Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Нега китоб ўқиймиз?

1408

(Танловга келган мақола)

Китоб
– муаллифнинг ўқувчи билан сўзлашиш учун битган насрий ва назмий ихтироси. Китобхон учун китобдаги ўзи билмаган хоҳ тарихий, хоҳ замонавий тилдаги янгилик бўлсин, “тилла топган тентакдек” хурсанд бўлиши шубҳасиз. Шу ўринда яқиндагина ижтимоий тармоқда ўқирманлар билан “Нега китоб ўқийсиз?” деган савол-жавоб ўтказилган эди. Эътибор берсак, жавоблар турлича. “Кўнгил учун таскинлик беради”, “ Беминнат маслаҳатчи, бизга ҳаётда тўғри қарор қабул қилишни ўргатади”, “инсонни қадрлашни ўрганмиз”, “зерикмаслик учун”, дам олиш учун” қабилидаги жавоблар берилди.

Аслида биз китобни нега сотиб оламиз ва ўқиймиз? Китоб орқали борлиқни англаймиз, маънавий жиҳатдан улғаямиз, қадим инсонлар билан суҳбат қурамиз, қийинчиликларини сўзлар орқали шоҳиди бўламиз ва бугун учун шукроналик ҳиссини туямиз. Сиз ҳам бир ўзингиза савол бериб кўринг: “Нега китоб мутолаа қиляпман?” дея.

Бугунги китоб дўконларига назар

Маълумотларга кўра, дунёда асосий китобхонлар ҳам бугунги кунда ёши 40 дан ошган инсонлар экан. Ёшлар эмас…

Китоб, китоб деймиз-у, моҳиятан қандай китоб сотиб олаётганимизни кўпчилигимиз билмаймиз. Устки муқоваси йилтираб, ўзига тортса, номи ёқиб қолса дарров сотиб оламиз. Ўқиш керак экан деб, “китобхондек” мук тушиб ўқиймизу, ғоясига тушуниб-тушунмай тугатамиз. Кейин қайтиб қўлимизга олишимиз даргумон. Шу сабаабми, китоблар йиғилади, уюм бўлиб кетади. Китоб сотиб олиш керак фақат кейин яна ва яна мурожаат эта олишимизга ишонсак. Энг муҳуми, у бошқа оила аъзоларингиз, ука-сингилларингиз, фарзандларингиз, китобхон дўстларингиз учун кейинчалик асқотсин. Яқинда кўзим тушганди бир ҳикматга “Кўп китоб ва кўп дўстдан ҳикмат йўқ, Ҳикмат уларни танлай билишда.”

Бугун қайси китоб дўконига кириб кўрманг, сотувда ўзбекнинг ўзи ва ўзлигидан, тарихидан сўзловчи асарлардан билан бирга инсон психологияси, ҳаётини ўзгартиришга, бойиб кетишга ёрдам берувчи китоблар ва турли таржималар кўп эканлигига гувоҳ бўламиз. Тўғри, қайсидир маънода бошқа давлатлар адабий тилини, дунёқарашини ўрганишимиз, инсоний муносабатлар ва хос томонларини кўриб чиқишимиз, ўз кўнглимизда баҳо беришимиз мумкин. Шунда ҳам фақат талаб даражасидаги жаҳон адабиёти асарларигина бунга кўмакчи бўла олади. Аксарият адабиётлар эса салбий қарашларни шакллантириши, инсоннинг қизиқишларини бемаъни томонларга йўналтириб юбориши, ҳатто китобхонлик савиясини пасайтириб юбориши ҳеч гап эмас. Руҳияти эзилган инсонлар учун “малҳам” дея тавсия қилинаётган таржима асарлар ва “бахт ва омад, бойлик,” ҳақидаги китобларнинг кўпроқ сотиб олиниши гувоҳи бўлмоқдамиз. Танлов жарайони инсон тафаккури – китобхон фикри ҳақида сўзлайди. “Маънан етук китобларни ўқи. Акс ҳолда, бир даста қоғоз ҳаётингни заҳарлаши мумкин”. (Марк Твен)

Табиатимга кўра сотиш, чоп этишни бўйнига олган ташкилот томонидан реклама қилинган, мақталган китобларга жуда кам мурожаат этаман. Чунки бир неча китобдаёқ асл мақсадни англаб қолганман.

Шу ўринда савол туғилади: “Нега классик ва шўро давридан шу кунгача яратилган асарларни реклама қилинмайди?” Бугунги адабиётга қараганда анча залворли йўлни босиб ўтган ва ўқувчилари ҳам талай. Янги асарлар рекламасиз ўқилмайдими ёки? Талаб ва таклифнинг ортиши учун қилиняптими? Аввалги асарлар ҳақида рекламасиз ҳам хабар топдиг-у, замонавий асарлардан ижтимоий тармоқда бонг урилмаса бехабар қоламизми?

Реклама қилинаётган китоблар муқоваси шунчалик ранг-баранг ишланганки, ташқи кўриниш ўзига тортади. Асл адабиёт ортиқча дабдаба ва ҳашамга муҳтож эмас. Бугунги реклама соҳасида ҳам бироз ислоҳотлар ўтказиш керакдек. Инсон манфаатларининг халқ маънавий мулки билан қарама-қарши келиб қолишига олиб келмаслик керак. Бугун китоб нашриётлари ва масъуллар қай бирини танлашмоқда маърифатми ёки манфаат? Манфаат ҳеч қачон тугамайди. Тўйиб тўйиниш ҳисси инсонлар орасида кам одамга муяссар. Шундай экан, маърифатни манфаатга қурбон қилиб қўймайлик.

Таржиманинг бугунги адабиёт оламидаги аҳамияти ва таржима мактаби ҳақида

Яқиндагина китоб сотиб олиш учун дўкон айландим. Кўнгилдаги асарларни топа олмай хуноб бўлдим. Вақт йўқотяпман ахир, вақт. Китоб сотувчи кишидан ўзбек тилида чоп этилган замонавий ва мумтоз ўзбек адабиёти китобларини нега топиб бўлмаслигини сўраганимда қуйидаги жавобни олдим: “Бугун сиз айтган китоблардан кўра мана бу таржима (турк ва озар тилидан таржима қилинган) ва бойиб кетиш, яхши дўст топиш, стрессдан чиқиш каби адабиётлар – мана бу қаторга терилганлар яхши сотилади. Талаб ҳам кўп. Шунинг учун кўп олиб келамиз”.

Китоблар орасида туриб, рекламанинг инсон онгига таъсирининг нақадар кучли эканига яна бир карра ишондим.

Энди эса ўша кўпчилик эътирофига сабаб бўлган асарларга назар ташласак. Бир-бирига яқин, мазмунан ҳам бир ғоя атрофида ёзилган асарлар десак ҳам янгилашмаймиз. Айниқса кўнгли бўш, тез асабийлашадиган, тушкун инсонлар, юрагига яқин олувчи кишилар учун айни муддао. Масалан, озар тилидан таржима қилинган “Қайтганимда уйда бўл”, “Мен албатта қайтаман”, “То сени топгунимча”, “Денгиз ҳақида сўзлаб бер менга”, “Мария”, “Насроний атиргули” ва бу қатор узоқ давом эта оладиган, пештахталарни тўлдириб ётган таржима асарлар. Меҳнатимиз фақат бирлик сондаги манфаат учун эмас халқ учун хизмат қилшни қачон бошлайди. Нашриётлар пайдар-пай чоп этиб сиёҳи қуримай сотувга узатаётган китоблар нега мазмунан саёз? Бунда таржимон ёки нашриётларни айбдор эта олмаймизми? Уларни тўхтата олмаймизми? Биз ўқигувчиларнинг фиклашимиз торайиб бориб, тагмаънони англашга уриниш шарт бўлмаган, ҳақиқатлардан холи асарларга мурожаат этяпмиз. Яни ўзимизга енгилликни раво кўриб, зарар қилаётганимизни англамаяпмиз.

Яна бир гап. Агар жаҳон дурдоналари ёки ўзбек адабиётига оид йирик асарларни тушунмай қолсак, изланиб ўтирмай ёпиб қўямиз. Юқоридаги асарларга келсак, “нархи ҳам ҳамёнбоп” деб рўкач қилишганини эшитиб қоламиз. Кеткизилган маблағ эвазига тафаккур хазинамиз, қалбимиз бойиб қолдими, ё турк ёки озарнинг энг яхши асари шу экан, деган хулосада қоляпмизми?

Афсусланарлиси, таржимоннинг таржимага кетган вақти, нашриётларнинг босма учун сарфлаган вақтлари, меҳнат, маблағ қийматга эга эмасдек. Биламизки, турк ва озар адабиёти бу асарлар билан ўлчанмайди. Уларнинг ҳам буюк адабиёти ва тарихи бор. Нега туркларнинг ёзувчилари Яшар Камол, Азиз Несин, Нозим Ҳикмат, Орхан Памук асарларинни ёки озар адабиётидан Фузулий, Мирзо Фатали Охундов, Рамиз Равшан ва кўплаб ижодкорларининг асарлари керак бўлса янгитдан таржима қилинмайди ёки китоб ҳолида чоп этилмайди?

Таржима соҳаси тарихига назар солсак, ХХ аср ўзбек ёзувчилари Ойбек, Чўлпон, Ғафур Ғулом, М.Осим бадиий адабиётлар соҳасида салмоқли натижага эришишган. Улар таржима қилган асарлар ҳамон севиб ўқилади. Йирик асарларни сабр ва маҳорат ила ўзбек тилига ўгиришган.

Таржима мактаби зарур

Таржима – турли халқлар ўртасида қарашлар ва муносабатни шакллантиради. Қадимги даврларда бу вазифани “тилмоч”лар бажарганини биламиз. Замонлар оша бу жарайон анча такомиллашди, аммо бир оз камчиликлар бордек назаримизда. Бугун таржима соҳасида “таржима мактаби” зарур. Унда қайсидир муддатда таржимонлар учун маҳорат дарслари ўтилса, бир китоб устида етарли муддат берилса, ёш таржимонлар устоз–шогирд анъаналари асосида фаолият олиб боришса фойдали бўлар эди.

Ёки фақат маърифат ва зиё учун хизмат этувчи давлат ёки хусусий нашриёт ташкил этиш ва бу масканда ўзбек тилида бугун фақат электрон кўринишини топиш мумкин ёки умуман топилмасга айланган нодир асарларни, жаҳоннинг буюк ижодкорларининг насрий ва назмий асарларини нашр этишга мўлжаллаш керак. Ҳудди шу китоблар учун дўкон ташкил этиш янада хайрли бўлар эди назаримизда. Ахир, бугун китоб сотувида жадид адабиётимиз вакилларидан Беҳбудий, Заки Валидий, Фитрат, Садриддин Айний ёки ХХ –ХХИ аср ижодкорлари Парда Турсун, Миркарим Осим, Миртемир,Ойбек Одил Ёқубов, Асқад Мухтор, Омон Мухтор, Шукрулло, Назар Эшонқул асарлари ёки жаҳон адабиётидан Чехов ва Лев Толстой ҳикоялари, Борхес, Фолкнер асарларини жуда кам учратамиз ёки умуман дуч келмаймиз.

Яқиндагина бир нашриёт ходими билан суҳбатда бу таржима соҳаси қайсидир маънода нашриёт “оёққа туриб олиши” учун кераклигини, яқин орада йирик таржима асарлари ва ўзбек классик адабиёт намуналарига қўл урушлари ҳақида айтилди. Яхши янгилик. Умид қиламиз. Аммо унгача китобхонлар энгил-елпи китобларга мослашиб худди шунақасини ахтариб қолишади.

Китоб – маънавий оламнинг тенгсиз хазинаси. Китоб яралиши машаққат. Аммо ҳар қандай китобни китоб деб шошиб олиб қўймаслигимиз керак.

Гулнора Шерматова

Танлов шартлари

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага