Мутлоқ монархия ҳисобланувчи Қувайт давлати бошқарувида секин-аста демократия механизмлари ишга тушмоқда.
Қувайт амири шайх Наваф Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ шайх Аҳмад Наваф ал-Аҳмад ас-Сабоҳни яна бош вазир этиб тайинлади.
Қувайт расмий агентлиги KUNA хабарига кўра, Қувайт амири амалдаги Бош вазир ас-Сабоҳни лавозимига қайта тайинлаб, ҳукуматни янгидан шакллантириш вазифасини топширган.
Бош вазир ас-Сабоҳ 6 июн куни бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг истеъфога чиққан ва Қувайт амири унинг янги ҳукумат тузилгунича ўз вазифасида давом этишини сўраган эди.
Ас-Сабоҳ 2022 йил июлида илк бор бош вазир лавозимига тайинланган, парламент эса ўша йилнинг августида тарқатиб юборилган. Ҳукуматни қайта тузиш вазифаси берилган ас-Сабоҳ 2022 йил 2 октабрда такрор истеъфога чиққанди.
2022 йил 5 октабрда бош вазир лавозимига тикланган Сабаҳ бошчилигидаги ҳукумат 2023 йил 23мянварда истеъфога чиқди, Сабаҳ эса 5 мартда бош вазир лавозимига тикланди.
Халқ Мажлисининг тарқатилиши сайлов қарорлари
Қувайт амири шайх Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 2022 йил августида “депутатлар ўртасидаги номувофиқлик” сабаб Халқ Мажлиси (Мажлисул Умма)ни тарқатиб юбориб, янгидан сайлов ўтказишга қарор қабул қилган, халқ ўша йилнинг 29 сентябрида янги ноибларини (депутатларни) сайлаганди.
Бироқ орадан тахминан 6 ой ўтиб, 2023 йилнинг 19 мартида Конституциявий суд аввалги парламентнинг тарқатиш ҳақидаги давлат раҳбарининг қарорини (!) “ноқонуний” деб баҳолаб, 2022 йилда ўтказилган умумий сайловни бекор қилиш ҳақида ҳукм чиқарди
Олий суд парламентнинг аввалги сайловларда, яъни 2020 йилда сайланган аъзолари билан ишлашни давом эттириши керак деган қарорга келди.
Аммо Қувайт амири ҳам бўш келмади, Конституциявий суд қарори билан ўз вазифасига қайтган 2020 йилги мажлисни жорий йилнинг 17 апрелда барибир тарқатиб юборди, 2023 йил 6 июнда янгидан депутатлик сайловларини ўтказишга қарор қабул қилди ва сайловлар бўлиб ўтди.