Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина мамлакатидаги роҳинжа қочқинлари хавфсизлик ва барқарорлик учун жиддий ташвиш туғдираётганини айтди.
Бош вазир Ҳасина онлайн равишда иштирок этган Ҳинд-Тинч океани армиялари бошқаруви семинарининг очилиш маросимида сўзлади.
Ҳасинанинг айтишича, роҳинжа қочқинларининг узоқ муддат қолиши Бангладешнинг иқтисодий, экологик, хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатди.
Ҳасина роҳинжа мусулмонларини ўз мамлакатларига қайтариш ягона ечим эканлигини, лекин уларни Мьянмага боришга мажбурламасликларини билдирди.
Ҳинд-Тинч океани армияси бошқаруви семинарида 24 давлат, жумладан АҚШ ва Канада ҳамда минтақа давлатларидан армия расмийлари иштирок этди.
Семинарда бошқа давлат вакиллари хавфсизлик ва табиий офатларни бошқариш каби мавзуларга тўхталиб ўтган бўлса, Бангладеш Бош вазирининг ўз нутқида ўз мамлакатидаги роҳинжа мусулмонларига мурожаат қилгани диққатга сазовор бўлди.
БМТнинг Қочқинлар Олий Комиссарлиги маълумотларига кўра, 2017 йил август ойидан кейин Аракандаги зулм ва таъқиблардан қочиб, Бангладешдан бошпана топганлар сони 936 минг 733 нафарга етди.
Роҳинжаларнинг гуноҳ нима?
Маълумки, салкам 60 миллион аҳоли яшовчи Мьянмада мусулмонлар узоқ даврлардан бери истиқомат қилиб келишади. Ушбу давлатнинг бир қисми маълум вақт Бобурийлар салтанати таркибида бўлган. Ушбу сулоланинг сўнгги вакили Баҳодур шоҳ Зафар ҳам 1858 йилда инглизлар томонидан Бирмага сургун қилинган ва шу ерда вафот этган.
Бирманинг Аракан (Рокхайн) вилоятида яшайдиган мусулмонлар ўзларини роҳинжа деб атайдилар ва бу ҳудудни ўзларининг тарихий ватанлари деб биладилар. Бирманинг расмий манбалари уларни Бангладешдан келиб қолган деб ҳисоблашади. Бошқа бир тахминларга кўра, роҳинжалар ўрта асрларда денгиз йўли орқали келиб қолган арабларнинг маҳаллий аҳоли вакиллари билан чатишуви натижасида пайдо бўлган. Роҳинжа тилида араб, санскрит ва ҳатто португал тилидан кириб келган сўзлар ҳам учрайди.
Бошқа бир гуруҳ сиёсатчилар Бирмада мусулмонлар ва буддавийлар ўртасидаги кескин адоватнинг илдизларини Иккинчи жаҳон уруши давридан излашади. 1942 йилда буддавийлар ва мусулмонлар ўртасида юз берган тўқнашувларда ҳар икки тарафдан минглаб тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганди.
Ўша йилларда Англиянинг тасарруфида бўлган мамлакатнинг катта қисми япон милитаристлари томонидан босиб олинган, мусулмонлар собиқ инглиз ҳукумати ҳарбийлари билан бир сафда узоқ йиллар партизанлик курашини олиб боришган. Японлар Бирмани инглизлар истибдодидан халос этишга ваъда беришгани сабабли маҳаллий буддавийлар уларни қўллаб- қувватлаган.
Бугунги Бирма ҳукумати раҳбари (бош вазири ва давлат маслаҳатчиси) Аун Сан Су Чжининг отаси Аун Сан японлар кўмагида ташкил қилинган «Бирма Миллий ҳаракати»га бошчилик қилган.Сонда бору саноқда йўқ
Мьянма узоқ йиллар давомида диктатура режими остида қийналиб келди. Илгари мамлакат номи унда яшовчи кўп сонли этник қатламлардан бири — Бирма номи билан аталиши бошқа миллат ва элатларнинг норозилигига сабаб бўлгани учун унинг номини 1989 йилда Мьянма иттифоқи деб ўзгартиришган. Мамлакат узоқ муддат ҳарбий диктатура режими остида иқтисодий таназзул, ижтимоий тенгсизлик, сиёсий беқарорлик, миллий ва диний низолар домида яшаб келди.
Гарчи мамлакат 2010 йилдан бошлаб расман Мьянма иттифоқи республикаси деб аталса-да, амалда турли миллат ва элатлар ўртасидаги иттифоқ умуман кўзга ташланмайди. Еттита вилоят маҳаллий ва миллий етакчилар томонидан бошқарилади ва уларнинг кўпчилиги марказий ҳукуматни тан олмайди.
Ана шу тарқоқлик ва бошбошдоқлик роҳинжаларнинг ҳуқуқлари чекланишига, уларга нисбатан ноҳақлик ва адолатсизлик юксалишига сабаб бўлиб келди. Бир миллионга яқин нуфусга эга бўлган мусулмонларнинг жуда оз қисмигагина фуқаролик берилган. Айрим маълумотларга кўра, улар сайлаш ва сайланиш, юқори лавозимларда ишлаш, олий таълим олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилганлар.Расмий Бирма ҳукумати роҳинжаларни «ноқонуний иммигрантлар», «жангарилар» деб атайди. Уларга қарши жиноятлар асосан полиция ходимлари томонидан содир этилаётгани ҳам расмий ҳукуматнинг уларга нисбатан сиёсатини очиқ-ошкор кўрсатмоқда.