Москвада Россия ва Марказий Осиё давлатлари мудофаа вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Россия ҳарбий бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, томонлар Афғонистонда халқаро террорчилик ташкилотлари фаоллиги кучайиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилган.
Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари Шойгу йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилар экан, бу учрашувга Марказий Осиёда кучайиб бораётган ҳарбий хавф, Афғонистонда халқаро ва минтақавий террорчилик ташкилотлари, биринчи навбатда ИШИД ва Ал-Қоида сабаб бўлганини иддао қилди.
Шойгунинг сўзларига кўра, минтақадаги халқаро террорчилик ташкилотларига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш ва ушбу тузилмаларга қарши курашда умумий ёндашувларни шакллантириш зарур эмиш.
Аслида эса хавф жанубданми келадими ёки шимолдан, бутун дунё кўриб турибди. Дарвоқе, рус қўшинларининг мустақил Украина ҳудудига бостириб кирганига тўрт ойдан ошди.