AzonTV да эфирга бериладиган «Фикрат» таҳлилий кўрсатувининг навбатдаги сонида кузатувчилардан бири ғаройиб савол берди. Томошабин “Россия ютқазадиган бўлса, сизларга (яъни AzonTVга) иш қолмайдику”, дея киноя қилди.
Бу саволга жавоб беришдан аввал кўрсатув бошловчиси Ғайратхўжа Сайдалиев масала юзасидан баъзи мулоҳазаларини билдириб ўтди.
- Ким ютиши ёки ютқазишидан қатъий назар, биз золим тарафида бўлмаймиз, агрессор тарафида бўлмаймиз. Биз бирор давлатнинг тарафини олмаймиз. Холислик тамойилига амал қиламиз. Ҳозирда АҚШнинг Ироқдаги қилмишлари ҳақида видеолавҳа тайёрланяпти. Яқин кунларда у эфирга узатилади. Ўшанда АҚШнинг Ироққа агрессияси нималарга олиб келгани, аҳоли бошига нималарни солганини кўрасиз.
Шунингдек, айни пайтда Европа билан муносабатларимиз тарихини ўрганяпмиз. Ҳозиргача билганларимиз шуки, Марказий Осиёдаги амирлик ва хонликлар қонхўр коммунистлар босқинига қарши Европа давлатларидан ёрдам сўраган. Аммо улар Россия билан тил бириктирган ҳолда бундай ёрдам бермаган экан.
Шунингдек, Хитой масаласи ҳам турибди ҳали.
Шу боис, азиз мухлис, ишонинг, агрессорлар ҳақида чиқишлар қилишда давом этаверамиз. Шунчаки фақат айнан Россия агрессияси муҳокама қилинаётган дастурни кўраётганингиз учун шундай фикрга боргансиз, деди бошловчи Ғайратхўжа Сайдалиев.
Мунозарага сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ҳам аралашиб, бошловчининг фикрини қувватловчи бошқа далилларни ҳам келтирди ва саволга жавоб бериб ўтди:
- Россия ютқазиб қўйган тақдирда ҳам кўриб чиқадиган масалаларимиз кўп. Масалан, Москвада масжид қурилиши тақиқланди. Москвада атиги 4 та масжид бор. Ўйлаб кўринг, дунёнинг жуда катта қисмини эгаллаган давлат пойтахтида 4 тагина масжид бор! Россияпарастлар ёмон кўрадиган Лондонда эса 440 та масжид бор. Улар ёмон кўрадиган Вашингтон шаҳрида 300 та масжид бор. Россия ютқазган тақдирда ҳам биз учун муҳокамага мавзу топилади, хавотир олманг. Россияда Марказий Осиёдан борган миллионлаб мусулмонлар яшаяпти. Ўзининг миллионлаб мусулмон аҳолиси бор. Лекин бирор шаҳарда ҳам масжид очишга рухсат беришмаяпти. Бу каби муноазар учун мавзулар етарли, деди сиёстшунос Ҳамид Содиқ.
Ҳақиқатан ҳам Путин режими мухлислари ва россияпарастлар, шунингдек, “Россия – мусулмонларнинг дўсти” дея жар солиб юрган айрим псевдоолимлар Россияда 2021 йилда Саҳиҳи Бухорий асари тақиқланганини, 2015 йилда Фотиҳа сураси, 2013 йилда эса Қуръони Карим маънолари таржимаси тақиқлаб қўйилганини унутмасликлари лозим. Гарчи Қуръон ва Фотиҳа сурасига қўйилган тақиқларни мусулмонларнинг кучли эътирозларидан кейин олишга мажбур бўлишган бўлсада, Саҳиҳи Бухорий ҳадислар тўплами ҳамон Россия Адлия вазирлигининг экстремистик адабиётлар рўйхатида турибди. Бундай ҳаракатларнинг ўзиёқ ким дўст-у ким душман эканини кўрсатиб турибди.
“Пентагоннинг Украина тўғрисидаги махфий ҳужжатлари сиздирилди” мавзусида ўтказилган ушбу кўрсатувда, шунингдек, Хитой-Тайван муносабатлари, Россиянинг Украинага ҳужумига оид охирги янгиликлар ва АҚШнинг жорий сиёсий ҳодисалардаги роли ҳам кўриб чиқилди.
Агар ушбу мавзулар юзасидан батафсил маълумотга эга бўлишни хоҳласангиз, AzonTV да берилган «Фикрат» таҳлилий кўрсатувини youtube.com тармоғида томоша қилинг.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.