Олимлар Перуда инклар давридан олдин яшаган Анд халқлари томонидан қурбон қилинган болаларга тегишлилиги тахмин этилган олтита мўмиёланган жасад топишди. Лима шарқидаги Кахамаркилья археологик мажмуасида жойлашган худди шу қабристонда матога ўралган етти нафар катта ёшли одам жасадлари ҳам топилган. Бу ҳақда The National нашри хабар берган.
13 та мўмиёнинг топилиши худди шу ҳудудда амалга оширилган бир қатор кашфиётлар қаторида навбатдагиси бўлди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Сан-Маркос миллий университети археологлари таниқли савдогарга тегишлилиги гумон қилинган инкларгача бўлган қабрни топишган. Қадимги Кахамаркилья шаҳрининг шаҳар майдони остидаги қабрлардан қурбонлик қилинган ҳайвонларнинг суяклари ва сопол идишлар ҳам топилган. Инклар, майялар ва ацтеклардан олдин мавжуд бўлган қадимги Месоамерикан маданиятларида қурбонликлар, шу жумладан инсон қурбонликлари бутларни тинчлантириш ва душманларни қўрқитиш усули деб ҳисобланган.
Қолдиқларни кейинги ўрганиш, шу жумладан ДНК намуналари, шунингдек, стронций ва азот изотопларини таҳлил қилиш Кахамаркильяда дафн этилган одамлар билан нима бўлганлиги, шунингдек, уларнинг савдогарнинг жасади билан алоқаси ҳақида кўпроқ маълумот беради. Олимларнинг айтишича, Қадимги Анд халқлари ўлимдан кейин қурбонлик қилинган одамлар марҳумнинг руҳи билан кейинги ҳаётга йўл олишига ишонишган.
2018 йилда Трухильо миллий университети ва Тулан университети олимлари Уанчакода (Шимолий Перу) 200 дан ортиқ лама ва 140 нафар бола жасадларининг қолдиқларини топишган, бу ҳозирда болаларни қурбон қилишнинг дунёдаги энг катта далили ҳисобланади. Мутахассислар бу каби қирғинни ноқулай об-ҳаво шароитида ҳосилни сақлаб қолишга уриниш билан изоҳлашади.