Грузияда «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунга қарши маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлга олинган барча намойишчилар қўйиб юборилди, деб хабар қилди мамлакат ИИВ.
«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан ушланган барча шахслар озод этилди. Қўлга олинганларнинг бир қисми судга тортилди, қолганлари эса тергов изоляторида ушлаб ўтириш муддати тугагани сабабли озод қилинди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги муқаддам судланган шахсларнинг жавобгарликдан озод қилинган ёки озод этилганига аниқлик киритмаган. Шунингдек, бошқарма Жиноят кодексининг 353 ва 187-моддалари асосида полиция ходимларига нисбатан зўравонлик ишлатиш бўйича қўзғатилган жиноят ишлари юзасидан тергов ҳаракатлари, жумладан, гумонланувчиларни қидириш давом этаётгани ҳақида хабар берган.
Аввалроқ ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси ва «Халқ кучи» жамоат ҳаракати биринчи ўқишда қабул қилинган «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини парламентдан чақириб олиш қарори ҳақида баёнот берган эди. Баёнотда айтилишича, қонун лойиҳаси жамиятда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.
«Хорижий агентларни рўйхатга олиш тўғрисида»ги иккинчи қонун лойиҳаси 9 март куни Грузия парламентарлари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилиши керак эди. Бироқ, «Эхо Кавказа» хабар беришича, у овозга қўйилмаган ҳамда ялпи мажлисда муҳокама қилинмасдан Венеция комиссиясига юборилган.
7 ва 8 март кунлари «хорижий агентлар» ҳақидаги қонун лойиҳасига рози бўлмаганлар Тбилисидаги Грузия парламенти яқинида норозилик намойишлари ўтказди. Маҳаллий матбуотнинг ҳисоб-китобларига кўра, намойишларда 40 мингдан ортиқ одам қатнашган. 8 март куни намойишчилар Грузия парламентига бостириб киришди.
Полиция намойишчиларга қарши тутун ва кўз ёш оқизувчи гранаталар, газ, сув зарбалари, акустик тўплар ва резина ўқлардан фойдаланган. Мухолифат ҳокимиятни намойиш куч билан тарқатилганини оқлаш учун оломон орасига провокаторлар киритишда айблади. Жами 133 киши ҳибсга олинган, жароҳатланганлар сони ҳозирча номаълум.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили мамлакат фуқароларига мурожаатида намойишчиларни қўллаб-қувватлади ва «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга вето қўйишга ваъда берди. “Мен сизларга, бугун тунда Руставели устида турганларга мурожаат қиламан, ўзим ҳам кўп марта турганман. Мен сизнинг ёнингиздаман, чунки сиз эркин Грузия - озод Европага интилаётган мамлакат вакилисиз ва уни ҳеч ким тортиб ололмайди. Бу қонун ҳеч кимга керак эмас, у Москванинг талаби билан ёзилган”, деди у.