VII аср ўрталарида Арабистон ярим ороли бўйлаб тарқалган ислом дини ўша давр шеъриятига ҳам ўзининг таъсирини кўрсатмай қолмади. Исломни қабул қилган шоирлар диний сатрлар, жангларда мусулмонларга кўтаринкилик бағишлайдиган шеърлар, Пайғамбаримизни мадҳ этувчи ашъорлар битишган бўлса, исломга душман бўлган шоирлар бунинг аксини, яъни Пайғамбаримиз ва мусулмонларга нисбатан ҳақоратли шеърлар бита бошлади.
Ана шундай шоирлар орасида, таъбир жоиз бўлса, уларнинг энг пешқадами сифатида Каъб ибн Зуҳайрни эътироф этиш мумкин.
Каъб ибн Зуҳайрнинг туғилган йили ҳақида маълумотлар бизгача етиб келмаган. Аммо ишонч билан айтиш мумкинки, Каъб ибн Зуҳайр ҳам жоҳилият даврини ҳа исломнинг илк даврларини бошдан ўтказган. Унинг шеърият борасидаги истеъдоди болалик даврлариданоқ сезила бошлаган. Аммо отаси Зуҳайр унга шеър айтишни таъқиқлаб қўйган. Бунинг сабаби Зуҳайр ҳам ўз даврининг етук шоирларидан бўлгани учун шеъриятни яхши англаган. Фарзанди ёшлик қилиб оддий-юзаки шеърлар ёзиб қўйишини хоҳламаган. Бироқ Каъб отасига бу борада итоат қилмади. Зуҳайр эса ўз ўғли Каъбни қамаб қўйишга мажбур бўлди ва дедики: “Агар бир байт шеър айтадиган бўлсанг, сени қаттиқ калтаклайман”, дейди. Аммо бу таҳдиди ҳам фойда бермади. Ўғлининг шеъриятга бўлган чанқоқлигини кўрган Зуҳайр ноилож уни озод қилди.
Каъбнинг отаси насроний ва яҳудий олимларидан охирзамонда юбориладиган пайғамбар ҳақида эшитган ва ўша кун келишини интизор кутарди. Тарихчиларнинг келтиришига кўра, Зуҳайр бир кеча тушида осмондан бир арқон туширилганини, у арқонни ушлашга интилиб, қўлини узатса ҳам, ета олмаганини кўрди. Бу туш таъбиридан охирзамон пайғамбари юбориладиган вақтгача умри етмаслигини англади. Сўнгра фарзандлари Бужайр ва Каъбни чақириб, охирги пайғамбар юборилгани ҳақидаги хабарни эшитишлари билан унинг олдига бориб, имон келтиришларини васият қилди. Ислом дини пайдо бўлганда Бужайр васиятга амал қилиб имон келтирди, аммо укаси Каъб мутлақо тескари йўлдан кетди. У янги динни душманлик билан қарши олди, Муҳаммад алайҳиссаломга қарши бир қанча ўткир ҳажвиялар ёзди.
Кейинчалик Макка фатҳ бўлгач, Пайғамбаримиз Тоиф шаҳринининг қамалидан қайтганларида Каъбнинг акаси Бужайр укасига мактуб ёзади. Мактубда Ибн ал-Баърий, Ҳубайра ибн Абу Ваҳб каби Муҳаммад алайҳиссалом ва исломни масхара қилиб шеър ёзган шоирларга ўлим фармонини берганлари ёзилган эди. Ўлим фармони олган шоирлар орасида Каъб ибн Зуҳайр ҳам бор эди. Бужайр ўз мактубида жумладан шундай дейди “Энди сенга маслаҳатим, бу йўлингдан қайт, тавба қил ва мусулмон бўлиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига кел. Зеро, у зот (алайҳиссалом) пушаймон бўлиб, олдиларига келган кишига ёмонлик қилмайдилар. Агар бу таклифимга кўнмасанг, ер юзидан бош олиб кет!”
Каъб акасидан келган мактубни ўқигач, дунё кўзига тор кўрининб кетди. Чунки ислом дини катта тезлик билан тарқалиб борар, қайси қабиладан паноҳ сўраса ҳам улар Каъбни ҳимоясига олмас эди.
Каъб бу ҳолатда узоқ вақт яшади. Ниҳоят, кўнглини аста-секин ҳидоят нури ёрита бошлаб, мусулмон бўлишга қатъий қарор қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига йўл олди. Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келганда бомдон намози ўқиб бўлинган эди. Каъб Расуллоҳнинг олдларига келди, аммо у киши Каъбни танимадилар, кейин Каъб қўлларини ушлаб сўз бошлади: “Эй Аллоҳнинг расули! Сизни ва мусулмонларни ҳақоратлаб шеърлар битган Каъб ибн Зуҳайр деган шоир бор эди. Агар ўша одам тавба қилса ва мен уни ҳузурингизга олиб келсам, уни кечирасизми”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Ҳа, албатта”, дедилар. Шунда Каъб: “Мен ўша Каъб ибн Зуҳайрман”, деди. Шунда воқеани кузатиб турган ансорлардан бири: “Эй Аллоҳнинг расули, рухсат беринг унинг бошини олай”, деди. Пайғамбаримиз эса: “Уни тинч қўйинглар, у тавба қилиб келди”, дедилар. Шунда Каъб Пайғамбаримизга атаб ёзган мадҳиясини айта бошлади.
У Аллоҳнинг расули, чироғи ҳидоятнинг,
Мазлумнинг ҳалоскори, қиличи адолатнинг.
Пайғамбаримиз қасиданинг айнан мана шу байтига келганда ўринларидан турдилар ва муборак хирқаларини ечиб унга кийдирдилар. Бу лаҳза Каъб ибн Зуҳайр учун ниҳоятда ҳаяжонли кечди. Чунки оз муддат олдин ўзининг қатлига фармон берган зот ҳозир унга ўз хирқасини кийдириб, уни икром қилиб, ўз яқини сифатида эътироф этаётган эди.
Шундай қилиб, Каъб ибн Зуҳайр мусулмон бўлди ва унинг Пайғамбаримизга атаб ёзган мадҳияси ислом оламида “Қасидаи бурда” яъни “Хирқа қасидаси” деб ном олди ва машҳур бўлди. Каъб ибн Зуҳайр бутун умри давомида ана шу ҳирқа билан фахрланиб юрди. Умрининг сўнгида, яъни 645 йилда фарзандига ана шу ҳирқани мерос қолдирди.
Кейинчалик Халифа Муовия ибн Абу Суфён ушбу хирқани 20 минг дирҳамга сотиб олади. Шу тариқа бу хирқа халифалар орасида мерос шаклида бир-бирига ўтиб келар ва халифалар бу ҳирқани байрамларда кийишар эди. Ушбу анъана аббосийлар даврида ҳам сақланиб қолган. Улардан кейин бу муборак хирқа усмонийлар қўлига ўтиб, ҳозирги кунда ҳам у муқаддас омонат сифатида Истанбулдаги «Тўпқопи» музейида «Хирқаи саодат» хонасида муҳофаза этилмоқда.
Каъб ибн Зуҳайр мусулмон бўлишидан олдин ҳам арабларга хос жасорат, қувват, саховат ва мурувват соҳиби эди. Мусулмон бўлганидан кейин эса унинг бу ахлоқлари ислом ахлоқлари соясида янада зийнатланди. Каъб ибн Зуҳайр Набий алайҳиссаломга атаб ёзган қасидаси билан У зотнинг шоир саҳобалари сифатида тарихда қолдилар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин!
Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади