Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Президент ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган учта муаммони айтди. Журналистлардан ёрдам сўради

1247

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманганга ташрифида навбатдаги манзил «Ишга марҳамат» мономаркази бўлди. Давлат раҳбари бу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди. Шавкат Мирзиёев илк марта ўзбекистонлик журналистларга интервью берди. Kun.uz мухбири ислоҳотларга тўсиқлар ҳақида сўради.

Шавкат Мирзиёев Kun.uz мухбирининг: «Барча тадбирларда, вилоятларга ташрифларда катта-катта ислоҳотлар мўлжалланади, янги режалар тузилади. Фикрингизча, мана шу ислоҳотлар халқимизни рози қиладиган, сизнинг кўнглингиз тўладиган даражада амалга ошишига нималар тўсқинлик қиляпти?» деган саволига жавобан учта долзарб муаммони санаб ўтди.

«Биринчи навбатда, кадрлар масаласи. Бу жуда чуқур тизим, муаммолар жуда кўп. Энг қуйидан бошлашга тўғри келади. Оддий мактабгача таълим муассасалари билан таъминлаш даражамиз ҳам 15 фоизга тушиб қолганди. Тошкентда бу йил 100 фоиз бўлади. Наманганда 11 фоиз бўлган бўлса, йил якуни билан 45 фоиз бўлади. Ҳозир боғчаларни йил сайин кўпайтириб боряпмиз.

Халқ таълимида ҳам жуда кўп ўзгаришлар бўляпти. Олий таълим муассасалари сони 47 тадан 130 тага етди. Буларнинг ҳаммаси яхши кадрларни тайёрлаб олиш учун қилиняпти. Ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасаларини жалб қиляпмиз.

Вазирларни тез ўзгартиряпман, сабаби шу – аравани торта олмаяпти. Демак, биринчи масала, бу – кадрлар.

Бизнинг оёғимизга кишан бўлаётган иккинчи муаммо, бу – коррупция. Қандай қилиб бу коррупцияни жиловлаш керак? Нима қилсак, халқнинг мулкини, машаққатли солиқлар билан йиғилган маблағни асраймиз? Мана, кўряпсизлар, ҳар ҳафта камида икки марта катта коррупцион ҳолатлар ошкор қилиняпти. Мен ўзим бу муаммо ечимини жуда хоҳлайман. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги туздик, қарорлар чиқаряпмиз, қатор тармоқларни «коррупциясиз тармоқ» деб эълон қилдик. Мунтазам кураш олиб боряпмиз. Лекин барибир ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Афсуски, бу ҳам жуда жиддий масала ва доимий эътиборни талаб қилади.

Учинчи масала, бу жойлардаги раҳбарларнинг ўша ислоҳотлар моҳиятини тушуниб етмаётгани. Бу ҳам халқимизни кўп ўйлантиради.

Айтишингиз мумкин, ўша раҳбарларни сиз ўзингиз амалга қўясиз-ку, деб. Мен масалан битта ҳокимни тавсия қилгунча камида ўн кишидан биттасини танлайман. Узоқ вақт билимга эътибор бермаганимиз туфайли кадрлар масаласи шундай, бунинг ечими вақт талаб қилади.

Бу саволингизга мен вақти келиб бошқача жавоб бераман. Саволдаги масалалар ечими учун вақт керак, сизларнинг ҳам ёрдамингиз керак. Оммавий ахборот воситалари ходимлари – менинг ёрдамчим. Мавжуд муаммоларни рўй-рост ёритишларинг керак», – деди давлат раҳбари.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7425 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага