2009 йили ҳам Туркияга таътил сафаримни айни рамазон ойига тайин этганим ўша илк келганимдаги ҳавас ва муҳаббатдан эди.
Мана, ниҳоят, бу йилги рамазонни ҳам Туркияда ўтказдим. Олдинги йиллар таассуротларим билан солиштирадиган бўлсам, табиий, янада ижобий томонга ўзгаришлар бўлганини сездим.
Истанбулдаги катта, тарихий жомеъ масжидлар теварагида бир ой давомида асрдан то бомдодгача тинимсиз байрам, сайил бўлди. Оммавий ифторликлар, ҳар хил ўйинлар, илмий суҳбатлар, эҳсонлар, ҳадя улашишлар, болаларнинг чексиз завқ-шавқи!..
Телеканаллар бир-бири билан мусобақа ўйнагандай ҳар хил диний кўрсатувлар ташкил этган!.. Ифторгача бир ярим соатча, таровиҳдан сўнг саҳарликкача яна бир ярим соатча олимлар суҳбатини кўрсатган!.. Майдонларда минглаб киши иштирокида диний-илмий мавъизаларни тўғридан-тўғри олиб берган!.. Ҳатто телерекламалар ҳам асосан рамазон билан боғлиқ мавзуда тайёрланган!..
Шаҳарнинг ҳар бир тумани (“ilçе”си) танланган муқим бир ерда беш, ўн, ҳатто йигирма минг кишига мўлжаллаб икром дастурхони ташкил этиб қўйибди. Масалан, Фотиҳ тумани баладияси (belediyesi ‒ ҳокимияти) ўз ҳудудида, Ускудар тумани баладияси денгиз бўйидаги Ускудар майдонида, Айюб Султон туман баладияси Абу Айюб Ансорий зиёратгоҳи яқинидаги бир мактаб ҳовлисида, ва ҳоказо...
Бундан ташқари ўттиз (ё йигирма тўққиз) кун ичида ҳар бир баладия (ҳокимият) ўз ҳудудига қарашли турли ҳудудларда, маҳаллаларда ҳар куни кўчма ифторликлар уюштирди. Ва ҳаммасида баладия ҳокими ‒ бошқони иштирок этди. Ватандошларини рамазон билан қутлади, ифторликка келганлари учун миннатдорликлар билдирди.
Таом ҳар бир туманда ҳар куни деярли бир хил: сув, айрон, нон, шўрва, турк палови ва охирида ширинлик!
Ускудар баладияси бу йил яна бир хайрли ишга қўл урибди: қайсидир бир майдонида бу йил илк рўза тутганлар учун алоҳида ифторлик қилиб берди. Буни телевизорда кўрдим. Меҳмонлар ҳаммаси ёшлар, болачалар, қизчалар эди. Юзларида умрида илк бор рўза тутганлик шавқи балқиб кўринар, айниқса ҳокимлари қўлидан ифторлик ҳадяларини олиш уларнинг байрамларига байрам қўшиб юборган эди!
Истанбулнинг энг баланд Büyük Çамlıçа (Катта арчазор) тепалигида, айтишларича, Туркияда энг йирик, дунёда ҳам биринчи ўнликка кирадиган даражада катта, олти минорали мачит қурилаётган эди. Шуни бу йил рамазонда битказиб, Қадр кечаси куни очишни мўлжаллашган экан. Ҳокимият ўн минг кишилик ифторликни ва Қадр кечаси намозларини шу ерда ўқишни ваъда қилган.
Мен бу ёққа келганимдан бери шу хабарни эшитаман. Бир гал атай бориб қурилишни кўриб ҳам келдим. Чиндан ҳам улкан эди! Юзлаб қўшимча хонаси, анжуманлар саройи, мадрасалари, кутубхона ва яна кўп муассасалари билан жуда муҳташам лойиҳа экани кўриниб турарди!
Афсус, қурилиш битиб улгурмади. Шунда ҳам “Ваъда ‒ ваъда!” деб баладия бошқони Ҳилми Туркман рамазон бошланганидан бери ҳар кунги ифторликларда халқни шу мачитга чорлар, мачитнинг ҳарҳолда битган қисмида ‒ ҳовлисида Қадр кечасини ўтказишга ташвиқ этар эди. Қизиқиб, биз ҳам оилавий бўлиб бордик.
Бу мачит тўла битганидан ва расман очилганидан кейин у ҳақда алоҳида ёзишга ва расмларини эълон этишга ҳаракат қиламан, иншаоллоҳ. Шунинг учун ҳозир тафсилотига берилмайман. Ҳозир мен айтмоқчи бўлган ва ҳавас қилганим ‒ таровиҳ намозидан сўнгги бир ҳодисадир. Дуолар ва тасбиҳотлардан олдин ҳоким бир йигит билан бирга имомнинг ёнига бориб ўтирди. Сўнг имом Қуръон тиловати учун микрофонни ҳокимга узатди! Ва у... “Аманар росулу...”ни шунақа чиройли ўқиди!..
Эртасига маҳаламиз имомига шу воқеани айтиб ҳайратлансам: “Бошқонимиз ҳофизи Қуръон!” деди. Кейин эсладим, ўғлим ҳам бир гал шуни айтган эди. Мураттаб қори йигит Истанбулнинг энг йирик туманларидан бирининг ҳокими бўлса!..
Яна бир ўзига хос томони ‒ давлат телеканалларидан тортиб хусусий телеканалларгача “Хабар” дастурлари бир ой давомида давлат ва ҳукумат бошлиқларининг қаерда ва кимлар билан ифторлик қилгани ҳақида маълумот тарқатиб турди. Жумҳурбошқони (Президент) бўладими, Бошбоқон (Бош вазир) бўладими ё бошқа бир мухолиф партия бошлиғи бўладими, албатта бу ифторликларда қисқача нутқ сўзлар эди. Давлатнинг ички ва ташқи сиёсати ҳар куни шу ифторлик маҳаллари юритилди деса ҳам бўлади.
Ва ниҳоят, ҳайит! Бу ерда ҳайитга катта эътибор берилар экан:
1. Давлат ҳайит муносабати билан 9 (тўққиз!) кун ҳақ тўланадиган таътил берди. Хусусий ишхоналар бу миқдорни ўзлари белгилашаркан. Қурбон ҳайити таътили яна ҳам кўп бўларкан ‒ ўн кундан ўн беш кунгача чўзилар экан.
2. Шаҳар уловлари йўлкираси 3 (уч) кун ҳайит ичида тенг бараварга арзонлаштирилди. Масалан, тўлиқ кира ҳақи 2 лира 35 қуруш бўлса, ҳайит кунлари бу 1 лираю 17 қурушга туширилди. Одатдаги кунларда мен олтмиш ёшдан ошган сифатида имтиёзли тарзда 1 лираю 65 қуруш тўлайман, ҳайит кунлари автобус аппаратлари ақбилим (пластик каротчканинг бир тури)дан бор-йўғи 82 қурушгина ечиб олди. Бошқа кунлари йўлкираси 1 лира 15 қуруш қилиб белгиланган талаба ва мактаб ўқувчилари ҳайит кунлари 57 қуруш тўлашди, холос.
(Шу ерда бир нарсани қистириб кетмасам бўлмайди. Чунки биз бунақасига кўникмаганмиз: шунча яхшилик ва енгилликларга қарамай биронта одам кўчаларда, мачит меҳробларида, газетларда ё телеканалларда Туркия давлатига ё шахсан жумҳурбошқонига миннатдорлик изҳор қилганини кўрмадим!)
Булар ҳаммаси яхши, ҳаммаси гўзал! Аммо менга барибир нимадир камга ўхшаб туюлаверди... Нимадир етишмаётгандай эди...
Албатта, бу етишмаётган нарса рамазонда юртимдаги ўзига хослик, таровиҳ намозларидаги Қуръон хатмлари, қориларимизнинг ширали овозлари эди.
Яна айтиш мумкин бўлса, Ўзбекистонда ўқиладиган таровиҳ намозларидаги бўлакча бир ихлосга ўхшаган ихлосни, ёшларнинг бу намозларда кўрсатадиган улкан сабру бардош ва қаҳрамонликларига ўхшаган жидду жаҳдни бу ерда кўрмадим!..
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон,
ёзувчи
2016 йилнинг 11 июл куни
(давоми бор)