Яқинда АОКАда Ўзбекистонда энергоресурслари бозори ва энергия таъминот тизимини ислоҳ қилиш бўйича режалаштирилган ишлар ва норматив-ҳужжат лойиҳаси буйича матбуот анжумани бўлиб ўтган эди. Бу анжуманда бир қатор масалалар қаторида газ ва электр энергияси нархларининг ошиши масаласи ҳам муҳокама қилинган эди. Azon.uz мухбирининг “Бу нархлар ошиши эвазига халқимизга қандай таклифлар берилади? Аҳоли сифатли ва узлуксиз газ ҳамда электр энергияси билан таъминланадими? Биргина Қашқадарё вилоятида газ қазиб олинса-да, аҳолининг кўп қисми табиий газдан эмас суюлтирилган газдан фойдаланади. Ҳатто Шўртан газ мажмуаси яқинидаги аҳолига ҳам табиий газ берилмайди. Бу қанчалик адолатли?” деган саволига “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раиси Баҳодир Эшмуродов “бизга манзилли хабар беринг, сиз Қашқадарёдаги жойларни мисол қилиб келтиринг, биз бориб ўрганамиз” деб жавоб берган эди. Бу борада биз “Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизматига тегишли манзилларни рўйхатини бердик. Улар бизга шундай жавоб берди:
““Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали томонидан қуйидагиллар маълум қилинади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли, 2020 йил 24 сентябрдаги ПҚ-4840-сон Қарорларига кўра, истеъмолчилар хонадонида энергия тежамкор газ жиҳозларини, шунингдек, табиий газ таъминотида барча тоифадаги истеъмолчилар орасида табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (ГНҲАТ/АСКУГ) кенг жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида, мавжуд газ истеъмолининг иқтисод қилинишига қараб ва шундан сўнг бор имкониятларни инобатга олиб, ушбу маҳалланинг табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчилари қайта кўриб чиқилади.
Маълумот учун, юқорида номлари келтирилган қишлоқлар табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлар эканлиги ҳисобга олиниб, 2012 йил 23 июлда туман ҳокимининг 79-Ф сонли фармойишига асосан, суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган.
Ҳозирда Маданият, Қирғиз, Зоғча ва Қўтонбой қишлоқларида яшовчи 9161 та хонадонларга “Яккабоғтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан белгиланган график бўйича меъёр асосида суюлтирилган газ этказиб берилмоқда” дейилади бизга берилган маълумотда.
Шунингдек, Косон, Касби, Миришкор, Муборак туманларидаги биз келтирган худудларда истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашнинг техник имконияти мавжуд эмаслиги ва ҳозирги кунда ушбу ҳудудларга элтувчи газ қувурлари қисман демонтаж қилиб олингани таъкидлаб ўтилган.
“Ҳудудгазтаъминоти” осон йўлни танламоқда, энг осон йўл эса суюлтирилган газ етказишдир. Аммо илгари табиий газ бўлган қишлоқларда бугун бўлмаслиги уятли ҳол эмасми?
Бу борада биз биргина вилоятнинг баъзи бир туманларини мисол қилиб келтирдик, холос. Бу каби муаммолар бошқа вилоятларда ҳам учраб туриши ҳеч кимга сир эмас.