Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни танқид қилган чечен блогери Тумсо Aбдураҳмонов Швецияда ғойиб бўлди. Швецияда жойлашган Чеченистондан келган қочқинларга ёрдам берувчи “Вайфонд” чечен инсон ҳуқуқлари уюшмаси ва BBC манбаларига кўра, Aбдураҳмонов ва унинг оиласи бир неча кундан бери алоқага чиқмаяпти.
Ташкилот хабарида айтилишича, Тумсо Aбдураҳмонов билан бирга унинг укаси, “Вайфонд” вакили Муҳаммад ҳам алоқани тўхтатган.
Декабрь ойи бошида телеграмда Aбдураҳмоновнинг ўлдирилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди, гўёки блогернинг жасади тасвирланган видео чоп этилди. Бироқ фойдаланувчилар видеода бошқа киши тасвирга олингани ҳақида хабар беришди.
2 декабрь куни Европа чеченлари ассамблеяси матбуот котиби Шамил Aлбаков “Кавказский узел” порталига Aбдураҳмоновнинг ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқлай олмаслигини айтди.
BBCнинг эслатишича, Тумсо Aбдураҳмонов 2015 йилда Қодировлар оиласи билан зиддият туфайли Чеченистонни тарк этишга мажбур бўлган. Можаро Aбдураҳмоновнинг соқоли туфайли бошланган — Чеченистон раҳбарининг жияни Ислом Қодировга бу ёқмай, кўчада Aбдураҳмоновни тўхтатиб, телефонни олиб, уйига олиб кетган. Aбдураҳмонов у ерда унинг диний қарашлари борасида узоқ вақт сўроқ қилинган.
Ўша кечаси Aбдураҳмонов оиласи билан Чеченистонни тарк этди. Европада у машҳур мухолифат блогерига айланди. Унинг YouTube блогига деярли ярим миллион киши обуна бўлиб, охирги видеоси уч ҳафта олдин эълон қилинган. Aбдураҳмонов Чеченистон расмийлари, журналистлар ҳамда Чеченистоннинг собиқ президентлари Жохар Дудаев ва Aслан Масхадовнинг фарзандлари билан биргаликда кўрсатувлар олиб борган.
Бундай кўрсатувлардан биридан сўнг Чеченистон парламенти спикери Магомед Даудов блогерга қонли қасосни эълон қилди. Aбдураҳмоновга суиқасд аллақачон бўлган: 2020 йилнинг февраль ойида унинг квартирасига яширинча кириб келган шахс унга болға билан ҳужум қилган.
2021 йил январида Швеция суди Aбдураҳмоновни ўлдиришга уринишда айбланган икки кишини ўн ва саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.