Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Риё ва ширкдан сақланайлик

1679

Ҳар бир амални Аллоҳ таоло учун холис қилиш лозим. Ихлосни йўққа чиқарадиган риё, сумъа (одамлар эшитиши учун бирор иш қилиш), ужб (ўзига бино қўйиш), кибр ва ғурур каби амаллардан сақланиш динимизнинг муҳим асосларидандир.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқали бизни ширк, риё ва сумъадан сақланишга чақиради: “(Эй Муҳаммад!) Албатта, Биз сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, сиз Аллоҳга – динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг!” (Зумар, 2).

Бугун ибодат, муомала, тўй-маърака, маросимларда ихлосга муҳтожмиз. Амалларимизни динимиз мезонида ўлчаб кўрсак, риё, ном чиқариш учун ҳаракат ва харажат қилаётганимизни пайқаймиз. Охир-оқибат савобсиз қоламиз, шу билан бирга, ихлосни унутганимиз ва исрофга йўл қўйганимиз учун гуноҳкор ҳам бўламиз.

Ихлос ва эзгу ният ҳар қандай амални ибодат даражасига кўтаради. Аксинча бўлса, яхшиликнинг қиймати қолмайди.

Аллоҳ таоло наздида қабул бўладиган ҳар бир амалнинг икки рукни бор: ихлос ва тўғри ният. Амал шариат кўрсатмасига ва суннатга мувофиқ бўлиши керак. Ихлос – жуда нафис, бебаҳо фазилат. Баракаси ҳам улуғ. Ихлос билан қилинган амалнинг савоби тоғдан оғир келади. Катта амалда ихлос бўлмаса, Аллоҳ таолонинг наздида чангдек қадрсиздир. Ким шу ҳақиқатларга асосланиб яшаса, саодатманд бўлади. Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳ таолога ихлос қилиб, унга шерик келтирмасдан намозни адо этса, закотни берса, Аллоҳ таоло ундан рози бўлган ҳолида дунёни тарк қилади” (Имом Ибн Можа ривояти). Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: “Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни дунё учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди”.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бундай дуо қиларди: “Ё Аллоҳ! Амалимни солиҳ қилгин. Ўзингнинг розилигинг учун холис қилгин. Унда бирор киши (раъйи) учун бирор нарса қолдирмагин”.

Фузайл ибн Иёз айтади: “Одамлар учун бир амални тарк қилиш риёдир. Одамлар учун бир амални қилиш ширкдир. Ихлос ана шу икки нарсадан сени Аллоҳ таоло омон қилишидир”.

Суфён Саврий айтади: “Сиз амал қилишни ўргансангиз, салафи солиҳлар амал қилишдан аввал ниятни ўрганганлар”.
 

Азимжон Алимжонов,

Тошкент шаҳридаги “Мулла Қосим” жоме масжиди имом-хатиби.

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7424 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага