Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Риёдан қочишга, ихлосга чорловчи насиҳатларга ҳар доим эҳтиёжимиз бор

3169

Кеча бир ўтиришда гап ихлос ҳақида кетар экан, афғонистонлик қори ака Маймана вилоятида бўлган бир воқеа ҳақида сўзлаб берди: 

“Бундан ўн йилдан олдинроқ мавлоно Лутфуллоҳ қори ака зиёратига бордик. Бениҳоя камсуқум, камбағал, дунёга сира боқмайдиган бу киши бир тор ва ночор ерда болаларга Қуръондан таълим ва тарбия берар экан. Ўша пайтда Маймананинг бир ерида америкаликлар ёрдамида катта артезиан суви қазиб чиқарилган бўлиб, чиққан сув ниҳоятда ёмонлигидан ҳатто ювиш-тозалаш учун ҳам яроқсиз, деган қарорга келишган, бинобарин, ўша ер ва унинг атрофи тамомила қаровсиз қолдирилган эди. 

Одамларда у ерга рағбат қолмагани сабабли бошқа ерларга нисбатан анча арзон бўлиб кетган бўлиб, биз борганда ўша ерга яқин ердан арзон-гаровга бир парча ер сотиб олинган экан. Мадраса учун қиммат, яроқли ердан ким ҳам жой сотиб олиб берарди?.. 

Сотиб олинган ерга сув олиб келиш муаммоси кўндаланг қўйилиб, охири бошқа илож йўқлигидан сув қазиб чиқариш масаласи ўртага ташланди. Шунда қори ака бу ишга киришишдан илгари бир ой унга муҳлат беришларини сўради. Муҳлат берилгач, ҳар куни сотиб олинган ялангликка шогирдларини олиб келиб, дарсларни шу ерда қабул қилиб олар, шу ерда дарс берар, дарсдан бўш вақтини шу ерда  Қуръонни тиловат қилиш, намоз ўқиш билан ўтказар эди. Бир ой ичида неча бор Қуръонни хатм қилиб, қанча намозлар ўқиб тугатди. 

Ишчилар артезиан қазишни бошладилар, давом этдилар, тугатдилар, қори ака эса ҳамон шогирдлари билан Аллоҳга ёлворгани-ёлворган, тинмай дуо қилади, юраги ҳаприқиб зорланади...

Сув чиқариш соати етганида қори ака борлик-йўқлик ҳолатида эди..

Лой аралаш чиққан илк сувни ҳали тинмасданоқ тотиб кўрди-да, ўша ерда кўзи шашқатор оқиб узоқ саждага кетди...

Сув бениҳоя ширин эди!

Икки соатгача сув тиниқлашиб бориб, кейин шундай тиниқ, шундай ширин зилол сувга айландики, ичиб тўймайсиз, қараб кўзингиз тўймайди. 

Бу – ўша яроқсиз сув чиққан ердан бор-йўғи бир неча метр узоқликда, қурилажак мадраса ҳудудида чиққан сув эди”. 

Афғонистонлик акахоннинг қори домла ҳақидаги бу ҳикояси жуда ибратли, таъсирли эди. Мавлоно Лутфуллоҳ қори аканинг тасарруфи, тутган иши биз ношудлар учун дарс ва ўрнак бўлмоғи лозим.

У кишининг ўрнида менга ўхшаган одам бўлса, балки "Биз яхши ният билан Худо учун мадраса қураяпмиз, иншооллоҳ Аллоҳ бизга беради!" деймиз-да, ўз ишимизга ўзимиз мағрур бўлиб, синиқликни, ибодатни, зору тазарруни ёддан чиқарамиз... Нари борса, бир-икки истихора намозини ўқирмиз..

У киши ҳам шундай қилишга ҳақли эди, умри давомида болаларга Қуръондан таълим-тарбия берган, оғзидан Аллоҳ каломи тушмайдиган, тили бошқа нарсага айланмайдиган солиҳ, ибодатли одам эди.

Лекин у киши ундай қилмади. Балки бир ой муҳлат сўраб, ўша ойни шогирдлари билан ўша тақир ялангликда ўтказди, бир ой давомида ва ундан кейин ҳам то сув чиққунга қадар тазарруни, ёлворишни тарк қилмади.. (ишонаманки, у киши умри охирига қадар бу тазарруни тарк қилмаган. Дарвоқе, ўшандан кейин бир неча йил ўтиб дунёдан ўтибди, Аллоҳ ғариқи раҳмат қилсин). 

Акахонимизнинг айтишича, ўша зилол сув бениҳоя ширинлигидан атрофдаги узоқ-яқин ердагилар шу сувдан олиб кетишар экан, гарчи ўзларида сув етарли бўлса-да. 

Мана, чин ихлос, чин тазарру, соф илтижонинг самараси.

Аллоҳ таоло биз бечораларга ҳам шундай ихлос, шу каби чин тазарру берсин, амаллару гапларимизни риёдан, кўзбўямачиликдан холи қилсин. Омин.

Илова: бу ерда муҳим нуқта – ихлос, ширин сувнинг чиқиши эмас. Ширин сувнинг чиқиши эса биз кабилар учун ихлосга бир оддий белги, холос. Мабодо Аллоҳ таоло ўз ҳикмати тақозоси билан зилол сувини чиқармаганида ҳам, тазарру, ёлвориш, ихлос зарурияти албатта турган бўлиши, ўз аҳамиятини йўқотмаслиги лозим. 

Зеро, биз ихлосимиз натижасини бу дунёда эмас, нариги дунёда кўришга ишонишга буюрилганмиз. Бу дунёда баъзан бериб қолиниши асосий қоидадан бизни чалғитмаслиги керак.

2017 йил

Сайфуллоҳ Носир

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7424 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага