Абу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолатдаги бир ҳадисни ривоят қилганлар. Мусо алайҳиссалом эллик минг Баний исроилликлар билан Байтуллоҳни ҳаж қилганлар. Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, бирор пайғамбар эҳромсиз Байтни тавоф қилмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Макка фатҳидан бошқа барча ўринда эҳромсиз ҳарамга кирмаганлар.
Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ “Шуъаби иймон”да Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан мурсал ҳолатдаги бир ҳадисни нақл қилганлар. Унда айтилишича, Иброҳим алайҳиссаломга Байтни белгиси айтилганда, уни таъмирлашга киришдилар ва уни ўз ниҳоясига етказганларидан кейин Байтни ҳаж қилдилар. Шундан кейин, Иброҳим алайҳиссаломдан кейин келган барча пайғамбарлар Байтни зиёрат қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мусо ибн Имрон эллик минг бани исроил ичида ҳаж қилдилар. Эгниларида қатвониянинг икки абоаси бор эди. У “Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка тааббудан ва риққан лаббайк. Ана абдука ана ладайка, ладайка яаа кашшаафал кураби” деб талбия айтдилар. Бас уни тоғлар ижобат қилди”. Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўтган пайғамбар ва умматлардан бирортаси Байтга эҳромсиз кирмаганлар” деб ривоят қилиб: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Макка фатҳидан бошқа бирор ўринда эҳромсиз кирмаганлар” деди.