Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг 18 апрель куни парламент тингловларида Озарбайжон билан тинчлик ўрнатиш ҳақидаги баёнотларига Москвадан ўзига хос муносабат билдирилди.
Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Озарбайжон, Россия ва Арманистон ўртасидаги уч томонлама келишувларни «икки давлат ўртасидаги вазиятни ҳал қилиш учун ягона ҳақиқий восита» деб атади ва уларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Песковнинг Пашинян баёнотига дарҳол муносабати
Эслатиб ўтамиз, парламентда сўзга чиққан Никол Пашинян Арманистоннинг Озарбайжонга қарши ҳудудий даъволаридан воз кечишини тинчликка эришишнинг ягона йўли деб атади ва Прага декларациясига кўра, томонлар 1991 йилдаги Олмаота декларациясига асосланиб, бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олишга келишиб олганини эслатди. Бош вазир декларацияни имзолаш вақтида собиқ Тоғли Қорабоғ автоном вилояти Озарбайжон ССР таркибига кирганини қўшимча қилди.
Песковнинг баёнотидан нимани тушуниш мумкин?
Бундан, Кремль Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Европа Иттифоқи воситачилигида имзоланган Брюссел ва Прага декларациясини икки давлат ўртасида тинчликка эришиш нуқтаи назаридан «реал асос» деб ҳисобламайди, деб хулоса қилиш мумкин. Айнан Брюссел ва Прага декларациясида Арманистон ва Озарбайжон 1991 йилги Олмаота декларациясига асосланиб, бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини, яъни, Арманистон собиқ Тоғли Қорабоғ ҳудуди Озарбайжон таркибига кирганини тан олган.
Аслида Москванинг АҚШ ва Европа Иттифоқи воситачилигида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик ўрнатиш йўлида қўйилган қадамлар, қабул қилинган қўшма баёнотлар ва эришилган келишувлардан норозилиги янгилик эмас. Россиянинг турли даражадаги расмийлари эришилган келишувлар ёки қабул қилинган қўшма баёнотлар тафсилотларига тўхталмаган бўлсада, бу ҳақда бир неча бор гапирган.
Умуман олганда, Кремль Ғарб воситачилигига салбий муносабатда бўлиб, буни «Россияни минтақадан сиқиб чиқариш» режаларининг бир қисми деб билади. Прага баёноти қабул қилингандан сўнг Кремлга яқин экспертлар ва оммавий ахборот воситалари Арманистонда «Пашинян Қорабоғни таслим қиляпти» деган ривоятни тарғиб қилиб, янги кўча намойишларига чақиришганди.
Песков тилга олган уч томонлама келишувларда томонлар совет даври чегараларида бир-бирларининг ҳудудий яхлитлигини тан олишлари ҳақида аниқ қоидалар мавжуд эмас. Демак, Кремль ҳамон «Қорабоғнинг мавқеини белгилаш келажак авлодлар ихтиёрида қолади» деган эски тезисига содиқ қолган.
Бу ҳақда Россиянинг Плеханов номидаги Иқтисодиёт университети Сиёсатшунослик ва социология кафедраси мудири, ҳозирда Ҳарбий сиёсатшунослар уюшмаси аъзоси Андрей Кошкин “Вагнер” ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг медиа ресурсларидан бирига берган баёнотида очиқроқ гапирган.
Унга кўра, Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг Озарбайжон ҳудудий яхлитлигини тан олиш ҳақидаги баёноти «Тоғли Қорабоғга кимга тегишлилик масаласини ҳал қилмайди».
«Пашиняннинг парламентдаги баёноти ҳали Қорабоғни Озарбайжонга тегишли қилмайди. Арманистонда Бош вазирнинг сўзларидан кейин, афтидан, бошқача фикрда бўлган Республикачилар партияси бунга қарши чиқди. Эслатиб ўтамиз, Боку Ереванга муаммони ҳал қилиш бўйича ўз таклифлари билан тўртта ҳужжатлар пакетини юборган. Ереван Бокуга учта пакет жўнатди. Кичик масалаларда умумий тил топишишган, лекин асосий масалаларда мутлақо ҳеч нарсага эришилмади», - дейди эксперт.
Сиёсатшуноснинг фикрига кўра, «Тоғли Қорабоғнинг кимга тегишли бўлиши минтақани узоқ вақт безовта қилади».
“Менимча, бугун Қорабоғ доирасида шошилинч хулосалар чиқармаслик керак. Бу узоқ вақт давомида минтақа ва геосиёсий рақибларни безовта қиладиган мураккаб масала. Менимча, олдинда жуда кўп чалкашликлар бор", деди Кошкин.
Афтидан, Россиядаги айрим доиралар ҳалигача Қорабоғ тақдири ҳал этилмагани ва бу масалада якуний сўз Москвада бўлиши керак, деган фикрда. Уларнинг фикрича, Арманистоннинг ҳудудий даъволардан воз кечиши ва Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди деб тан олиши ҳеч нарсани ҳал қилмайди.