Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Қуёш билан бировнинг иши йўқ, ойни эса тинч қўйишмайди

1503

 

Бир неча йил олдин Маккаи Мукаррамада Рамазон ҳайити кунлари айрим аҳли илмлар билан Рамазон ойининг бошланиши ва тугаши мавзусида қизғин баҳс бўлиб қолди. Улар ойнинг чиқишини олдиндан айтиш шариатга зид эканини айтиб, анча қизишиб танқид қилишди. Мен ҳам шариатга кўра асл қоида шу, ойни кўриб иш кўриш кераклигини таъкидласам‑да, бошқа бир жиҳатдан мулоҳаза қилиб, савол бердим: «Намозларни нимага қараб ўқияпсизлар?» Суҳбатдошим аҳли илм киши бўлиб, саволнинг мақсадини тушунгани учун дарҳол: «Муаззиннинг азонига, уёғига у жавоб беради», деди. Мен: «Яхши, муаззин нимага қараб азон айтади, тонгни ва қуёшнинг ботганини кўзи билан кўриб айтадими ёки бир йил олдин чиқарилган тақвимда кўрсатилган вақтларни соат орқали белгилаб айтадими?» дедим. Ҳамсуҳбатим: «Ҳа, энди бу бошқа масала, ойни кўриш кераклиги ҳадисларда очиқ айтилганда», деди. Мен: «Аслида иккала масаланинг негизи бир, фақат намоз вақтлари борасида биз тақвимга тўлиқ ишониб қолганмиз, тажриба шуни кўрсатган, аммо ой борасида ҳали бу ишонч йўқ, фарқ шунда», дедим. Суҳбатдошим фикримни қабул қилишга жуда қийналди.

Ҳақиқатан, аслини олганда муаззин тонгни кўриб бомдодга азон айтиши, кун ботганини кўз билан кўриб шомга азон айтиши керак. Бошқа намоз вақтларини ҳам коинотдан аниқлаши керак. Масалан, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу кўзлари аъмо бўлгани учун бир киши тонг отгани белгисини кўриб, у кишига хабар қилар, шунда у киши бомдодга азон айтар эди. Аммо бугун ҳеч ким бундай қилмайди, ҳатто Иккала Ҳарамда ҳам муаззин ёпиқ хоналар қаърида соатга қараб азон айтади, ҳеч биров тепароқ жойга чиқиб, қуёшни кузатиб азон айтмайди. Буни ҳамма қабул қилиб бўлган. Аммо ойнинг чиқишини олдиндан айтилишини одамлар қабул қилмаётир. Айтиш жоизки, намоз тақвимини ҳам дастлаб қабул қилиш қийин кечган, бироқ, вақт ўтиши билан унинг ҳисоби тўғри эканига ишонч ҳосил бўлгач, ҳамма шу тақвимларга ўтиб кетди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида намоз вақтлари учун бугунгидек тақвим, соатлар бўлмаган, аммо ой хусусида ҳисоб илми бўлган, шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ойни кўриб рўза тутиш ва оғиз очиш ҳақида баён берганлар, аммо намоз вақтлари борасида бу каби таъкидлов йўқ, чунки, айтиб ўтганимиздек, у вақтларда намоз вақтларини белгилашда табиатдаги белгилардан бошқа манба бўлмаган. Ой борасида фалакиёт илмида тахминий ҳисоблар борлиги ва бу ҳисобларда хато эҳтимоли мавжудлиги учун шариат уларга суянишдан қайтарган ва ойни аниқ кўриб иш қилишни буюрган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: «Биз уммий умматмиз, ёзмаймиз ҳам, ҳисобламаймиз ҳам», деганларида ибодатларда тахминий илмларга эмас, аниқ маълумотга ишониш кераклигини таъкидлаганлар. 

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, охирги йилларда рамазон ойининг бошланиши ва тугашида ой кўриш масаласида юртимизда ҳам жиддий ёндашувлар юзага чиқиб, ойни кўриб рўзани бошлаш ва якунлашга ҳаракат қилинмоқда. Бироқ, куни кеча ҳайитни белгилашда ҳали ойни кўрмай туриб, ҳисоб билан ҳайит эълон қилиниши ортидан турли баҳс‑мунозаралар яна авж олди. Сабаби ‒ ойни кўриб рўзани бошлаш ва тугатиш борасида келган очиқ ҳадисларга гўё амал қилинмагандек бўлди. Шариатдаги кўрсатмаларнинг зоҳирига кўра бу эътироз ўринли, бироқ, ойни кўришдан мурод янги ой чиққанини билиш, деган маънога урғу берилса, хилофга ҳожат қолмайди. 

Бу ерда бошқа бир масала ҳам бор: аслида беш маҳал намоз вақтлари ҳам соат ва ҳисоб‑китоб билан эмас, қуёшнинг ҳаракатига қараб белгиланиши керак. Аммо ҳозирда бунга ҳеч ким эътибор бермайди, ҳамма бир йил ёки бир неча йил олдин чиқарилган тақвимда кўрсатилган вақтларни соат орқали аниқлаб, шунга кўра намоз ўқийверади. Ҳатто ойни кўриб рўза тутиб, ҳайит белгиланаётган юртларда ҳам, масалан, Икки Ҳарамда ҳам азонлар соатга қараб айтилади, ҳеч ким тонгни кўриб ёки ғурубни кузатиб азон айтмайди.

Бошқача қилиб айтганда, Рамазонда кундалик оғиз ёпиш ва очиш вақтларини белгилашда ҳамма беихтилоф соатга, ҳисоб‑китобга суянади, бундаги асл асос ‒ тонг ва ғуруб билан бировнинг иши йўқ, аммо ойлик белги ‒ Ойнинг чиқиши ва тугашини ҳамма жон бериб муҳокама қилади, унда фалакий ҳисобни тан олмайди. 

Яна бир таъбир билан айтганда, Аллоҳ таоло ҳисоб‑китоб учун яратиб қўйган икки белгига икки хил муносабат қилинмоқда: Қуёш билан бировнинг иши йўқ, Ойни эса тинч қўйишмайди. Аслини олганда, иккисида ҳам моҳият ва ҳолат бир, фақат буни тушуниш учун озгина тааммул лозим. 


Хўш, нима қилиш керак?
Асл қоида шуки, намоз вақтларини қуёшга қараб, рўзани ойга қараб белгилаш керак. Агар фалакиёт илми ҳисоби билан бегиланган вақтлар тажрибада ўзини оқлаб, аниқ илмни ҳосил қилса, унга эргашиш ҳам мумкин. Бу қоидани намозда ёки кунлик рўзанинг саҳарлик ва ифторлигида қабул қилиб, ойга нисбатан инкор қилишда мантиқий зиддият бор. Шунинг учун кундалик рўза ва намозида ҳисобга суянаётган одамларнинг ойни белгилашда ҳилолни кўрмадинглар, деб бонг уриши ўринсиз. Илло масъуллар ноаниқ ёки янглиш илмга асосланишган бўлса, у ҳолда даъво қилса бўлади. 
Яхшиси, омма фатвога эргашиши керак. Мутасаддилар эса ойни олдиндан айтиш зарурати бўлганда, замонавий имкониятлардан келиб чиқиб, янги ойни ҳисоб илми орқали тахминий эълон қилиб, кейин шариатнинг зоҳирига амал ўлароқ ва хилофдан чиқиш учун ойни ҳам кузатишни қўшимча қилишса, энг афзали шу бўлади. 
Мисол учун, moonsighting.com сайтини мен қарийб 15 йилдан бери кузатиб келаман, бирор марта хато бўлганини билмайман, ҳар доим ойни кўз билан кузатганлар уларнинг ҳисобини тасдиқлаб келади. Бу сайтнинг бошқарувчилари ҳам фалакиёт илмида, ҳам фиқҳда пешқадам кишилар. Билишимча, бизда ҳилол ҳақида олдиндан хабар берилганда шу каби пухта манбаларга асосланишади.
Кимдир: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ойни кўриб рўза тутинглар ва оғиз очинглар», деганлар‑ку, ойни олдиндан айтганда бу ҳадисга зид иш бўлади‑ку», дейиши мумкин. Тўғри, асл қоида ойни кўз билан кўриб иш тутиш, аммо ҳадиснинг фиқҳига назар солинса, унда рамазонни тусмолан бошлаб, тугатмаслик кўзда тутилган, бўлмаса, ҳилолни кўришнинг бошқа аҳамияти йўқ. Ҳозирда фалакиёт илми шунчалар ривожландики, у орқали янги ойнинг қачон туғилиб, қайси соатда Ернинг қаеридан кўринишини дақиқаларигача аниқ қилиб айтиш мумкин ва бу аниқлик бир неча йилдирки ўз исботини топиб келмоқда. Зотан, Аллоҳ таоло барча нарсани ўлчов билан яратган, Ойга манзиллар бичиб қўйган ва у ўша манзилларда ўзгаришсиз ҳаракатланади. Ана ўша ўлчовни инсон кузатув орқали билиб, шунга кўра янги ойнинг бошланишини олдиндан хабар беришида шаръий ҳеч бир монеълик йўқ. Агар бу ҳисоб‑китоб аниқ илмни ҳосил қилса, мақсад ҳосил бўлган ҳисобланади. Ҳадисдаги “ойни кўриш”дан мурод эса, “ойни билиш” деб тушунилади. Зеро, араб тилида “кўрмоқ” феъли “илм” маъносида ҳам ишлатилади. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам янги ойни кўз билан кўриб эълон қилиш энг афзал иш, хилофларга ечим саналади. Шу боис, айрим такшилий ишлар, тайёргарликлар учун фалакиёт ҳисоби бўйича Рамазон ва ҳайит кунларини олдиндан билиб, хабар қилинса ҳам, шариатдаги ойни кўриш талабига кўра, ойни керакли минтақалардан ўз вақтида кузатиб, ҳилол кўринганини ўшанда эълон қилинса, нур устига нур бўлади, ихтилофга ўрин қолмайди, қадим ва замон услуби жамланган бўлади. 
Ўрни келганда шуни ҳам айтиш лозимки, уламолар шариат аҳкомларини жорий қилиши учун халқ ҳам ҳисса қўшиши, тайёр бўлиши керак. Масалан, одамлар «Арафа ошини қачон қиламиз ёки ота‑бобомиздан қолган бу одатга сизлар қаршимисизлар?» деб тўпалон қилиб турса, яна кимдир «Ҳайит қачон? Фалон‑фалон мамлакатларда ҳайит кунини белгилаб бўлишди, нега бизда ҳеч гап йўқ ҳалиям?» деб турса, бошқа тарафда давлат ишлари ҳайит кунига қараб қолса, бундай вазиятда масъул тараф нима қила олади? Ўз‑ўзидан ҳар жиҳатдан энг мақбул бир йўлни танлашга мажбур бўлади, гарчи айрим фиқҳий қарашларга зид бўлса ҳам. Шунинг учун фиқҳнинг ярми воқеълик фиқҳи ҳисобланади. Буни тўғри тушуниш керак.
Бу мавзуда яна бир қатор мулоҳазаларни муҳокама қилиш мумкин, аммо мақсадни англатишга мазкур сатрлар кифоя деб ўйлайман. Ҳақни рўёбга чиқаришга қаратилган холис илмий баҳсларга ҳамиша тайёрман. Бироқ, даҳанаки тортишувларга тоқат йўқ. Яхшилик бўлса, Аллоҳ таолодан, камчиликларимизни Ўзи мағфират айласин. 


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид1444 ҳижрий сана 3 шаввол

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага