“Жорий йилда Наврўз байрами муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгилангани, 250 та меҳмонхона ва музейлар аҳолига чегирма бергани, зиёрат объектлари бепул қилингани ички туризм учун катта туртки берди.
Бу орқали Бухоро ва Самарқандга қўшимча 110 минг маҳаллий туристлар борди.
Келгуси ҳафтада Рамазон ҳайити муносабати билан ҳам аҳолимизга яна 5 кунлик дам олиш берилади.
Бу ҳудудларда ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имконият, деди Давлат раҳбари.
Туризм вазирлигига хорижий туристларга кўмаклашувчи сайтлар, мобил иловалар яратиш бўйича танлов эълон қилиб, энг яхшиларига грант ажратиш топширилди.
186 та халқаро ва маҳаллий фестиваллар ташкил этиш орқали жорий йилда камида қўшимча 1 миллион хорижий ва 5 миллион нафар ички туристларни жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, 1 сентябрдан бошлаб, юртимиз бўйлаб саёҳат қилаётган фуқароларга:
авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизини (авиатранспортга 200 минг сўмгача, темир йўл ва автобусга 100 минг сўмгача);
меҳмонхона харажатининг 20 фоизини (бир кеча учун – 80 минг сўмгача);
музей ва бошқа маданият объектларига чипта нархининг 50 фоизини (битта объект учун – 20 минг сўмгача) қайтариш тизими жорий этилади.
Байрам кунлари ва фестивалларда аҳолининг фаол саёҳат қилишига қулай шароит яратиш учун қўшимча авиа, темир йўл ва автобус қатновини ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда чипталарга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади.