўлсалар-да, бу ишлари уларнинг дардига дармон бўлмаган, юрак-бағрини куйдираётган қасос алангасини ўчира олмаган. Ажабланарлиси – осиб ёки боши танидан жудо этилиб ўлдирилган ва руҳи танасинитарк этган шахс бундан кейин оғриқни, азобни ҳис қилмайди. Ўлдирувчи кимса душманини қанча қаттиқ азобласа, шунча кўп шодланади, хурсанд бўлади, лекин асло руҳи ҳаловат топмайди, ўзи бахтиёр бўлмайди. Чунки қасос алангаси душманидан олдин ўзини ўлдиради.
Ўч олиш ҳиссининг ўч олувчига зарари каттадир. Чунки у асаблари, роҳати, тинчлик ва хотиржамлигини йўқотади.
Байт:
Мақсадда паст эрур ҳар жоҳил душман,
Эришмоқ бобида жоҳил кишидан.
“Ўзлари холи қолишганида эса, аччиқларидан сизлардан юраклари сиқилиб, бармоқларини тишлайдилар. “Шу аччиқларинг билан ўлиб кетинглар!” деб айтинг” (Оли Имрон сураси 119-оят).
***
Агар кишига рақибларидан душманлик етса – азият берилса ва устидан ҳукм юргизилса, унга тавбаи насуҳ қилишдан кўра фойдалироқ нарса иш йўқ. Ўз нафсига, гуноҳларига, айбларига боқиб, уларни тузатиш ва тавба ила машғул бўлиши ҳамда фикрини бошқа томонга ўзгартириши унинг бахти белгиларидандир. Шунда устига келаётган ишларни ўйлаб ўтиришга бўш вақти бўлмайди, балки тавбага ва камчиликларини тузатишга киришади. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло у бандасига ёрдам кўрсатади, ҳимоясига олади ва бошига келган кулфатларини кетказишга Ўзи валийлик қилади. Натижада ундан бахтлироқ киши бўлмайди! Унга кўрсатилган иноят нақадар баракотли ва унинг таъсири бунчалар гўзал! Эриштириш ва йўллашга келсак, бу илмлар фақат Аллоҳ таолонинг измида бўлиб, Унинг берганини бирор кимса тўса олмайди, бермаганини ҳеч ким бера олмайди. Аммо ҳамма ҳам бу лутфни билавермайди, билишга ирода ва қудрати етавермайди. Аллоҳ хоҳлаган бандаларигина бунга эришадилар.
Байт :
Хатоларни мағфират айлагай Субҳон Эгам,
Кўп хато қилсак-да бизни афвсиз қўймас ҳечам.
Осий умматга давомий ёғдирар инъомини
Иззу қудрат соҳиби, Ул Ғафуру бокарам.
"Ўкинма"дан