Қирғизистонда парламент аъзолари президентга педофилларга ўлим жазоси берилиши масаласини халқ овозига қўйишни таклиф қилмоқда. Ташаббус аксарият депутатлар томонидан имзоланди. Тез орада қарор лойиҳаси кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Президент маъқулласа, бу масала референдумда овозга қўйилади.
"Биринчидан, шуни айтмоқчиманки, биз цивилизациялашган, демократик давлат сифатида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни ратификация қилдик, шунингдек, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иккинчи факултатив протоколига қўшилдик. Шундай қилиб, биз бутун цивилизациялашган дунё олдида ўлим жазоси каби жазо туридан воз кечган давлат эканимизни эълон қилдик. Қўшилганимизда эса ҳеч қандай шарт қўймадик, яъни Қирғизистонда бу жазо қўлланилиши ҳақида ҳеч нарса демадик. Шунинг учун биз барча қонун ҳужжатларини ушбу Халқаро пактга мувофиқлаштириш, яъни ўлим жазосини қўллламаслик мажбурияти зиммамизга олдик.
Ўлим жазосининг жорий этилиши бўлажак зўрловчиларни умуман қўрқитмаслиги, яъни болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг олдини олишнинг самарасиз усули эканлиги бутун дунёда аллақачон исботланган. Ва биз таклиф қилган болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг олдини олишнинг самарали усули — бу болаларни ҳимоя қилиш бўйича ижтимоий ишчилар институти. Депутатлар кўп марта мурожаат қилган бўлсак ҳам, рад этишди. Мамлакатимизда меҳнат миграцияси кучаймоқда, болалар, биринчи навбатда, қариндошлари ва яқинлари томонидан жинсий зўравонликка дучор бўлмоқда. Буни тушуниш керак! Мамлакатимизда нафақат бегона одамлар педофилия билан шуғулланадилар, кўпинча улар жуда яқин одамлар — ўз оталари, ўгай оталари, амакиваччалари, ака-укалари, жуда яқин қўшнилари ва ҳ.к.
Бундай оилаларда ижтимоий ходимлар томонидан мониторингни жорий этиш зарур. Биз болаларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича замонавий, исботланган муассасаларни таклиф қилсак, нима бўлади, депутатлар қўллаб-қувватламайдилар. Лекин негадир улар бу муаммони инсон жонини олишдай жазони жорий этиш орқали ҳал қилишга қарор қилишди. Бу самарасиз, қиммат, ижтимоий ишчилар институтидан кўпроқ харажат қилади, чунки ҳукмни амалга ошириш учун кимдир жаллод сифатида ҳаракат қилиши керак. Бу эса осон иш эмас ва жуда қиммат туради.
Ва кейин, мен ўлим жазосининг жорий этилиши ҳақида гапирмоқчиман. Мамлакат сифатида инсонпарвар, демократик давлат образини йўқотамиз, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият янада оғирлашиши маълум бўлади. Шуни таъкидлашни истардимки, бизда суд жуда кўп хатога йўл қўяди. Адолати жуда юқори профессионал даражада бўлган цивилизациялашган мамлакатларда ҳам суд хатолари юқори даражада экани исботланган", ҳуқуқ ҳимоячиси, “Болалар ҳуқуқлари ҳимоячилари лигаси” жамғармаси раҳбари Назгул Турдубекова.