Кеча жонажон Ватанимизда муҳим сиёсий тадбир бўлиб ўтди. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ташкил қилинди. Сайловда юртдошларимиз жудаям фаол иштирок этишди. Бу фикрни ОАВ ва ижтимоий тармоқларни кузатганлар бемалол тасдиқлаши мумкин.
Эсимда қолганларини айтай, Андижонда нуроний отахон 60 нафарга яқин оила аъзолари билан сайловга келибди. Қайсидир жойда тўйи бўлаётган ёшлар ҳам “тўй форма”да келиб овоз беришгани кузатдик... Айниқса, Москвадаги ҳолат одамни тўлқинлантириб юборди, элчихонамиз олдида жуда катта ажиатаж кузатилди. Рости бундан кўнглим кўтарилиб, ҳаяжоним ортди. Бундай манзарани кузатиш айниқса мусофир ўлкаларда юрган ватандошларимизга ўзгача ҳаяжон, кўтаринкилик бахш этган бўлса, ажабмас.
Бугун, 10 июль куни расмий маълумотлар эълон қилинди. Марказий сайлов комиссиясининг расмий ахборотига кўра, Президент сайловида 15,6 млн киши, яъни сайловчиларнинг 79 % овоз берди, дастлабки натижаларга қараганда, Шавкат Мирзиёев 13 млн 625 мингдан ортиқ, 87,05% дан ортиқ овоз олган.
Сайлов жараёнининг одил ва шаффоф ўтганига шубҳам йўқ. Бу бўйича нафақат президентлик сайловида иштирок этган бошқа номзодлар, балки халқаро кузатувчиларда ҳам жиддий эътироз билдирилади, деб ўйламайман. Масалан, сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб бориш мақсадида мамлакатимизга халқаро ташкилотлардан ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган кузатувчилар, жумладан, Хитой Халқ Республикаси ТИВ элчиси Ван Кайвен, Россия Федерацияси МСК раиси ўринбосари Николай Булаев, Туркманистон МСК раиси Гулмурад Мурадов, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин каби сиёсатчилар ҳам юқоридаги хулосаларни эътироф этишган.
Албатта, расмий хулосалар кейинроқ эълон қилинади, лекин ўшанда ҳам ортиқча ўзгариш бўлмаслиги ҳақиқатга яқинроқ...
Кўпчилик журналистларни, жумладан, каминани ҳам кечаги сайловларга ортиқча эътибор бермасликда айблади: “Яқинда, май ойида Туркияда бўлиб ўтган президентлик сайловларини жудаям кенг ёритдиларинг, нега ўзимиздаги сиёсий тадбирга бунчалик қизиқиш билдирмаяпсизлар?”
Бундай мазмунда эътироз билдираётганлар қайсидир маънода ҳақ, менимча ҳам шундай бўлди. Лекин бунинг ўзига хос сабаблари бор, у журналистларга деярли боғлиқ эмас.
Туркиядаги сайловлар ўзбекистонликлар орасида катта қизиқиш уйғотгани рост. Ҳатто президентимиз Шавкат Мирзиёв ҳам сайлов арафасида Туркияга келиб, Эрдоғанга омад тилаган, кейин биринчи ва иккинчи тур тугаши билан биринчилардан бўлиб Ражаб оғага табрик юборган эди. Аслида тан олиб айтиш керакки, бу сайлов фақатгина бизнинг эмас, балки бутун дунёнинг эътиборида турди. Бунинг сабаблари ҳақида тўхталишнинг мавриди эмас ҳозир.
Ўзимиздаги сайловга келсак, дунёда ва юртимизда ушбу сиёсий тадбир кутилган сокинликда ўтди. Бунга асосий сабаб сифатида (кўпчилик қатори) мавжуд иқтидорга яраша мухолифатнинг йўқлиги, деб биламан. Тўғрисини айтай, аслида Туркия сиёсий ҳаёти билан яқиндан танишгунимга қадар мухолифат деса, фақат бузғунчи ва революционер кучларни тушунардим. Ҳозир эса соғлом мухолифатнинг халқдан ҳам кўра ҳокимиятни эгаллаб турган раҳбарларга кераклигини англагандай бўлдим.
Президентликка номзодини илгари сурганларга самимий ҳурматимни сақлаган ҳолда айтаманки, агар улар қаторига хонанда Жаҳонгир Отажонов (ҳалиям фикридан қайтмаган бўлса албатта) ва партиясини рўйхатдан ўткиш дардида юрган Хидирназар Аллақуловлар қўшилганида вазият бутунлай бошқача бўларди.
Сайлов арафасида устозимиз Мубашшир Аҳмад ижтимоий тармоқда ярим ҳазил-ярим чин аралаш “Ҳали ҳеч бир номзод фалон муаммоларни ҳал қиламан” деб чиқмадими?” деган мазмунда бир неча фикр билдирди. Бундай умид ва илинж кўпчилик қатори каминанинг ҳам кўнглидан ўтгани рост. Чунки ватанимизда муаммолар етарлича топилади. Халқнинг дардига дармон бўлишимиз керак бўлган нуқталар кўп. Уларни ҳал қилиш учун, президентлик курсисига ким келишидан қатъий назар, куч керак. Ушбу кучни топиш учун давлат раҳбарларига фақатгина миллатсеварлик, ватанпарварлик ва бошқарув лаёқатигина эмас, балки соғлом рақобат, яъни мухолифат, албатта, керак. Буни кўплаб сиёсатшунослар, жумладан, ўзим ҳурмат қиладиган ёш ва истеъдодли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам бир қанча мақола ва интервьюларида исрор ила таъкидлаб ўтяпти.
Фикримни янаям тугалроқ тушунтириш учун бир турк тарихчисининг кеча билдириб ўтган мулоҳазаларидан фойдаланмоқчиман. Туркияда сиёсатга аралашмаган одам деярли йўқ ҳисоби. Тарихчиларнинг сиёсатга аралашиши эса ғоят табиий, шу билан бирга уларнинг бу борадаги фикрлари билан давлат бошқарувидагилар ҳам ҳисоблашади. Масалан, раҳматли Қодир Мисрўғли, Аҳмад Шимширгил каби тарихчиларнинг фикрлари халқ орасида катта эътиборга эга. Аҳмад Анапали юқоридаги тарихчиларга нисбатан ёш бўлса ҳам сиёсат ҳақида салмоқли фикрлар билдиради.
Тарихчи профессор Аҳмад Анапали шундай дейди:
“Мен сочимнинг учидан тирноғимгача АК партиячиман, ҳар доим шу партияга овоз бердим. Нафсим айтадики, Қиличдорўғли ЖХП раислигидан кетмасин, чунки у рақиб бўлса, Эрдоған осонликча ғалаба қозонаверади. Аммо ақлим, мантиғим унинг ўрнига ёш ва ҳаракатчан раҳбар келсин ҳамда мавжуд иқтидорга кучли мухолифатлик қилсин, дейди. Чунки мухолифат қанчалик кучли бўлса, катталар халқ манфаати учун яна ҳам қаттиқроқ ҳаракат қилади. Миллатнинг дардлари, муаммолари тезроқ ҳал бўлади. Иқтидор асосий эътиборни халқни рози қилишга қаратади.
Эрдоғанни қўллаб қувватлаганлар асосан Онадўли вилоятларининг аҳолиси ҳисобланади. Раис уларнинг овозлари билан ғалаба қозоняпти. Бунинг сабабларидан бири, шарқий вилоятларда яшовчилар ЖХПнинг динга қарши қилган ҳаракатларини унутмайди (1950 йилларга қадар Туркияда Исломга қарши катта кураш борган: масжидлар, мадрасалар ёпилиб, ғайридинларга сотилган, ҳатто шапка ўрнига салла ўраган кишилар дорга тортилган, ва ҳкз... – таҳририят).
Буни тасдиқлайдиган бир ҳолатни айтиб берсам, янаям яхшироқ тушунарли бўлади, деб ўйлайман. Онадўли вилоятларидан бирида ЖХПчилар тарғибот ўтказиб юрган экан. Бир қишлоққа боришса, унинг аҳолиси анча пастликдаги қудуқдан сув ташиб ичаркан. Улар йўлда ўша булоқ олдидан ўтишибди. Бир онахон идишга сув тўлдириб турган экан, йўл йўлакай машиналарига чиқариб олишибди. Қишлоқ марказига борганда аёл сўрабди: “Болам, бизнинг қишлоққа қандай юмуш билан келдиларинг?” “Биз ЖХП тарафдорларимиз сайловолди тарғиботи учун келдик”, дебди. Шунда ҳалиги кампир “Шуни эртароқ айтмайсизларми? Мен бу сувни таҳорат учун олиб келгандим, аммо Сизнинг машинангизда келтирилган сув билан покланиб бўлишига шубҳам бор”, дея шартта идишдаги сувни тўкиб юборибди-да, пастга, булоққа қараб йўл олибди...
Ана шундай кайфият туфайли Онадўли аҳолиси ЖХП қаршида Эрдоғонгина эмас, бошқа ким бўлса ҳам ўшанга овоз бериши табиий...”
Аҳмад Анапалининг фикрлари мақоламизга хулоса бўлади, деб ўйлайман. Қаранг, нафақат мухолифат тарафдорлари, балки Эрдоғаннинг сайловчилари ҳам ЖХПга кучли раҳбар келишини истаяпти. Хуллас, Ўзбекистонда сайловга қизиқишни орттириш учунгина эмас, раҳбарлар яна ҳам халқпарвар бўлиши, берилган ваъдаларини бажариши, Ватан ва миллат манфаатларини яна ҳам кўпроқ ўйлаши учун кучли ва соғлом мухолифат керак.
Дарвоқе, кўпчилик “Ўзбекистондаги сайловга Туркияда қизиқиш қандай?" деган савол сўради. Бунга бир неча йилдан бери Туркияда яшаб ижод қилаётган журналист Аброр Машарипов шундай жавоб берди:
“Қисқа қилиб айтай: туркларга мутлақо қизиқ эмас. Сиёсий ва илмий доира вакиллари азбаройи иши нуқтаи назаридан кузатмаса, турк жамоатчилиги учун умуман аҳамиятга эга эмас. Биз Туркиядаги президент сайловига қанчалик қизиққан бўлсак, турклар биздаги сайловга шунчалик бефарқ...”
Аброржоннинг фикрларига қўшиламан, турган гап, қардошларимиз ҳам ўзимиз каби сайловдан “бошқача” натижа кутмагани аниқ.
Муаллиф сифатида сайловда кимга овоз берганимни айтишим мақоладаги фикрларимни яна ҳам кучайтиришини сезиб турибман. Лекин бу эътироф ортиқча деб ўйлайман.
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz нинг Туркиядаги мухбири