Рамазон ойи ҳақида ҳар қанча ёзсак-да етарли бўлмайди - бу муборак ой бошқа ойларга нисбатан шунчалик барака ва афзалликларга эгаки, бутун бир китоб бағишлаша арзийди. Аммо бугунги мақолада оддий мусулмон Рамазон ойида қандай қилиб осонлик ила савоб ишлаши мумкинлигига эътибор қаратмоқчимиз.
Садақа
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза қалқондир. Худди сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради», дедилар». (Термизий).
Рамазон ойида ихлос билан берилган садақа катта аҳамиятга эга. Садақа бой ва камбағал ўртасидаги фарқни юмшатади, жамиятда адолатни тиклайди. Шундай қилиб, мусулмон умматининг турли қатламлари ўртасида биродарлик алоқалари мустаҳкамланиб, жамият янада жипслашади. Лекин, албатта, Аллоҳ таоло ҳузурида садақанинг қадри баланд бўлиши учун яширинча қилингани маъқул.
Ўзгаларга билдирмай ёрдам берганлар, Аллоҳ таоло ҳузурида нафақат мукофот, балки амалларида баракот ҳам оладилар. Лекин бу кўрсатиб садақа бериш жоиз дегани эмас, албатта.
Биринчидан, ҳамма нарса кишининг қилаётган ниятига боғлиқ. Иккинчидан, агар оммавий садақа кимгадир ибрат бўла олса, уни ошкор қилиш ман этилмайди.
Аллоҳнинг маҳбуби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни шундай дедилар:
«Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, уч кеча ўтмасдан менинг ҳузуримда ундан бирор нарса қолиши хушнуд этмайди. Фақатгина қарзимни тўлашга бироз олиб қолган бўлсам, ундай эмас», дедилар, (Бухорий, Муслим ривоятлари).
Садақа ихтиёрий амалдир ва у ҳар қандай кўринишда бўлиши мумкин. Садақа мусулмонларнинг маънавий юксалиш йўлидаги ўзига хос қадамдир, шунинг учун у фақат пок қалбдан чиқиши керак.
Яна шуни ёдда тутиш лозимки, садақа миқдори муҳим эмас. Ҳар ким ўз имкониятини ҳисобга олган ҳолда эҳсон қилади ва бу унинг ажрини камайтирмайди.
Шуни унутмаслик керакки, садақа рухсат этилган йўл билан топилган маблағдан берилиши ва фақат Аллоҳ таоло рухсат берган нарсага сарфланиши керак. Масалан, сиз берган садақани ҳаром нарсани олиш учун ишлатадиган одамга эҳсон қилиш ярамайди. Бундай садақа учун одам ҳеч қандай савоб олмайди, аксинча, гуноҳга ботади.
Қўшниларга эҳсон қилиш
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари на қадар муҳим эканлигига ишорат қилиб, шундай деган эканлар:
“Жаброил алайҳиссалом менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узоқ уқдирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишни ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим”, (Бухорий, Муслим ривоятлари).
Ислом дини қўшнилар билан яхши муносабатларга катта аҳамият беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан кўплаб ҳолатлар мавжуд бўлиб, унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшниларига қандай диққат ва эътибор билан муносабатда бўлганлари ҳақида ҳикоя қилинади. .
Холис мўмин ибодат ва яхши амалларни фақат Аллоҳ ризоси учун қилади. Аллоҳ таолонинг розилигидан ташқари, ҳар бир мусулмон Жаннат боғларини орзу қилади...
Буни тушунсак, ёнимизда яшайдиган одамлар қийинчиликка дуч келса, биз ҳам бефарқ қолмаслигимиз керак. Ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ён қўшниси оч эканини била туриб, тўқ ухлаган кимса менга имон келтирмабди”, (Табароний ривояти).
Агар биз, қийин аҳволга тушиб қолган қўшниларимизга озгина бўлсада кўмак бериш имкониятига эга бўлсак, бу ёрдам аслида аҳамиятсиз бўлса ҳам, ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаслигимиз керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Эй, муслима аёллар! Ҳеч бир қўшни қўшнисига қўйнинг туёғини беришга ҳам орланмасин”. (Бухорий, Муслим ривоятлари)
Ифторликлар
Агар одамларга мунтазам равишда ёрдам беришнинг иложи бўлмаса, унда сиз ойига камида бир неча марта ифторлик учун кичик дастур солиб, камбағал оилалардан одамларни таклиф қилинг.
Камбағалнинг кўнглини олиш учун дабдабали дастурхон ёзиш шарт эмас, чўнтагингиз кўтарадиган бир-иккита таом пиширсангиз кифоя. Уларга сиз тайёрлаган ноз-неъмат эмас, балки озгина эътибор керак, холос.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Мусулмоннинг қайси фазилати яхши?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қорни очни тўйғазиши ва таниган-танимаганга салом бериши”, деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Рамазон ойи жуда тез ўтиб кетади ва биз фурсат кутмасдан имкон қадар кўпроқ савобли амалларни орттиришга вақт топишимиз керак.
Аллоҳ таолонинг бизга раҳмат ва мағфират этиб юборган муборак Рамазон ойида фаол бўлиб, хайрли амаллар хазинамизни тўлдириш имкониятини қўлдан бермайлик!