Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Қурбон учун йиғлайми, қотил учун йиғлайми?

3634

Ота дегани суянч, жисму жон билан боғланган ҳаловат. Ака дегани тоғ, ака десанг томирларингда меҳр жўш уради. Мана шу икки сўзнинг ўзигаям суяниш, куч олиш мумкин.  

Оммавий ахборот воситаларида Самарқанд вилояти Ургут туманида қотиллик жинояти содир этилганлиги ҳақида хабарлар эълон қилинди.

Самарқанд вилоят прокуратурасига кўра, 2022 йил 07 июнь куни соат 19:30 ларда, Ургут тумани “Навбоғ” кўчасида яшовчи фуқаро Ж.М. туман ИИБга мурожаат қилиб, унда отаси Б.М. ва укаси Ш.М.лар уйида йўқлиги, қўл телефон рақамлари ишламаётганлиги уларни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Олиб борилган терговга қадар текширув жараёнида Ж.М.нинг бошқа укаси Ш.М. туман ИИБга айбини бўйнига олиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, унда 2022 йил 15 май куни соат тахминан 07:00 да отаси Б.М. ва акаси Ш.М.лар билан жанжаллашиб қолиб, уй-хўжалигида фойдаланган болта ва ошхона пичоғи билан дастлаб акаси Ш.М.ни сўнгра отаси Б.М.ни танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, уларни қасддан ўлдирган ва яшаш уйининг томорқасига кўмганлигини маълум қилган.

Ш.М.нинг тушунтиришига асосан уйнинг томорқа қисми кўздан кечирилганда, Б.М. ва Ш.М.нинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган. Ҳолат юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Хабарнинг қолгани терговга қадар текширув ва ҳоказо. Очиғи бу хабарни титраб ўқидим. Томирларим увишиб қолди. Қобил Ҳобилни ўлдириб, Одам Атониям ўлдираётгандек туйилиб кетди. Хабар менинг ҳам юрагимга найза бўлиб санчилиб қолган. Қурбон учун йиғлайми, қотил учун йиғлайми билмайман. 

Шу ота ўғил кўрдим деб қувонган. Шу ота элга ош бериб, суннат тўйлар, никоҳ тўйлар қилган. Шу ота боласи қўлидан бир неча марта... Бўлди, бу ёғини ёзолмайман. Ота-я... 

Олти ёш эдим шекилли. Отам ва уч қишлоқдошимиз қўшни тумандаги қариндошимизникидан тўйдан қайтишда авария бўлган. Хуллас, онам раҳматли ярим кеча ҳаммамизни уйғотди. Акаларимни кийинтириб опчиқиб кетди. Машинадагиларнинг бири ҳалок бўлган, учтаси тирилтириш бўлимида деган хабар келибди. Ўшанда кичкина оқ рўмолни ёзиб олиб, қиблага қараб отам тирик бўлсин, отажоним ўлмасин, деб  йиғлаб ўтириб чиққанман. 

Ота фарзанд учун нималар қилмайди. Вояга етгунча нима азобларни кўрмайди. Туғилганида бир қувонса, илк қадамини қўйганда яна бир қувонади. Дад-да деб тили чиққанида борлиғини беради боласига. Шунинг учун отанинг рутбаси баланд.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ота-онага оқ бўлиш ҳақида сўрашди. У зот жавоб қилдилар: “Агар фарзанди кийимини қоқса, унинг чанги отаси ё онасига тегса, бу фарзанд Аллоҳ ҳузурида оқ бўлган, дея ёзилади”. Бу фарзанд отагинаси билан аввал жанжаллашган. Бир гуноҳ бошқасини чақириб, икки суянган тоғининг қотили бўлган. Бу оиланинг ички шароитини билмаймиз, жанжал сабаблари қоронғи. Балки илдизи бошқа муаммоларга боғлиқдир. Билганимиз қотиллик содир бўлди. Ҳеч нарсани ортга қайтаришнинг иложи йўқ. 

Иложи бор нарса бошқа бундай ҳолат содир бўлмаслиги учун фарзандларимизга ота-она ҳақидаги ҳадисларни, уларнинг бурчини тўғри тушунтириб тарбиялаб бормоғимиздир.

Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:  «Сизларга кабираларнинг энг улкани хабарини берайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оқ бўлиш», дедилар ва ёнбошлаб ётган эдилар, қадларини ростлаб ўтириб: «Ҳой! Ёлғон сўздан огоҳ бўлинг!» дедилар. Ана шу гапни қайта-қайта такрорладилар, (қўрқиб кетганимдан) «сукут сақласайдилар», дедим».

Мана бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтиришдек буюк, дунёдаги энг катта гуноҳдан кейинги иккинчи ўринда ота-онага оқ бўлишни айтяптилар.

Баъзан қотил ҳақида гап кетса, уни оқлагучилар топилади. Бекорга шунчаликка бормагандир, дейишади. Тўғри, жаҳл чиқса, ақл кетади. Елкасига шайтон минган одам ўзини идора қилиши қийин. Иккинчи томондан ҳам нимадир ўтади. Лекин бу қотиллик қил дегани эмас. Яна ўз жигари, ўз отаси қонини тўкиш дегани эмас. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қотил мерос олмайди», – дедилар».

Сунан эгалари ва Дорақутний ривоят қилишган. 

Бу ҳукмнинг иллати – ўзига тегиши керак бўлган нарсани вақтидан олдин олиш учун қотиллик қилиш. Шунинг учун у меросдан маҳрум қилинади. 

Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) шундай деганларини эшитади: “Аллоҳ азза ва жалла айтади: Мен Раҳмондирман. Мен “раҳм”ни яратдим. Ва унга ўз исмимдан исм ясадим. Бас, кимки, раҳмни боғласа, уни боғлайман (яъни уни яхшиликка боғлайман, қилган хайрли амали учун мукофотлайман). Кимки, раҳмни узса, уни кесиб ташлайман!”. (Бухорий: “ал-Адаб ал-муфрад”) 

Ҳадиси қудсийнинг маъноси ака-ука, жигарчилик алоқалари ҳақида. Аллоҳ ўз исмидан олиб, қариндошлар орасидаги ришталарни боғламоқда. Қон-қариндошлар билан чиройли алоқада бўлишнинг дунёю охиратдаги фазли, ҳамда силаи раҳмни тўхтатишнинг, қариндошлар билан алоқани узишнинг уқубати ва аянчли оқибати ҳақида ворид бўлган ҳадислар ниҳоятда кўп. Қани битта акам бўлсаю, қийин дамларда маслаҳатгўйим бўлса, акам бўлганида унга мадад бўлардим, айтганини қилардим, деган гапларни кўп эшитганмиз. 

Укасининг қўлидан маҳкам ушлаб, далда бўлаётган, йиғласа овутаётган акачаларни кўрсак, қалбига жигарчилик туйғусини солган Аллоҳга ҳамд айтамиз. 

Хуллас, бу ёғи ҳуқуқ идораларининг иши. Қотиллик сабабини аниқлашади. Бизнинг қалбимизда фақат марҳумлар ҳақига дуо бор, холос. 

Фарзандларимизни икки дунёда раҳмат олиб келадиган қилиб тарбиялайлик!

Манзура Шамс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага