Нью-Йоркда вафот этганлар учун қабр ажратиш нархи сезиларли даражада ошди, бу бошқа штатлардан сўнгги макон қидиришга тўғри келишини англатади.
Ўтган йили Муҳаммад Абдулланинг отаси касал бўлиб қолганида, жасадини дафн қилиш учун Покистонга олиб бормасликларини васият қилган. Хотини ва болалари уни осон зиёрат қилишлари учун Нью-Йоркда дафн этишларини хоҳлаган. Отаси вафот этгач, Абдулла васиятни бажо келтириш учун марҳумни Нью-Йоркда дафн этишни истаяпти.
Лекин бу иш осон эмас
Нью-Йоркда бир миллиондан ортиқ мусулмон бор, лекин фақат уларга мўлжалланган қабристон йўқ. Тўғри, айрим қабристонлар мусулмонлар учун алоҳида жой ажратиб беришади. Аммо Covid-19 пандемиясидан бери қабристонларнинг нархи кескин ошди ва масжидларга оммавий қабрларни арзонроқ нархда сотиб олиш имконияти берилмаяпти.
Вашингтон мемориал парки қабристони Нью-Йоркдаги энг йирик қабристонлардан бири бўлиб, мусулмонлар учун ер майдонларига эга. Ҳозирда бу ерда қабр жойини эгаллаш 9500 долларга баҳоланмоқда, деди матбуот котиби. Одамларда дастлабки тўловнинг ўн, йигирма ёки ўттиз фоизини тўлаш ва 84 ой ичида тўлаш имконияти мавжуд. Матбуот котибининг Middle East Eye нашрига айтишича, нархлар ўсиш арафасида ва Нью-Йоркдаги мусулмонлар бундан хавотирда.
Нью-Йоркда вафот этган мусулмон катта эҳтимол билан мана шу қабристонга дафн қилинади ёки иккита мусулмон қабристони мавжуд Нью-Жерсига олиб кетилади. Бироқ Бруклиндан Лонг-Айлендгача тахминан 1,5 соатлик йўл борлиги яна муаммо.
"Квинсда яшаганим учун вақти-вақти билан Лонг-Айлендга бориб, отамнинг қабри олдида намоз ўқиш, Нью-Жерсига боришдан кўра анча қулайроқ, дейди марҳумнинг фарзанди.
“Ўликларни дафн этишда “қулайлик” деган сўзни ишлатсам, ўзимни ноқулай ҳис қиламан, лекин бу ҳақиқат”, дейди у.
“Мен тириклигимда унинг қабрини зиёрат қилмоқчиман. Фарзандларим бир кун келиб невараларимникига боришини истайман. Харажат катта бўлди. Аммо у менинг отам эди ва у учун ҳамма нарса қилишга тайёрман», дея қўшимча қилган Абдулла.
Ўлимлар сони ортиб бормоқда
“Охирги 10-20 йил ичида аҳолимиз қарийб ўн баробарга кўпайди. Табиийки ўлимлар сони ҳам кўпаяди", дейди Хуршид Анвар - Нью-Йоркдан 105 километр шарқдаги Селдонда жойлашган Лонг-Айленд ислом уюшмаси президенти.
Унинг сўзларига кўра, унинг масжиди бошқа кўплаб масжидлар қатори Нью-Йорк қабристонида юзлаб ер участкаларини олган. Шунинг учун, уларнинг жамиятидан бир киши вафот этганида, қабр жойи бу одамнинг ўзи қабристондан майдонча сотиб олганидан кўра анча арзонга тушади. Аммо пандемиядан кейин ва ўша вақтдаги ўлимлар сони кўп бўлганидан кейин қабристон энди фақат жисмоний шахсларга ер беради. Ковиддан олдин битта қабрнинг нархи тахминан 4000 доллар эди. Ҳозир қурбонлар сони икки баравар ошди.
“Натижада биз тирик одамларга қабр беришни тўхтатдик. Баъзи одамлар ўз яқинлари ёнига дафн қилинадиган жойларни банд қилишади. Аммо биз одамларни бундай қилишдан қайтаряпмиз”, дейди у.
Бунинг ўрнига унинг масжиди одамларни ўз яқинларини Нью-Жерсида дафн этишга ундайди. Аммо бу Нью-Йоркда қариндошлари дафн этилганлар учун муаммо туғдиради, чунки улар ҳам қариндошлари олдига қўйишларини исташади.
Хўш, нега айнан ҳозир шу муаммо кўтарилмоқда? Чунки мусулмонлар ҳозир бу мамлакат ва минтақада чуқур илдиз отиб, кўпаймоқда.
Унинг тушунтиришича, мусулмонлар Нью-Йоркка илк бор келганларида қабристон қуриш ҳақида ўйламаганлар, чунки улар бу ерда қолиб, фарзанд тарбиялашни кутмаганлар. Аммо энди бу янги авлодлар пайдо бўлиши билан вазият ўзгариб бормоқда.
"Энди бу одамлар қаримоқда, ўлимлар кўпаймоқда. Ҳамма ҳам ватанида кўмилишни хоҳламайди. Бу ер ҳам энди бизнинг еримиз. Оила аъзолари кексалари ҳозир яшаётган жойда дафн этилишини хоҳлашади", дея қўшимча қилади уюшма президенти.
Ҳеч кимга қабристон керак эмас
Нью-Йорк штатида янги қабристон очиш осон эмас. Бир неча ташкилотлар ва шахслар йиллар давомида буни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Нью-Йоркдаги мусулмонларга хос дафн ва маросимларни ташкиллаштириш хизмати ходими Скотт Ниммонинг айтишича, қабристон очишнинг асосий муаммоси - унинг ҳеч кимга керак эмаслигида.
"Ҳеч ким ўз ҳовлисида қабристон бўлишини хоҳламайди. Ҳеч бир шаҳар буни хоҳламайди", дейди у МEE нашрига берган интевьюсида.
Унинг тушунтиришича, бу Нью-Йоркдаги дафн бюроларига катта таъсир кўрсатди. Одамларнинг дафн маросимини ўтказиш имконияти йўқ. Дафн маросимлари учун тўловлар жуда кам, дафн жойи эса бундан 3-4 баравар қиммат туради.
“Аввал шаҳарда 50 та дафн бюроси бўлган, ҳозир эса уларнинг сони 20 дан кам”, дейди у.
Лекин ҳаммаси битта саволга боғлиқ: қариндошингизни Нью-Йоркда дафн этиш учун 10 000 доллар тўлашга тайёрмисиз? Ҳалиям мусулмонларнинг дафн маросимлари христианларникига нисбатан арзонга тушади. Христианлар учун зарур тобутлар (металл, ёғоч ёки шиша толали дафн қутиси), шунингдек, қабр тошлари, мумиёлаш ва жасадни безантириш учун катта маблағ талаб қилинади.
"Аслида, кексаларимиз тириклигида дафн маросимига пул йиға бошлашининг сабабларидан бири ҳам шунда. Лекин ўлим кутилмаганда келади.", дейди Ислом халқаро дафн хизмати вакили Усмон Ҳасан.
Одамни дафн қилиш жараёни ҳам динларга қараб фарқланади ва бу Исломда энг оддий кўринишга эга. Айнан шунинг учун бизнес нуқтаи назаридан, яъни дафн этиш маросимлари учун мусулмонлар кўп пул тўлашмайди, натижада қолганлар учун хизмат нархини ошишишга олиб келади", деган МЕЕ нашрига дафн маросимлари ўтказувчи ташкилотларнинг бирининг директори. Унинг фикрича, айни пайтда муаммога ечим шуки, мусулмонлар жамоати бирлашиб, хайрия акцияси ўтказиб, кўп маблағ йиғиши керак, шунда алоҳида мусулмон қабристони очилиши мумкин. “Бу осон эмас. Ва бу жуда катта пул туради. Бунинг учун давлатнинг розилиги ва сиёсатчиларнинг иштироки керак. Лекин бу ишлар ҳаракат қилишга арзийди", дейди директор.