Қозон шаҳрида Татаристоннинг Билимлар интеграцияси институти “Тўплам” жамоат бирлашмалари ассоциацияси билан биргаликда «Қуръони карим сураларининг мавзулар бўйича тафсири»нинг араб тилидан таржимасини чоп этди. Мазкур муборак тафсир Шайх Муҳаммад Ғаззолий ҳазратларининг қаламларига мансубдир.
Албатта, ислом дини мавжуд бўлган асрлар давомида Қуръон тафсирига оид кўплаб асарлар яратилган.
Агар илк илоҳиёт олимлари Қуръони каримнинг энг аввало лисоний, тарихий ва кўплаб ҳайратланарли томонларини тушунтиришга ҳаракат қилган бўлсалар, Ғаззолий ўқувчи эътиборини ҳар бир суранинг уйғун тузилишига қаратади, унда мавжуд бўлган тушунча ва ҳукмларни бошқа суралар билан боғлиқлигини ифодалаб кетади. Шу маънода Шайхнинг Қуръон илмига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Бу усул ёрдамида у Каломуллоҳни тушунишни осонлаштириб, унинг баъзи сирларини очиб бера олган. Ўқувчи нафақат Қуръон маъноларини яхшироқ тушуниш, балки Илоҳий Китобнинг гўзаллигини ҳам қадрлаш имкониятини қўлга киритади.
Шайх Ғаззолий ижодининг яна бир хусусияти шундаки, у Қуръон мавзуларини тарихий ва маданий шароитда кўриб чиқади. Бу Қуръон қиссаларини нафақат Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаёти ва фаолияти, балки замонавий ҳаёт билан ҳам боғлаш имконини беради. Шундай қилиб, Қуръон оятлари амалий қўлланма бўлиб, унинг ёрдамида замонавий муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Албатта, Қуръоннинг ҳеч бир тафсири унинг маъносини тўлиқ ифодалай олмайди; аммо бу муҳим ишдаги ҳар бир қадам илоҳий матнни тўлиқроқ ва чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий 1917 йил 22 сентябрда Мисрда туғилган. Олий диний маълумотни машҳур ал-Азҳар университетида олган, сўнгра турли лавозимларда ишлаган, ислом динига даъват билан шуғулланган ва шогирдлар етиштирган. У зот 60 дан ортиқ китоблар, юзлаб илмий ва публицистик мақолалар муаллифидир. У кишининг асарлари ўзига хос услуби билан ажралиб туради, айни пайтда ақл ва қалбга жозибадор бўлиб, ислом динининг моҳиятини чуқур ва тўғри англашда хизмат қилади.
Шайх араб мамлакатларида жамоат онгини ислоҳ қилишда муҳим рол ўйнади. Миср, Саудия Арабистони, Қувайт ва бошқа мамлакатлар университетларида дарс берганлар. У зотнинг шогирдлари орасида Абдул-Ҳалим Увайс, Тоҳа Жобир ал-Алвоний, Шайх Юсуф ал-Қарадавий ва бошқа таниқли уламолар бор. Ғаззолий Қатарда ислом олий диний таълимнинг ривожланиши ва Жазоирда Ислом университетининг ташкил этилишига ҳисса қўшган.
Ислом оламининг долзарб масалаларига бағишланган анжуман ва форумлар ишида фаол иштирок этган Шайх Ғаззолий ал-Азҳар университети қошидаги Исломшунослик академияси, Иорданиядаги Ислом олами Фанлар академияси, Халқаро ислом тафаккури институти (АҚШ) Васийлик кенгаши ва бошқа нуфузли илмий муассасаларнинг ҳақиқий аъзоси бўлган.
Таниқли ислом олими ва жамоат арбоби, публицист, педагог ва ислоҳотчи Муҳаммад Ғаззолий 1996 йили 9 март куни Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳридаги халқаро конференция вақтида юрак хуружидан вафот этади ва Мадинаи Мунавварадаги Бақиъ қабристонига дафн қилинади.