1918 йил 28 май куни мустақиллигини эълон қилган Озарбайжонда Усмонли зобитларининг ҳиссалари билан ташкил этилган армия минтақанинг энг кучлилари қаторига кирарди.
2020 йил 27 сентябрь – 10 ноябрь кунлари бўлган 44 кунлик Иккинчи Қорабоғ урушида ўз кучини кўрсата олган Озарбайжон армияси ташкил топган кунини мағлубият билан эмас, балки ғалаба сурури билан нишонламоқда.
Озарбайжон армияси ҳукуматнинг 1918 йил 26 июндаги қарори билан аввал чор Россияси армиясида хизмат қилган озарбайжонлик зобитлар томонидан ташкил этилган.
Озарбайжон ҳукумати Усмонли империяси билан биринчи шартномани Батумида имзолаганди. Шартноманинг 4-моддасига асосланиб, Озарбайжон ҳукумати Усмонли империясидан ҳарбий ёрдам сўради. Боку ва Озарбайжоннинг бошқа вилоятларини арман ва болшевик тўдаларидан қутқариш учун укаси Нури пошо қўмондонлигида қўшин тузиш ўша даврнинг ҳарбий вазири Анвар пошога топширилади.
“Кавказ ислом армияси” деб аталган Усмонли қўшини 1918 йил 15 сентябрда Озарбайжон қўшини билан биргаликда Боку шаҳрини озод қилди.
Биринчи жаҳон урушида Усмонли империяси мағлубиятга учрагач, “Кавказ Ислом армияси” Озарбайжонни тарк этишга мажбур бўлган, бироқ Кавказ Ислом армиясининг баъзи зобитлари Озарбайжон армиясини тайёрлаш учун мамлакатни тарк этмаган.
1920 йил 28 апрелда Совет армиясининг мамлакатга бостириб кириши билан Озарбайжон Республикаси тугатилди, миллий армия тарқатиб юборилди. 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланиши билан Озарбайжон ўз мустақиллигини қўлга киритди ва армия яна қайта тикланди.