Кеча оилавий айлангани чиқдик. Қизим ўйингоҳдан чиққиси келмайди. Охири бувиси йиғлатиб бўлса ҳам олиб чиқдилар. Қорнимиз очиб, яқин орадаги тамаддихонага кирдик. Одам жуда гавжум. Бўш жой кўринмайди. Хайрият, ёнимиздаги столдагилар кетишга чоғланаётган экан.
Ўтирдик. Озғин, хушбичимгина, ёши йигирмалар атрофидаги официант қиз буюртмаларимизни ёзиб олди. Ташқарига қарадим. Шом вақти кирибди. Қизиқ, намоз ўқиб олиш учун намозхона бормикин? Чой, нон, салат, иссиққина овқат келди: махсус соусда пиширилган балиқ. Қорним очқаб турганди, “еб олай, кейин официант қиздан қаерда намоз ўқиб олсам бўлади”, деб сўрайман деб ўйладим. Таомни апил-тапил еб олдим-у бироқ намоз ҳақидаги ўйларим «эсдан чиқди». «Бу ерда ким ҳам намоз ўқирди, намозхонаям бўлмаса керак» деган ўй билан хархаша қилаётган қизимни болалар майдончасига олиб чиқдим. Маза қилиб ўйнашини, хурсандлигини кўриб қувондим. Шу пайтда ён томонимдаги хона чироғи ёқилиб, ойнадан бизга хизмат кўрсатаётган официант қиз ичкарига киргани кўринди. Ходимлар хонаси шекилли ўйладим ичимда. Ҳалиги қиз фартугини ечиб, бошига рўмол ўраб, намоз ўқишни бошлади. Ичимда нимадир узилгандек бўлди. У намозини тугатиб чиқиб кетганидан кейин яна бир қиз кириб намозини бошлади. Уларга қилган ёмон гумонимдан уялдим. Ё, Aллоҳ! Бу қизлар ишлаб туриб, фарзингни адо этиш учун вақт топса-ю, биз!..
“Ишлайман, ишхонада намоз ўқишга вақтим бўлмайди, кечқурун ҳаммасини бир қилиб ўқисак бўладими?” деб имомлардан сўраймиз. “Ҳа бўлади, қачон ишингиздан, болангиздан ортсангиз, футбол, сериалингизни кўриб бўлиб ҳам ўқисангиз бўлади!” деган жавобни кутамизми? Aстағфируллоҳ! Aллоҳим ўзинг бизларни кечир...
Шу ўй-хаёллар ичида ўтирган жойимизга қайтдим. Ортимдан официант қиз келиб "камчиликлар йўқми?” деб сўради. “Бор, намозга лоқайдлигимиз камчилигимиз!” дедим ичимда. Соатга қарадим. Хуфтон вақти кирибди. Дунё ишига алданиб, яна бир намозимни қазо қилганимдан ўзимни ёмон кўриб кетдим. Тезда уйга шошдим. Вақтида намозини ўқиган официант қизга жуда ҳавасим келди...
Зилола Наврўз