Холиқ ва Розиқ пок Зот лой ичидаги қуртга, сувдаги балиққа, осмондаги қушга, зулматдаги чумолига ва ҳатто тошлар орасидаги илонга ҳам ризқини ато этади.
Ибн Жавзий гўзал ва ажиб бир ҳодисани ёзган: дарахт учида бир кўрилон бор экан, унинг тепасига оғзида гўшт бўлаги билан бир чумчуқ учибкелибди. Илон вишиллаб оғзини очибди, ҳалиги чумчуқ гўштни илоннинг оғзига солибди.
Субҳаналлоҳ! Чумчуқни илонга бўйсундириб қўйганига бир боқинг!
“Ердаги ҳар бир жонивор ва икки қаноти билан учадиган ҳар бир қуш (ҳам) сизлар каби умматлардир...” ( Анъом сураси 38-оят).
Байт:
Оғзи тўла заҳар сочувчи илон,
Ундан ўзи зарар кўрмас ҳеч қачон.
Оғзини заҳарга тўла қилган ким?
Ҳамда тирик қўйган қайси ҳукмрон?
Марям бинти Имронга ризқ эртаю-кеч келиб турарди. У зотдан: “Сизга булар қаёқдан келди”, деб сўрашди. Шунда у: “Аллоҳнинг ҳузуридан. У истаган бандасини беҳисоб ризқлантирур”, деб жавоб берди.
Ўкинманг! Ризқингиз кафолатланган. “...Болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирманглар – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирамиз” (Анъом сураси 151-оят).
Инсон зоти бир нарсани яхши билиб олсин: боланинг ҳам, ота-онанинг ҳам ризқини берувчи Зот туғмаган ва туғилмаган Аллоҳдир.
“(Эй инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирманглар – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берармиз” (Исро сураси 31-оят).
Улкан хазина эгаси Аллоҳ таоло ризқни Ўз зиммасига олган. Аллоҳ кафил экан, нега ғам чекиш керак?! “...Бас (шундай экан), сизлар ризқни Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар ва Унга шукр қилинглар!” (Анкабут сураси 17-оят).
“Унинг Ўзигина мени едирур ва ичирур” (Шуаро сураси 79-оят).
***
Қалбни очишда, уни севинтириш ва унга қувонч бахш этишда намознинг ўрни беқиёсдир. Намоз банда қалби ва руҳини Аллоҳга боғлайди.
Унга илтижо этиш ва ҳузурида туриш ила банданинг кўнгли ором олади.
Уни эслаган, Унга яқинлашган киши неъматларга эришади. Аллоҳнинг
ибодатида унинг бутун бадани, қуввату иқтидори иштирок этиб, барча аъзолари бу ҳаловатдан ўз ҳиссасини олади. Намоз бандани халқдан ва у билан қилинадиган муомала-муносабатлардан узиб, бутун борлиғи ила Рабби ва Яратувчисига боғлайди. Намоз энг яхши даво, фақатгина солиҳ қалбларгагина муносиб озиқа ҳамда энг катта шодликдир. Шу сабаб банда намоз ўқаётганида қалби ҳатто душманларидан ҳам хотиржам бўлади.
Касал қалблар тана каби. Уларга сара озиқалар зарур.
Дунё ва охират яхшиликларига эришишию ёмонликларидан сақланишида намоз одамга энг катта ёрдамчидир. У гуноҳлардан тўсади. Руҳий хасталиклардан асрайди. Танадан дардларни йўқотади. Юракни ёруғ қилади. Кишини шижоатлантиради. Ризқлантиради. Зулмдан сақлайди, мазлумга ёрдам беради. Юзни нурли қилади. Шаҳват васвасаларини ўчиради. Неъматни сақлайди. Ғазаб ва душманликни кетказади. Раҳматни чорлайди, ғамларни аритади.
“Ўкинма”дан