“Кофир бўлган кимсалар (Сизга): “Пайғамбар эмассан”, дейдилар. Айтинг: “Мен ва сизларнинг орамизда Аллоҳ ва Китоб илмидан хабардор бўлган кишилар гувоҳ сифатида кифоя қилурлар” , дейди Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 43-оятида.
Ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий ҳазратлари ушбу оятни айнан “Илмнинг фазилатлари” бобида келтиришларидан мақсад, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга ўзларининг набий эканликларига аввало Ўзини, кейин эса китоб илмидан хабардор кишиларни гувоҳ сифатида келтиришларини буюрмоқда. Бу ҳам Китоб – Қуръон илмидан хабардор кишиларнинг шарафи нақадар улуғ эканига далолат қилади.
Бошқа бир оятда эса: “Китобдан хабардор бўлган зот эса: “Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман”, деди”, дейилади (Намл,40).
Бу оят Сулаймон алайҳиссалом ҳақларидаги воқеага алоқадор бўлиб, унда Сулаймон алайҳиссаломнинг вазирлари илмининг қуввати билан тахт(арш)ни кўз очиб юмгунча олиб келишга қодир экани баён этилмоқда. Яъни, Сулаймон алайҳиссалмнинг вазирлари бу имкониятга илм орқали эришган.
Яна бир ояти каримада: “Ушбу мисолларни Биз одамлар ибрат олишлари учун айтурмиз. Лекин улардан фақат олимларигина англайдилар” , дейилади (Анкабут, 43). Аллоҳ таоло Қуръони каримда қирқдан ортиқ зарбул масаллар келтирган бўлса, уларни ҳақиқий маънода фақат олим кишиларгина англашини ушбу оят орқали баён қилмоқда. Демак Роббимиз бизга келтирган мисоллардан тўлиқ, кутилганидек фойда олишимиз учун илм ўрганиб, олим бўлишимиз даркор. Салаф кишиларга Қуръондаги ана шундай зарбулмасаллар ўқиб берилса, яхши тушуна олмаганлари учун “Биз олимлардан эмас эканмизда” деб маҳзун бўлишгани ҳикоя қилинади.
Аъроф сурасида эса: “Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва зийнат кийимларни туширдик. Аммо тақво либоси – ана ўша яхшироқдир” , дея марҳамат қилинади (Аъроф, 26).
Баъзи уламолар ушбу оятдаги авратларни беркитувчи либос – илм, зийнат кийимлар – иймон, тақво либоси эса – ҳаёдир, деб тафсир қилишган. “Аврат” деб инсоннинг уят жойлари тушунилса, “либос” деганда ўша жойларни беркитиб турувчи восита тушунилади. Баъзи муфассирлар, жумладан Имом Ғаззолий ҳам “либос”ни “илм”га ўхшатмоқдалар. Сабаби илм ҳам либос каби кишининг айб-нуқсонларини яшириб туради.
“Иҳёу улумиддин” китобида муаллиф юқоридагилардан ташқари илмнинг фазлига далолат қилувчи яна бир нечта оятларни келтирадилар. Сўнгра Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларга навбат берадилар.
Жумладан, “Кимгаки Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб, унга тўғри йўлни кўрсатади” , деганлар пайғамбаримиз. Бошқа бир ҳадисда эса: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” , дейилган.
Маълумки, инсониятнинг ичида энг шарафли ва ҳурматли зотлар пайғамбарлар ҳисобланади. Демак мана шу шараф ва ҳурматга меросхўр бўлиш ҳам буюк мақом саналади. Ушбу ҳадиснинг бошқа ровий томонидан келтирилган давомида эса: “Пайғамбарлардан динор ва дирҳам (бойлик) мерос қолмаган. Улардан фақат илм мерос қолгандир”, дейилган. Шундай экан, уламолар пайғамбарларнинг чин маънодаги меросхўрларидир.
Бошқа бир ўринда Набий алайҳиссалом: “Олим учун осмонлару, ердаги барча нарсалар истиғфор айтади” , деганлар. Дунёдаги ҳеч қандай мансаб-мартаба соҳибига бундай имконият ваъда қилинмаган. Олим илм-маърифат билан машғул бўлар экан, осмондаги фаришталар, ер юзидаги ҳайвонлар унинг ҳаққига истиғфор айтиш билан машғул бўладилар. Чунки агар ер юзида илм камайиб, жоҳиллик урчиб кетса, Аллоҳнинг ғазаби келади ва бунинг оқибати ер юзига бало ва офатларнинг ёғилиши билан натижаланади. Келган балолар эса ҳайвоноту, наботот оламини ҳам четлаб ўтмайди. Олимлар эса қайсидир маънода бундай бало-офатларнинг олдини олишга хизмат қиладилар.
Яна Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳикмат шарафли кишининг шарафини зиёда қилади ҳамда қулни подшоҳга айлантиради” , дея марҳамат қилганлар. Тарихни ибрат назари билан ўрганадиган бўлсак, бу ҳадиснинг нақадар ҳақиқат эканига гувоҳ бўламиз. Қийинчилик, машаққат, камбағалликда яшаган қанча-қанча кишилар илми туфайли кейинчалик юксак мартабаларга эришганлар. Масалан, Юсуф алайҳиссаломни қудуқдан қутқариб, қул қилиб сотиб юборишганда, Аллоҳ берган илм ва ҳикматлари туфайли кейинчалик вазир, ундан кейин эса подшоҳ даражасига кўтарилдилар. Бу илмнинг бу дунёдаги самараси бўлса, охиратдаги мукофот катта ва абадий бўлади.
Бошқа бир ўринда эса: “Иймон яланғочдир. Унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, самараси эса илмдир” , деганлар Пайғамбаримиз. Ушбу ҳадиснинг санади заиф бўлса-да, илмнинг фазли ва даражасини англаш учун етарли ҳисобланади.
«Иҳёу улумиддин» китобидан
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил таржимаси.