Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Салибчиларнинг мўғуллар билан иттифоқ тузишга уринишлари

5894

Форс империяси тўлиқ қулагандан сўнг мўғулларни Аббосий халифалигидан фақат шиа исмоилийлар фирқаси ҳукмронлик қилган Форснинг ғарбий қисмидаги (ҳозирги Эрон) тор ҳудудгина ажратиб турган. Ҳажми унча катта бўлмаса-да бу ҳудуд жуда муҳим аҳамиятга эга эди. 

Бу ерларда яшаган исмоилийлар ўзларининг жангарилиги, ҳарбий амалиётлардаги моҳирлиги билан машҳур эди. Бундан ташқари, ҳудуд тоғли бўлиб, мустаҳкам қалъаларга ва истеҳкомларга бой эди. Исмоилийлар Аббосийлар халифалиги билан азалдан адоватлашиб юргани учун, халифалик душманларига доим ёрдам бериб келган.

Бир вақтлар исмоилийлар мўғуллар билан мактублар орқали хабарлашган, кейин салибчилар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида музокаралар олиб боришган.

Мўғуллар, албатта, исмоилийларнинг жангарилиги,  имкониятлари ва  ишларидан хабардор эдилар, шунинг учун улардан ҳамиша ҳайиқиб, хавфсираб туришарди. Ўз томонида ҳам, бутун дунё бўйлаб ҳам ўзига қарши кучларни йўқ қилишга киришган мўғуллар келажакда исмоилийларни ҳам парчалаб ташлашни режалаштирган эдилар. 

639-649 ҳижрий йиллар мўғулларнинг янги буюк хони  Гуюк Ўқтой (Угэдей) ўғли янги ерларга босқинчилик қилишдан воз кечиб, Мўғул империясининг кенгайишини тўхтатишга ва ўз кучини босиб олинган ҳудудларни мустаҳкамлаш учун сарфлашга қарор қилади.

Гуюкхон мўғуллар салтанатини ҳижрий 639-646 йилларда бошқарган ва шу йиллар давомида  мўғуллар бошқа янги мамлакатга бостириб кирмаган ёки бундай ҳолат жуда кам содир бўлган. Бу вақт мўғуллар империясига қўшни бўлган барча давлатлар учун нисбатан осойишталик даври бўлган, аммо мўғуллар босқинидан жабр кўрган мамлакатлар ҳудудлари  бу даврда уларнинг истилоси зулми ва шафқатсизлигига чидашда давом этган.

Ҳижрий 640 йилда Аббосийлар халифаси Ал-Мустансир Биллаҳ вафотидан сўнг унинг ўғли, ўша пайтда атиги 30 ёшда бўлган Ал-Мустаъли Биллаҳ Аббосийлар халифалигига ҳукмдор бўлади.

У Қуръонни тез-тез хатм қилиши, тафсир, фиқҳ илмлари билимдони экани, шунингдек, савобли амаллари билан танилган бўлса-да, сиёсатда мутлақо ҳеч нарсани тушунмас, дўст-душманни ажрата олмасди.  

Шу сабабли унинг атрофига фақат қўпорувчилик қилишга қодир сарой аъёнлари ва қадрсиз дўстлар тўпланиб, халифаликни янада кучсизланишига олиб келди. Ал-Мустаъли Биллаҳ Аббосийларнинг охирги халифаси сифатида тарихга кирди. Унинг ҳукмронлиги даврида Бағдод ва бутун Аббосий халифалиги қулади ҳамда бутунлай вайрон бўлди.

Салибчиларнинг мўғуллар билан иттифоқ тузишга биринчи уриниши

Ғарбий Европадаги салибчилар Гуюк хоннинг босқинчилик ҳаракатларини тўхтатганини кўрганларида, мўғуллар билан мусулмонларга қарши иттифоқ тузиш умидлари қайтадан пайдо бўлди. Шу ҳамкорлик илинжида Рим папаси Иннокентий IV ҳижрий 643 йилда Мўғулистон пойтахти Қорақурумга элчиларини юборади. Бундан мақсад Шарқий Европа ва Россиядаги насронийларни мўғул истилосидан озод қилиш эмас, балки Миср ва Шомдаги мусулмонларга қарши уруш учун мўғуллар билан бирлашиш эди.

Гуюкхон салибчилар делегациясини илиқ кутиб олди, лекин Рим папасининг хабарида мусулмонларга қарши бирлашишни сўрашдан ташқари, уни насронийликни қабул қилишга ундаганини ўқиган мўғул хони буни ўз шаънига ҳақорат деб ҳисоблади. Гуюкхон ғазабланди: "Қандай қилиб у мўғул хонидан динни ўзгартиришни талаб қилиши мумкин?!"

Гуюкхон салибчилар элчиларини қайтариб юбораркан, улар орқали Рим папасига хат йўллади ва ундан барча Ғарбий Европа ҳукмдорларини тўплаб, мўғул ҳукмдорига тобелигини кўрсатишлари учун Мўғулистонга юборишни талаб қилди. Шундан кейингина ҳар қандай ҳамкорликка рози бўлишини билдирди. Ғарбий Европа қироллари, албатта, бу илтимосни рад этишди. Шундай қилиб, салибчилар элчилари ўз мақсадларига эриша олмади.

Иккинчи уриниш

Бироқ Рим папаси Иннокентий IV умидини йўқотмади ва буни элчилик ҳаракатининг тўлиқ муваффақиятсизлиги деб ҳисобламади. Шунинг учун у ҳижрий 645 йилда мўғуллар қароргоҳига салибчиларнинг яна бир элчисини юборди. Бу сафар у Форснинг Табриз шаҳрида жойлашган мўғул саркардаси Байжў билан ҳамкорлик қилишни режалаштирган эди. Рим папаси Иннокентий IV Байжўда янги юришларга бўлган ғайратни пайқаган ва бу қўмондон империянинг мусулмон ерлари ҳисобига янада  кенгайиш тарафдори эканлигини билар эди. 

Байжў Рим папаси делегациясини яхши қабул қилди, чунки салибчиларнинг Миср ва Шомга ҳужуми бу ҳудудлардаги мусулмонларни Ироқдаги Аббосий халифалигини ҳимоя қилишдан чалғитади, деб кутган эди. Шу тариқа салибчилар унинг ишини осонлаштиришини ўйларди.

Аммо Байжў салбчилар билан ҳамкорлик қилиш учун бундай хавфли стратегик қарор қабул қилиш ваколати даражасида қудратли бўлмагани ҳеч кимга сир эмас эди. Бундан ташқари, Гуюкхон ҳали ҳам давлатни кенгайтиришнинг ҳожати йўқ ва салибчилар унга бўйсунмагунча улар билан ҳамкорлик қилиш керак эмас деган фикрда эди. Шундай қилиб, салибчилар юборган  иккинчи элчилар ҳам муваффақиятга эриша олмади.

Учинчи уриниш

Франция қироли Людовик IX мўғуллар билан иттифоқ туза олмаганига қарамай, Мисрга янги салб юришига тайёргарлик кўра бошлади. Бу салиб юриши тарихда Еттинчи салиб юриши номи билан машҳур бўлди.

Людовик IX ҳижрий 646 йилда ўз қўшинларини Кипр оролида тўплади. Шу билан бирга у мусулмонларга қарши урушда мўғуллар билан иттифоқ тузиш умидини йўқотмаган эди. У учинчи марта ўз элчиларини қимматбаҳо ҳадялар билан Кипрдан Мўғулистонга жўнатиб, бу урушда ёрдам сўради. Бироқ унинг элчилари Мўғулистон пойтахтига  келганида,  кутилмаганда мўғулларнинг буюк хони Гуюк вафот этди. Гуюкдан сўнг  империяни бошқаришга қодир бўлмаган уч нафар норасида боласи қолгани сабабли, Гуюкнинг беваси Ўғил Қўймиш (Угул Кимиш) уларнинг васийлигини ўз зиммасига олади ва ҳижрий 646 йилдан бошлаб мўғуллар салтанатини уч йил бошқарди.

Людовик IX элчилари янги мўғул қироличаси ҳузурига борди. У делегацияни илиқ кутиб олди, лекин салб юришида ёрдам бера олмаслигини айтиб, узр сўради, чунки бу вақтда у эри Гуюкхон вафотидан кейин Мўғуллар империясида пайдо бўлган улкан муаммоларга ечим излаш билан билан банд эди.

Бундан ташқари, шафқатсизлик ва куч асосида барпо этилган буюк мўғул давлатининг деярли барча раҳбарлари аёлларнинг ҳукмронлигига асло  рози бўла олмаганидан Мўғулистонда вазият бутунлай беқарор эди.

Шу аснода салибчиларнинг мўғуллар билан иттифоқ тузишга учинчи марта уринишлари ҳам бефойда бўлди. 


Ҳамрохон Мусулмонова тайёрлади

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7424 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага