Афсуски, сўнгги пайтларда, хусусан, ижтимоий тармоқларда тасаввуфни ёмонлаш, унга турли иғво-бўҳтонлар қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳолатнинг турли сабаблари мавжуд, албатта. Тасаввуфга қарши фикрларни илгари сураётган томоннинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Улар ҳам динимизни асл ҳолатда сақлаб қолишни, унга турли бидъат-хурофотлар аралашиб кетмаслигини, турли ширкий амаллар йўлини тўсишни мақсад қиладилар. Аммо, масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Юқоридаги холис мақсадлар асл тасаввуфга, турли бидъат-хурофотлардан холи бўлган соф руҳий тарбия фанига нисбатан адолатсизлик руҳида бўлмаслиги керак.
Бу фаннинг номини қандай аташ унчалик муҳим эмас. Баъзилар бу фанни “тасаввуф” десалар, баъзилар “руҳий тарбия”, “тазкия”, “қалб фиқҳи” каби номлар билан атайди. Юқорида айтганимиздек, номлар бу ерда муҳим эмас, муҳими моҳият. Бу фаннинг моҳияти шундаки, динимизнинг асосини ташкил этадиган уч рукн: имон, ислом, эҳсон рукнларининг учинчисини бўлган – эҳсон рукнини батафсил ўрганишдир.
Ислом оламида “Жаброил ҳадиси” деб аталадиган машҳур ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Эҳсон – бу гарчи сиз Уни кўрмасангиз ҳам Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилишингиздир. У сизни кўриб турибди”, дедилар. Демак, “Тасаввуф”, “Тазкия”, “Руҳий тарбия” каби номлар билан аталаётган ушбу фаннинг мақсади кишини ана шу эҳсон даражасига олиб чиқиш, яъни Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш, ҳеч бўлмаса Аллоҳ бизни кўриб турганини қалбан ҳис қилиб яшашашга ўргатишдир. Янада соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, бу мўмин одамнинг динини камолотга етказадиган соҳадир.
Мисол билан тушунтирадиган бўлсак, имонли, аммо имон тақозосига кўра амал қилмайдиган одам имонсиз одамдан кўра яхшироқ. Ҳам имонли ҳам имонига мувофиқ амал қиладиган одам, имонли аммо беамал кишидан афзалроқ. Худди шунингдек, имонли, имонига яраша зоҳирий амалларни бажарадиган кишидан кўра, ҳам имонли, ҳам амалларини Аллоҳ кўриб тургандек, ихлос ва хушуъ билан бажарадиган киши афзалроқ. Бу соҳанинг мақсади кишини айнан мана шу даражага – энг афзал мўмин даражасига, яъни эҳсон даражасига олиб чиқишдир.
Кишини бу даражага олиб чиқиш учун дастлаб қалбни турли хил маънавий ифлосликлардан тозалаш лозим бўлади. Сиз-у биз ҳали Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилиш даражасига етиш у ёқда турсин, бу мақомни тасаввур ҳам қила олмаймиз. Чунки бизнинг қалбларимиз Аллоҳ таолодан тўсилиб қолган. Биз У зотнинг буюклигини, ҳар нарсага қодир эканини ва ҳоказо сифатларини тилимиз билан айтиб беришимиз мумкин, аммо қалбан ҳали ҳис қила олмаймиз. Агар ҳис қилганимизда бирор бир ибодатни тарк қилмаган, бирор гуноҳга қўл урмаган бўлар эдик. Албатта, бу мақомга эришиш осон эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг давомида Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш мақомига эриша олмасак ҳам, ҳеч бўлмаса У зот бизни кўриб турганини қалбан ҳис қилиб яшаш эҳсон эканини уқтирганлар.
Хулоса қиладиган бўлсак, бу фан дастлаб қалб ҳолатларини ва уни поклашни ўрганади. Ўрганибгина қолмасдан бунга амалий шаклда ҳаракат ҳам қилади. Аста-секин покланиб бораётган қалбга эса Аллоҳнинг зикрини жойлаб борилади. Киши нимани кўп эсласа, нимани кўп зикр қилса ўшанга нисбатан қалбида муҳаббат пайдо бўлади. Аллоҳни кўп зикр қилган киши ҳам Аллоҳга нисбатан қалбан яқинлик, қурбат ҳосил қила бошлайди. Аллоҳга қалбан яқин бўлган одамга эса ибодатлар енгиллашиб, Аллоҳни кўриб тургандек ёки Аллоҳ уни кўриб турганини ҳис қилиб яшаш ҳолати юзага келади. Бундай одам эса инсониятнинг энг афзаллари қаторида бўлади. Демак, бу фан комил инсонни тарбиялаш фанидир.
Устоз Мубашшир Аҳмаднинг “Тасаввуф дарслари” асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади