Савдо марказларидан бирида кассада навбатда туриб, мендан икки навбат олдинда турган болакайнинг олган нарсаларига пули етмаслигини эшитдим.
Сотувчи қиз:
– Биттасини танлашинг керак. Ё унисини, ё бунисини, – деди.
Болакай бир қўлидаги арзон ичимликка, бир қиммат шоколадга қаради. Сўнг шоколадни қўйиб, ичимликни бағрига маҳкам босди. Шоколад балки 50 лираям турмасди.
Ҳеч нарса демадим.
Кассадан ўтиб, ташқарида болани кутиб турдим ва “ушладим”.
– Лимонатни ҳеч нарсасиз қуруқ ўзини ичиш мумкинми? Кел, ёнига бирор нарса оламиз, – дедим.
Қўлидан ушлаб, қайтадан савдо марказига шўнғидим.
– Қучоғингга сиққанича шоколад олишинг мумкин! – дедим.
– Қўйнимниям тўлдирсам бўладими? – деди у кўзлари порлаб.
– Албатта, нега бўлмасин, – дедим.
Кўзига нима ширинлик яхши кўринса, ҳаммасидан икки донадан олди.
Кассага бордик. Болакайни озиқ-овқат солинадиган халталар қўйиладиган лентанинг устига ўтқаздим.
Қўлидаги лимонатни бағрига маҳкам босганча, қиқирлаб кулиб лентанинг охиригача келди. Кейин тик туриб, кийимини кўтарди. Қўйнига солиб олган ҳамма ширинликлари пештахта узра сочилди.
Қиз кулди, болакай кулди – ДУНЁ КУЛДИ.
Кейин ҳисоб-китоб қилдик. Ширинликларни елимхалтага жойладик.
Ташқарига чиқарканмиз, менга қайрилиб қараганча: “Кошки, лимонатниям иккита олганимизда эди...” деди.
– Нима қиласан? Мен билан ичмоқчимисан? Раҳмат, мен лимонат ичмайман.
Қани энди, тезгина уйингга бор! – дедим.
– Йўқ, сизга эмас. Ҳамма нарса иккитадан, фақат лимонат битта... Энди синглим йиғлайди, – деди.
Яна дўконга қайтдик. Яна битта лимонат олдик. Яна бир бор кулдик. Яна бир бор бахтни ҳис қилдик...
Сўнг болакай ортига қарамасдан югурганча уйига йўл олди.
Дўкон эшигининг олдида болакайнинг ортидан кузатиб қолган сотувчи қиз ёнимга келди:
– Болакайни танимайсиз, тўғрими? – деди.
– Йўқ. Танимайман, – дедим.
– У ҳолда, нега унга шунча нарса олиб бердингиз? – ҳайратини яширмади қиз.
– Чунки жудаям бой одамман, – дедим.
– Ҳааа, шундайми? Ундай бўлса, зарари йўқ, – деди. Сал ўйлаб тургач:
– Ўзи нима иш қиласиз? – деди.
– Менми? Болаларнинг кулгуларини сотиб оламан... – дедим.
Гулбаҳор Абдуллоҳ таржимаси