Шайх Ғазолий раҳимаҳуллоҳ билан бўлган воқеада радикал мусулмоннинг шошқалоқ табиати, жаҳолати ва динда ғулувга кетганининг бир ифодаси акс этган холос.
Илм чуқур бўлмаса, руҳий тарбия иҳмол қилинса, инсон тўғри йўлдан озиши ҳеч гапмас. Ундан кейин, ўзи кеча ҳидоят топган одам, бугун ўзининг ўтган кунги ҳолатида бўлганларни "ифлос", "нажас", "кофир" деб юраверади. Ўйламайди, Аллоҳ уларни ҳам бир кун ҳидоят қилиши мумкинлигини. Ҳатто, ота-онасини ҳам жоҳилга чиқаришга уялмайди. Бундайлар афсуски, бор, бўлган ва бўлади. Ҳатто, саҳобалар даврида чиққан хаворижлар бунга очиқ мисолдир.
Энди, динни нотўғри тушуниб олган мусулмон туфайли Исломни айблаш бу ақли жойида бўлган одамнинг иши эмас. Ундан ташқари, воқеада бундай кескин ёндашувнинг нотўғрилиги гўзал равишда кўрсатиб берилган. Шайхнинг "табиб касал билан шуғулланади, соғлом билан эмас" дейиши эса, асло аёл зотига нисбатан ҳақорат ўлароқ айтилмаган. Балки, бояги хавориж табиатли жоҳил йигитга раддия сифатида айтилган. Чунки, у шайхнинг ҳузурига ҳижобсиз аёл келишини ҳазм қилолмаганди. Унинг эътирози аслида шу томондан келганди. Ғаззолийнинг жавобида эса чуқур маъно бор эди.
Аллоҳ йўлига чақирувчи киши ўз даъватини, таважжуҳини аллақачон бу йўлга кирганларга эмас, ҳали бу йўлга кирмаган, ҳидоятдан баҳра олмаган кишиларга йўналтириши мақсадга мувофиқ. Чунки, ҳидоят неъмати унга муҳтожларга кўрсатилиши лозим. Токи, бу неъмат уларнинг қалбига шифо бўлсин. Ва дунё ва охиратда нажот топсинлар. Дорига муҳтож бадан дори билан шифо топганидек, ҳидоят бу қалблар дориси, қалблар шифосидир.
Шу боис ҳам, Аллоҳ таоло Ўз каломини қалблардаги нарсаларга (касалликларга) шифодир, деб атаган. Шундай экан, Ғаззолийнинг сўзларидаги "касал" сўзи ҳақорат маъносида айтилмаган. Ўзи бу сўзнинг қаери ҳақорат, билмаймиз. Ҳатто, чиндан жасади хаста бўлган одамлар бизда бемор дейилади. Бунинг нимаси ҳақорат?! Ҳамма бемор бўлади. Ҳаммамиз касал бўламиз. Ва касалман, дейишдан ҳеч ким ор қилмайди. Ҳа, бу сўзни ҳақоратлаш нияти билан айтса ҳақорат бўлиши мумкин. Аммо, шайх Ғаззолийнинг сўзлари бу сиёқда айтилмаган. У сўз аслида ғулувга кетган жоҳил йигитга раддия ўлароқ айтилган. Бўлиб ҳам мажоз қўлланган. Агар мажозан, қалби ҳидоятдан холи инсон касал деб аталаётган бўлса, бу гапда эркак-аёл айирмачилиги йўқ. Балки, эркакларга ҳам бу гап айтилиши мумкин эди. Зеро, эркагу аёл баробар муҳтождир ҳидоятга.
Адоват кўзни кўр, қулоқни кар қилади дейдилар. Аслида, бунда қалб кўр бўлиб, онг ўтмаслашиб қолади. Очиқ кўриниб турган маънони кўришдан ожиз бўлиб қолади. Шу даражадаки, зоҳирни изҳор қилиб, маълумни яна ҳам маълум қилишга мажбур бўлмоқдамиз.
Муҳтарам, дунёвий билимларни сув қилиб ичиб юборган олим ва олималар, жоҳил мусулмон бу ислом эмас. Аввал, исломни холислик билан, холис манбалардан ўрганинг. Шунда кўп ўзини исломга нисбат берувчилар билан асл ислом орасида Ер билан осмонча фарқ борлигини кўрасиз.
Алишер Султонхўжаев