Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятлар ярим асрдан кўпроқ тарихга эга. Исроил давлати 1948 йилда тузилган бўлса, БМТнинг Исроил давлатини тузиш ҳақидаги қарорига араб давлатлари қарши чиқишган эди Ўшандан бери Исроил ва араб мамлакатлари орасида бир неча жанглар бўлиб ўтди. Бу урушларнинг бирортасида ҳам араб мамлакатларининг қўли устун келмади. Уларда доим Исроил ғалаба қозонган.
AzonTVда берилган “Муносабат” кўрсатувининг навбатдаги сони мазкур халқаро муаммога бағишланди. Кўрсатув эксперти, сиёсатшунос Фарҳод Толипов Исроил-Фаластин инқирозини ижобий ҳал қилиш бўйича Хитойнинг янги ташаббусларини таҳлил қилиб, ўз прогнозларини берди.
- Доимо Исроилнинг қўли баланд келишига АҚШ сабабчи бўлган, дейди Фарҳод Толипов. - Исроил тузилганидан бошлаб, унга АҚШ томонидан мисли кўрилмаган ҳажмда ҳарбий, техникавий, айниқса молиявий ёрдам кўрсатилган. Халқаро саҳнада дипломатик жиҳатдан қўллаб-қувватланган. Мана шу ёрдам Исроилнинг кучига куч қўшди, жуда кучли фаровон давлатга айланди. Шу нуқтаи назардан Яқин Шарқдаги бу можарога ҳеч қандай шаклда ечим топилмади.
Ҳозир Хитой бу можарони ҳал қилиш бўйича ўз воситачилик хизматини таклиф этмоқда. Бу воситачилик қанчалик самарали бўларкин, деган савол туғилади, албатта. Хитой бу ҳаракатлар натижасида нимага эришмоқчи? Бу икки давлатни яраштира олармикин?
Бу воситачиликни суррогат воситачилик деб айтиш мумкин. Шахсий фикрим шуки, бундай чигал ва жуда чуқур илдиз отган можарони оддийгина бир воситачилик билан ҳал қилиб бўлмайди. Шундай бўлганида АҚШ томонидан бу каби ҳаракатлар амалга оширилиб, аллақачон ечим топилган бўларди. Масалан, 1978 йилда Кэмп-Дэвидда АҚШ Миср ва Исроил ўртасида воситачилик қилиб катта натижага эришди. Катта урушларга чек қўйилди.
Кейин эса 2020 йилда АҚШ президенти Доналд Трампнинг ҳаракатлари билан Исроил ва араб дунёси ўртасида илиқлашув, ўзаро дипломатик тан олишга ўхшаш ҳаракатлар кузатилди. Хусусан, БАА, Баҳрайн, Судан, Марокаш каби араб мамлакатлари Исроил билан дипломатик алоқаларни ўрнатиб, ўзаро муносабатларни нормаллаштириб, ҳамкорлик қилишган.
Менинг фикримча, Хитойнинг бу ҳаракатлари ҳам самарасиз бўлади, деди сиёсатшунос Фарҳод Толипов. Эксперт бу фикрини исботлаш учун бир қанча далиллар келтирди, албатта. Агар бу далил ва сабаблар билан батафсил танишмоқчи бўлсангиз, “Муносабат” кўрсатувининг ушбу сонини Youtube тармоғида томоша қилишингиз мумкин.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.