Бугун учоқда учар эканман, суратдагига ўхшаш манзарага гувоҳ бўлдим (қуйидаги суратга назар солинг). Тоғлар каби буюк ва маҳобатли булутлар осмонда муаллақ сузиб юрибди. Олисдан дунёни ёритаман деб турган қуёшнинг шуълалари атрофга шунақанги гўзаллик бахш этиб турибдики, буни сўз билан ифодалаб беролмайман. Бу шуълалар қора булутларни ёриб ўтиб, минглаб чақирим узоқларни ёритиши, худди устини қора булут қоплаган Ислом оламидаги маҳзун қалбларни ҳам бир кун шундай «қуёш»и чиқажагини эслатарди...
Ушбу онда туйғуларим мажоз майдонидан ҳақиқат оламига яна қайта кўчиб ўтди. Бу қадар катта булутларни яратган Аллоҳ ва Унинг қудрати ёдимга келди. Кўзларим ила кўриб турганим бу мўжизотлар олдида, тилимда ушбу оятлар айланарди:
«Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Сен покдирсан» (Оли Имрон, 191),
«У (Аллоҳ) осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган зотдир» (Бақара, 22),
«Ва сиқилган(булут)лардан оқувчи сувлар туширдик. У(сув) билан дон ва наботот ва дарахтлари бир-бирига киришган бўстонлар чиқаришимиз учун» (Набаъ, 14-16).
Хаёлимдан эса Аллоҳнинг чексиз қудрат соҳиби экани ўтарди. Ё Аллоҳ, Сен покдирсан, биз қудратинг олдида, азаматинг қаршисида ожизмиз, биз бандаларингмиз. Бизга ҳам чин бандалик мақомига етишмоғимизни насиб эт!
Ё Аллоҳ, бунчалар улкан қудратингни кўра била туриб, инсонлар қандай қилиб Сенга исён қиладилар?! Сенинг бу улуғ қудратинг қаршисида арзимас қувватлари ила нега инсонлар Сенга қарши чиқадилар?!
Бу буюк қудрат кўз ўнгимда гавдаланиб турган он ёдимга ушбу оят келди: «Эй жин ва инс жамоалари, агар сиз осмонлару ер чегараларидан чиқиб кетишга қодир бўлсаларингиз, чиқаверинглар. Лекин (Аллоҳнинг) амрисиз чиқа олмассизлар» (Раҳмон, 33).
Оятда фақат агар қудратингиз етса ер чегараларидангина эмас, балки осмонлар чегарасидан чиқиб кетинг дейилгани мени яна бир бор ҳайратга соларди. Ўн беш аср олдин, инсон оёғи осмонга етмаган пайтда: Истасанг осмонлардан ошиб, Аллоҳнинг амридан қоч, лекин бунга қодир эмасдан, дея айтилган нидо - бугун мен учоқдалигимда, булутлар устида туриб ҳам Аллоҳнинг амридан қочиб кета олмаслигимни, Унинг олдида ожиз эканимни эслатарди.
Худди мен каби бутун инсоният ҳам Аллоҳ таолонинг қаршисида ожиздир. Шул сабаб шайх Муҳаммад Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ айтган қуйидаги гаплар ёдимга келди: «Ер аҳли орасида мусулмон уммати Роббисига қайтишга, Исломдан паноҳ топишга, Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатидан иборат қоидаларига қайтишга энг муҳтож умматдир. Мусо алайҳиссалом мутакаббир Фиръавнлар зулмидан паноҳ истаб, Мисрдан қочиб чиққан пайтида, унинг тилида ушбу дуо айланарди: - Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман. Мусо ўзи ёлғиз, қаерга кетишни билмай турибди. У учун еру кўк тор»...
Мен ҳам шу пайт ўзим ёлғиз эканимни ҳис қилдим. Мусо алайҳиссалом каби: «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», дея такрорлардим...
Ушбуларни ўйлар эканман, учоқ ҳам қўнишга яқинлашди. Мени эса яна ўша дардсиз, тафаккурсиз эски ҳаёт кутиб турарди...
Иброҳимхўжа Тошқандий