Мақоламизнинг биринчи қисмида таъкидлаб ўтганимиздек, қасам масаласи ўйин ва эрмак эмас. Айниқса, савдо-сотиқда кўп қасам ичавериш баракани кетказиши ҳақида ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Демак шариат тақозоси бўйича зарур бўлиб қолгандагина қасамдан фойдаланилар экан.
Қасамнинг ҳам ўз одоби ва қоидалари мавжуддир. Шулардан бири – қасам ибораси фақат Аллоҳ таолонинг номи ёки сифатлари билангина айтилишидир. Масалан, Аллоҳ номи билан, Аллоҳнинг жалоли билан, Раҳмон сифатли Аллоҳ номи билан каби лафзлар билан боғланади. Аммо Аллоҳ таолонинг сифатлари билан қасам ичиш борасида фақиҳларимиз Қаҳҳор каби ғазабни ифодалайдиган сифатлари билан қасам ичилмайди, дейдилар.
Демак, қасам ўта муҳим масала бўлиб зарурат бўлгандагина ундан фойдаланилади. Масалани яна бир нозик томони, юқорида айтилганидек, мунъақид қасам (яъни келажакда бажараман деб қасам ичсаю) ваъдасини бажаролмай қолса, қасам бузилган пайтда унинг каффорати вожиб бўлади.
Улар қуйидагича:
1. Қул озод қилиш. Маълумки қулдорчилик ҳозир мавжуд эмас.
2. Ўн нафар мискин камбағал одамни ҳар бирига камида бир донадан кийим олиб бериши керак. Бу ишда ўртамиёна меъёр белгилаб олинади. Фақиҳларимиз бу масалада – намоз ўқиш жоиз бўладиган миқдорда кийим кийдириш жоиздир ва шу кийим камида уч ойга етиши керак, дейдилар.
3. Ўн нафар мискин одамни едириб-ичириш. Бу масалада ҳам ўрта меъёр белгилаб олинади.
4. Санаб ўтилганларнинг бирортасига қодир бўлмаса, кетма-кет уч кун бузилган қасамнинг каффорат нияти билан рўза тутиб беради. Масалан, уч кун рўза тутган одам учинчи куни асир пайтига бориб рўзани очиб юборса тутган рўзаси бекор бўлади. Қайтадан рўза тутиб бериши керак.
Фуқаҳоларимиз мазкур ҳукмларнинг асоси сифатида Моида сурасининг 89-оятини келтирадилар:
لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الْأَيْمَانَ فَكَفَّارَتُهُ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ مِنْ أَوْسَطِ مَا تُطْعِمُونَ أَهْلِيكُمْ أَوْ كِسْوَتُهُمْ أَوْ تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ ذَلِكَ كَفَّارَةُ أَيْمَانِكُمْ إِذَا حَلَفْتُمْ وَاحْفَظُوا أَيْمَانَكُمْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидил боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир*. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз.
(Бир кунлик таом ҳанафий мазҳабида 2 кг. буғдойдир).
Кўриниб турибдики, шариатимизда биргина қасам учун шунча ҳукмлар келмоқда. Бундан ҳуда-беҳудага қасам ичавермаслик, борди-ю қасамни бузиб қўйса, унинг каффорати бор эканини тушунамиз. Аввало қасам ичма, ичдингми, уни бузма, буздингми, энди каффоратидан қочма!
Тоҳир Воҳид