Ассалому алайкум, азиз ватандошлар, қадрли диндошлар!
Улуғ Рамазон рўзасини фарз қилган, ортидан кўнгилларга шодлик улашувчи байрамини бизларга насиб этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!
Аллоҳ таоло Исломнинг беш арконидан бири бўлмиш рўза ибодати учун хослаган бу ойни иймон-эътиқод билан, хулуси ният билан, ажру савоблардан умидвор бўлган ҳолда ўтказишни, бу ойда қилинган солиҳ амаллар учун ваъда қилинган беҳисоб улуғ мукофотларга ноил бўлишни барчамизга насиб айласин!
Меҳр-мурувват ойи бўлмиш Рамазонда мўмин-мусулмонлар ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди. Қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, беморлар, муҳтожларнинг кўнгли олинди. Молиявий ибодат ҳисобланган закотлар адо этилди, фитр садақаси ва фидялар берилди.
Бир ойгина меҳмонимиз бўлган Рамазонни кузатиб қолар эканмиз, уни ҳозирданоқ соғинмоқдамиз ва айни пайтда ҳайитга етишишнинг сурурини ҳис қилмоқдамиз. Барчамизга аҳилликда, тинч-тотувликда яшашни, юртимизнинг, халқимизнинг, динимизнинг равнақи йўлида ҳамжиҳат бўлишни, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишни насиб этсин!
Барчаларингизни Рамазон ҳайити билан чин дилдан муборакбод этамиз. Хонадонларингизга файз-барака ёғилишини, барчаларингиз соғ-саломат бўлишингизни тилаймиз.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ!