Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Намозда хушуъга эришиш учун...

3892

Мақоланинг биринчи қисмида намоз нақадар муҳим ибодат экани, намоздаги хушуъ эса намознинг вожибларидан бири экани ҳақида тўхталиб ўтдик. Бу қисмда эса намозга хушуъни олиб келадиган, ҳаёлни жамлашга ёрдам берадиган воситалар ҳақида тўхталиб ўтамиз. 

Намоздаги хушуънинг нақадар муҳим эканини англаган кишида “Хушуъли ҳолда намоз ўқиш учун нима қилиш керак?”, деган савол туғилиши табиий. Уламолар бу ҳақда бир қанча тавсиялар беришган. Масалан: 

-  Намоздаги зикрлар ва ўқиладиган сураларнинг маъносини билиш.

Намозхон киши намозидаги зикрлар, Фотиҳа сураси ва қиладиган зам сураларининг маъноларини ўқиб, ўрганиб чиқиши лозим. Аллоҳ таоло: “Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?!” дея хитоб қилган. Шунинг учун ҳам киши намозга киришиши билан ўзи тилида айтаётган зикр ва оятларнинг маъноларини тадаббур қилмоғи керак. Ана шунда тил ва қалб бирлиги юзага келади. Масалан, рукуъда “Субҳана Роббий ал-Азийм” деганда, Аллоҳ Ўзига лойиқ бўлмаган сифат ва нуқсонлардан пок экани, бутун борлиқнинг Робби – Яратувчиси экани, Унинг нақадар буюк, қудратлт зот экани ҳақида тафаккур қилмоқ даркор. Ёки бўлмаса Фотиҳа сурасидаги “Ийяка наъбуду” деб қироат қилганда, Аллоҳдан бошқа ибодатга лойиқ зот йўқлиги, инсон эса Унга ҳар дақида, ҳар сония муҳтож экани намозхоннинг тафаккур пардаларини чертмоғи лозим. 

-  Намоз банданинг Роббисига тақдим қилаётган ҳадияси эканини ҳис этиш. 

Тасаввур қилинг, дунёнинг энг қудратли подшоҳига бир хизматкор-жория совға қилмоқчисиз. Унга кўзи кўрмайдиган, қулоғи эшитмайдиган, оёқ-қўли ишламайдиган жория ҳадя қилармидингиз. Ёки руҳсиз қуруқ жасаддан иборат танани берармидингиз?! 

Аллоҳ таоло ҳар нарсадан беҳожат Зот. У сиз-у, бизнинг ўқиётган намозимизга асло муҳтож эмас. Қилаётган ибодатларимиз Унинг қудратига қудрат ҳам, мулкига мулк ҳам қўша олмайди. Лекин Аллоҳ ўзига яқинлик ҳосил қилиш, муҳаббатига сазовор бўлиш воситаси сифатида берган намозни Унга руҳсиз – хушуъсиз тақдим этишга уялмаймизми?! 

-  Намозда ҳаёлни чалғитиши мумкин бўлган сабабларни бартараф этиш. Заҳар танг қилган ва таом ҳозир бўлган вақтда намозга киришмаслик. 

Имом Нававий, Ибн Нажим каби бир қанча уламолар киши намозга киришишдан олдин ҳайолини чалғитиши мумкин бўлган сабабларни бартараф этиши лозим, дейишган. Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар. У зот: “Сизлардан бирингиз таом ҳозир бўлган ва икки ёқимсиз нарса (катта ва кичик ҳожат) безовта қилган пайтда намоз ўқимасин”, деганлар. (Имом Муслим ривояти) 

Набий алайҳиссаломнинг бу сўзларини саҳобаи киромлар ўз ҳаётларида амалда қўллаганлар. Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳума ҳузурларига таом олиб келинди ва шу пайтда муаззин иқомат айтмоқчи бўлди. Шунда Ибн Аббос: “Шошма, мана бу овқатдан бирор нарса еб олайлик. Намозга ҳаёлимизда овқат турган ҳолда киришмайлик”, деганлар.  

Мана шу ўринда диққат қилиш лозим бўлган муҳим жиҳатга тўхталсак. Биз овқат тайёр бўлиб турган вақтда намозга киришмай, нафс бироз қонадиган даражада еб олиб, кейин намозга киришиш керак деганимизда, намоз вақтининг бемалол ҳолатини назарда тутмоқдамиз. Агар намоз вақти чиқиб кетиш хавфи бўлса, аввало намозни ўқиш шарт. 

-  Фақат сажда қилиш ўрнига назар солиш.

Намозда фақат сажда ўрнига қараш хушуъни ҳосил қилади, қалб ва фикрнинг Аллоҳ хузурида жамланишига ёрдам беради. Кўз билан атрофга назар солиш бандани Роббисидан чалғитади ва бу макруҳ амалдир. Лекин баъзи уламолар ҳаром амал деб эътироф этишган. Нафақат кўз қири билан, балки кўкрак билан бирга бурулиб қараш эса намозни бузади. 

-  Агар хушуъни ҳосил қилишга ёрдам берса кўзни юмиб олишнинг жоизлиги. 

Жумҳур уламолар хушуъни ҳосил қилишга ёрдам берса намозда кўзни юмиб олиш мумкин эканига иттифоқ қилганлар. Имом Нававий бу ҳолат ҳақида: “Албатта бу иш (кўзни юмиб олиш) Хушуъни жамлайди, қалбни ҳозир қилади, назар атрофга ташланишининг олдини олади”, деганлар. 

-  Ўтган олим ва обид кишиларнинг хушуълари қандай бўлганини эслаш.

Саҳоба ва тобеинларнинг қандай намоз ўқиганлари ҳақидаги маълумотларни ўрганиш ҳам хушуъни ҳосил қилишга ёрдам беради. Уларнинг намозда Роббилари ҳузурида қандай ҳолда бўлганликларини эслаб ўтсак, бизнинг ҳам уларга ўхшашга урунишимизга туртки бўлади. Масалан: 

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳума намозда шу қадар узун сажда қилар эдиларки, устларига қушлар келиб қўнарди. 

Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кўрдимки, саҳобалар намоз ўқишса ҳудди руҳсиз жасадга ўхшаб, ҳаракатсиз ҳолда бўлишар эди”. 

Ўтган уламолар зикр қилиб ўтишмаган, хушуънинг йўқолишига сабаб бўладиган бугунги кундаги асосий омил бу – уяли алоқа воситалари ҳисобланади. Намозга хушуъни олиб келадиган, ҳаёлни жамлашга ёрдам берадиган, мақоламизда келтирилган воситаларнинг сўнгиси сифатида намозга, масжидга киришдан олдин уяли алоқа воситаларни ўчириб қўйиш ёки ҳам тебранишсиз ҳам овозсиз ҳолга келтиришни тавсия этмоқчимиз. 

Демак, юқоридагилардан билдикки, намоз исломнинг устуни, хушуъ эса намознинг руҳи. Ўқиётган намозларимиз комил, бенуқсон бўлиши учун хушуъ жуда муҳим. Шундай экан ибодатимизда ҳаёлни чалғитадиган, хушуъга футур етказадиган омилларни бартараф қилишимиз лозим.

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7425 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага