Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида адолат, тенглик, меҳрибонлик, раҳм-шафқат ғояларини жорий этишни буюрган ислом дини жамиятнинг энг меҳрга муҳтож қатламларидан бўлган етимлар ҳақида ҳамиша қайғуришга, меҳрибонлик кўрсатишга чақиради. “Етим” деб шариатда балоғат ёшига етмай отаси вафот этган болаларга айтилади. Ҳадиси шарифда “Балоғат ёшидан кейин етимлик йўқ” – дейилган. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда етимларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларга зулм қилмаслик, етимларга қарашли молларни тасарруф қилишда исроф ёки хиёнатга йўл қўймаслик алоҳида таъкидланади.
Аллоҳ таоло етим молини алдов йўли билан еганларни охиратда қандай жазолар кутаётганидан огоҳлантириб шундай марҳамат қилади: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва шубҳасиз, дўзахга кирурлар» (Нисо, 10).
Ислом келмасидан олдин ёшидан қатъи назар, аёл-қизларга ва балоғатга етмаган ўғил болаларга меросдан улуш тегмас эди. Юқоридаги ояти карималар ҳукми билан бу одатлар йўққа чиқарилди, уларнинг ҳаммасига меросдан ҳисса ажратиш ҳукми кучга кирди.
Ҳадиси шарифларда етимларга адолат ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлиш, уларнинг ҳақига тажовуз қилмаслик, етим болаларни қарамоққа олиб, уларга чиройли тарбия бериш каби мусулмонларга хос сифатлар ибрат ўлароқ келтирилган.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз», дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилиб, орасини очиб кўрсатдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси мусулмон бир етимни тарбиялаб, ўзи егани-ичганига шерик қилса, агар кечирилмас гуноҳи бўлмаса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади» — деганлар (Имом Термизий ривояти).
Динимиз етим қолган болаларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ана шундай чиройли тарзда ҳимоя қилади. Шу боис уларга қўлдан келганча меҳрибонлик қилишга ҳар бир мўмин-мусулмон интилмоғи керак.
Асланбаев Хуршид,
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби