Дунё мусулмонларининг кўплаб урф-одатларида умумийлик бор. Шу билан бирга, уларнинг ҳайит байрами билан боғлиқ ўзига хос одатлари ҳам мавжуд.
Турфа услуб ва рангдаги оҳорли либос кийган ёшу қари, масжидларни тўлдирган намозхонлар, қўллари хиноли аёллар, қизалоқлар, гўшт кўтарган одамлар билан гавжум кўчалар, турли таомларнинг хушбўй ҳиди – ҳамма-ҳаммаси кўнгилда айём шукуҳини уйғотади.
Қурбон ҳайити бу йил 28 июнга тўғри келмоқда. Қутлуғ байрам кунларида миллионлаб мусулмонлар ўз юртларида, ҳажга бориш насиб қилганлар Макка мукаррамада ибодатларини адо этишади, қурбонликларини сўйишади. Зеро, бу байрам бизга улуғ қурбонликка бел боғлаган Иброҳим алайҳиссаломдан, Раббининг буйруғига “Лаббай!” деб жавоб берган Исмоил алайҳиссаломдан меросдир.
Қуйида дунё мусулмонларининг ҳайит билан боғлиқ анъаналари ҳақида маълумотлар келтирамиз.
Яқин Шарқ
Ямандан тортиб Суриягача барча байрам тантаналарининг ажралмас қисми бўлган таом билан бирга кўплаб анъанавий ширинликлар тайёрланади. Аксар қабилаларнинг фақат ҳайит учун пишириладиган овқатлари мавжуд.
Манама кўчаларида пештахтасига ҳалбия осилган дўконлар, салла ва ҳирқа кийган ливиялик отлиқлар, қўйингчи, барча-барча байрамда энг яхши кийимлари билан қатнашади.
Осиё
Шарқий ва жануби-шарқий Осиёда ҳайит кунлари хушбўй тутатқилар ёқилади, машъала тутган ёшлар тонг қоронғусидан байрамни бошлаб юборишади.
Покистондан Афғонистонгача жамики Марказий Осиё давлатларида Арафа оқшомида ёш қизлардан кекса аёлларгача қўлларини хино билан безатишлари одатий ҳолдир. Бу ҳам байрамга ўзгача чирой бағишлайди.
Африка
Кот-д Ивуардан Кениягача бутун ўлкаларда ва бошқа кўплаб мусулмон мамлакатларида қорамоллар омма олдида сўйилади, бу баъзан оломон учун қизиқ томошага айланади. Кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилади, камбағаллар учун овқатлар тарқатилади.
Лотин Америкаси
Pеw тадқиқот маркази маълумотларига кўра, Лотин Америкасида олти миллионга яқин мусулмон бор, аммо улар бу рақам ошириб юборилган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Минтақадаги мусулмонлар диний озчилик бўлиб, асосан муҳожирлар ва мамлакатнинг туб аҳолисидан иборат. Бу ердаги биродарларимиз байрамни ибодат ва меҳмондорчилик билан оила даврасида нишонлайдилар.
Шимолий Америка
АҚШда тўрт миллионга яқин мусулмон яшайди. Канада ҳукуматининг 2022 йилги маълумотларига кўра, Канадада 1,7 миллиондан ортиқ мусулмон бор. Иккала мамлакат ҳам ҳайитда муҳожир жамоаларига мезбонлик қилади, масжидларда эрталаб маданий тадбирлар ўтказилади.
Европа
Қочқинлар ва муҳожирларни ўз ичига олган озчилик жамоалар бутун қитъада Қурбон ҳайитини байрам қилишади. Африка, Осиё ва Яқин Шарқнинг айрим қисмларидан зўравонлик ёки таъқибдан қочганлар айёмни ёрдам гуруҳлари кўмагида нишонлашади.
Украинада мусулмон аскарлари ўтган йили Қурбон ҳайитини ўз ватандошлари билан бир дастурхон атрофида ўтказишган, шу орқали Россия билан урушдан танаффус олишга муваффақ бўлишган эди.
Австралия
Ҳукуматнинг 2021 йилги маълумотларига кўра, Австралияда 800 000 дан ортиқ мусулмон бўлиб, аксарияти муҳожирлардир.
Айём кунларида Сиднейда кийим-кечак ва заргарлик буюмлари сотиладиган дўконлар очилиши кутилмоқда, маҳаллий мусулмон гуруҳлари меҳмонларни, Исломга янги кирганларни байрам тадбирларида иштирок этишга таклиф қилмоқда.
Бизнинг юртда
Байрам шукуҳи Арафа кунининг тонгидан сезилади. Шомга яқин қўни-қўшнилар орасида “ош тарқатиш маросимлари” бошланади. Кечқурун тўп-тўп бўлиб бирор қўшниникига кириб кетаётган қизалоқлар, бўй қизларни кўрсангиз, ҳайрон бўлманг. Демакки, ўша уйнинг маҳоратли қизи ёки келини бор. Чунки энди ёшлар хинони момоларимиз, оналаримиз каби оддийгина қилиб қўйишмайди, кафтларга хинодан нақшлар чиздириш урфга кирган. Тонгда эркакларни намозга кузатгандан сўнг, ўша хиноли қўллар билан кўча, ҳовлилар супурилади, сувлар сепилади. Кейин дастурхонлар тузалиб, оилавий ўтирилади. Меҳмондорчиликлар кун бўйи давом этади. Қурбонликлар қилинади, имкон борича кам таъминланганларга тарқатилади, фақат гўшт эмас, балки бошқа хил егуликлар, совға-саломлар ҳам улашилади ўша куни ҳеч кимнинг қозони гўштсиз қолмайди.
Лекин ёмон одатлар ҳам борки, уларнинг ҳайитга умуман алоқаси йўқ. Шулардан биттаси тўп-тўп бўлиб таъзияли уйларга фотиҳахонлик учун юриш бўлса, иккинчиси яқинда қиз узатган оилаларнинг қуданикига тоғора тўла таомлар, сарполар юборишидир. Аллоҳ Қурбон ҳайитини ана шундай ножоиз одатларсиз, шарафига муносиб ўтказиш саодатини барчамизга насиб этсин.
Айём муборак бўлсин!
Зумрад Фозилжон қизи тайёрлади.