Туркияда жойлашган ислом уламолари ва муаллифлар уюшмаси сешанба куни Исроилнинг Рамазон ойида Ал-Ақсо масжидига уюштирган ҳужумини қоралади, деб хабар бермоқда Анадолу ахборот агентлиги.
«Исроилнинг Ал-Ақсо масжидига уюштирган сўнгги ҳужумини кескин қоралаймиз. 2023 йилнинг 5 апрелида, муқаддас Рамазон ойида амалга оширилган бу ҳужум Исроилни “террорчи давлат” деб эълон қилинишини яна бир бор оқлайди, деб ҳисоблаймиз», дейилади ташкилот раҳбари Айбир Фотиҳ Савасан баёнотида.
«Исроил Рамазон ойида одатий ҳолга келтирган бундай ҳужумлар билан нафақат фаластинлик мусулмонларни қўрқитаётгани, балки бутун дунёдаги барча мусулмонларни ҳам ғазаблантираётгани аниқ», - дея қўшимча қилган у.
Баёнотда қайд этилишича, Исроил ишғол қилинган ҳудудларда ўзининг энг экстремал ҳаракатлари билан инсон ҳуқуқларини бузишда давом этмоқда.
«Инсон ҳуқуқларининг поймол қилинишига оид бу хатти-ҳаракатлар ҳозиргача жазосиз қолаётгани инсоният учун қайғули бўлсада, Исроил ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари ва бу қоидабузарликларни жойларда содир этганлар жавобгарликка тортиладиган кун албатта келади», — дейилади хабарда.
У, шунингдек, ислом давлатларини ушбу ва шунга ўхшаш ҳаракатларга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий тергов бошлашга чақириб, барча нодавлат ташкилотлар тегишли миллий ва халқаро органларга мурожаат қилиб, суд жараёнини бошлаши кераклигини қўшимча қилди.
Мусулмонлар учун Ал-Ақсо Исломдаги учинчи муқаддас жойдир.
Исроил 1967 йилги араб-исроил уруши пайтида ал-Ақсо жойлашган Шарқий Қуддусни эгаллаб олган. 1980 йилда улар бутун шаҳарниишғол қилди ва бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳеч қачон тан олинмаган.